Дўстинг бўлса юкинг ерда қолмайди


Маънавият сабоқлари


   Талабаликда бирга ўқиган қўқонлик дугонам ўғлига хатна тўйи қилиб бизларни тўйга таклиф этди. Фурсат топган курсдошлар тўйга бордик. Ширингина бўлиб ўтган тўйнинг энг аҳамиятлиси биз курсдошларнинг дийдорлашганимиз бўлди. Водийлик курсдош қизлар, воҳалик йигитлар, самарқандлик дўстлар тўй баҳона учрашдик. Ўша тўйда мени таажжубга солгани дугонамнинг 80 ёшли момоси бўлиб, ўша момонинг пойтахтда яшовчи дугонасининг атайин шу тўйга келгани бўлди. 
  Қаранг, анча йиллар илгари икки дўст бир хафта муддатда икки қишлоқдан уйланадилар. Янги келинлар турмуш ўртоқлари каби дўст бўлишга аҳд қиладилар. Орадан йиллар ўтади, ҳар икки оила фарзандли бўлади тинч-хотиржам ҳаёт кечиради. Тақдир тақозоси билан дўстларнинг бири иш юзасидан пойтахтга кўчиб келади. Ён қўшни жон қўшни бўлган, керак бўлганда бир қозонда овқат еб, бир кийимни кийиб улғаяётган, ҳамма хавас билан қарайдиган икки оила икки томонга ажралади. Энди нима бўлади. Дўстлар - шу кунга қадар дўстлигимиз завол билмади, фарзандларимиз ака-укадек катта бўлишяпти уларни ажратмаслик лозим. Тўй-маъракаларда, яхши кунларда тез-тез учрашиб турамиз. Орамизга ҳеч қандай масофа тўсқинлик қилолмайди – деб келишиб оладилар. Ёзги таътил пайтида тошкентликлар қишлоққа бобоникига эмас айнан даданинг дўсти амакиникига, мактабни тамомлаган қишлоқликлар эса пойтахтдаги амакиникида яшаб, ўқийдилар. Улар ўртасида ҳеч қачон сеники-меники бўлмаган. Оталар рахматли бўлиб кетибди, аммо ўша дўстликни  бугун фарзандлари давом эттирмоқда экан. 
  Ўзингиз тасаввур қилинг, 80 ёшли момо дугонасининг эвара тўйига довон ошиб боргани наҳот сизни ҳайратлантирмаса. Мана дўстликнинг баҳоси нақадар улуғ. Дўст шундайки, суҳбатингни малол олмайди, узоқда юрсанг унутмайди, бойлик ва камбағалликда ўзгармайди, ҳожатинг бўлса амалга ошириш учун жон-жаҳди билан курашади, яхшилигини миннат қилмайди, бирор ҳожати бўлса сендан яширмайди, аҳволини сир тутмайди, сенга қанча кўп яхшилик қилса, уни шунча кам дейди. Бу ўша 80 ёшлик пойтахтнинг Тинчлик даҳасида истиқомат қилувчи Саломатхон момонинг гаплари.
  Бир куни ишдан қайтаётиб таксига ўтирдим. Ҳайдовчи 60 ёшларни қоралаб қолган амаки экан, биз ҳаёт ва ўлим ҳақида суҳбатлашиб кетдик. Амаки, ўлим ҳақида гапирганда негадир хавотирланиб гапирарди, шунда сўрадим, - нима амаки ўлимдан шунчалик қўрқасизми?
-  Йўқ, қизим нега қўрқай, ахир бир бошга бир ўлим бор-ку?
-  Унда нега ўлимни эслаганда бошқача бўлиб кетяпсиз?
-  Бунинг ўзига яраша сабаблари борда?
-  Тўғри, ҳаёт ширин, яшаш завқли, ҳеч кимни ўлгиси келмайди-да.
-  Йўқ, қизим бунинг учун эмас, менинг елкамда қиёмат қарзим бор, ўша қарзни узмай туриб ўлиб қолишдан қўрқаман.
-  Сир бўлмаса қандай қарз экан амаки сизни ўлимдан-да узоқлаштирса,
- Э, болам бу ҳақида ўйласам юрагим оғрийди. Мен дўстимдан ажралганман, тўғрироғи дўстимни йўқотганман. Сен дўст йўқотиш нималигини биласанми? Билмаганинг яхши, болам. 
  Биз Азиз билан ён қўшни эдик, бир мактабда ўқидик, бирга катта бўлдик. Бир майизни тенг бўлиб едик. Ҳатто тўйимиз ҳам 3 кун фарқ билан бўлди. Турмуш ўртоқларимиз ҳам бахтимизга меҳрибон чиқди, менда 4 фарзанд 2 ўғил 2 қиз, дўстимда эса 2 қиз ва 1 ўғил эди.  Ҳаётимиз яхши, бахтиёр эдик, бизга ҳамма хавас билан қарарди. Дўстим оилада ёлғиз ўғил эди шу сабабли ҳам кўпроқ менга суянарди. Тақдирни қарагинки, дўстимга дард илашди, дардки давоси йўқ. Дўхтирлару, табиблар ҳеч ким қолмади уни олиб бориб кўрсатмаган афсуски фойдаси бўлмади. Дўстим сўнгги кунларини ўтказаётганда менга – дўстим, сенга оилам ва фарзандларим тақдирини омонат қолдиряпман. Сен мен учун ҳам яша, сўнгги илтимосим, дўстлигимиз ҳурмати фарзандларимни ўз фарзандларинг қатори кўриб уларни келажакда ўз ўрнини топишида, турмуш қуриб бахтли бўлишида бош бўлишингни хоҳлайман. 
-  Дўстим, бу нима деганинг, ҳали биргалашиб тўйлар қиламиз, набиралар кўрамиз. Кексайганда болаликдаги шўхликларни эслаймиз, ҳали отдай бўлиб кетасан, ахир дард меҳмон-ку, нега тушкунликка тушасан?
-  Йўқ, умрим поёнлаб қолди, бу ёғи сенга омонат дўстим. Сени у дунёда туриб дуо қиламан. Руҳим доим сен билан бирга бўлади, унутма.
  Шу бизнинг сўнгги суҳбатимиз бўлди. Дўстим омонатини топширди. Шунга ҳам 15 йил бўлибди. Мен фарзандларимни барчасини уйли-жойли қилдим. Ўша дўстимни ўртанча қизини кенжа ўғлимга келин қилдим. Энди дўстимни кенжа фарзанди қолди. Шу қиз жойини топса, тўйларини ўтказсак мен ҳам хотиржам бўлардим дейманда. Шунга айтаман ўлим шошмай тур деб, сен бўлса ўлишдан қўрқасизми дейсан.
- Амаки, мен сизни яхши билмаганим учун шу фикрга келгандим-да. Мана энди тушундим ва сизга хавасим келяпти. Ахир сиз чексиз савобга эга бўлиб у дунёнинг жаннатига кафолат олиб бўлибсизку, -дедим амакига хавас билан боқиб. 
  Қаердадир ўқигандим дўст худонинг исмига яширинган бўлади деб. Мана ҳақиқий дўст худога қанчалар яқин бўлади. Ўзи учун эмас дўсти учун яшаб юрган мана шу кичкина жуссали нуроний отахон назаримда дўстликка қўйилган тимсолга ўхшади. Шунинг учун айтсалар керакда ҳалол одам учун дўстларга яхшилик қилишдан ҳам зарурроқ лаззат йўқ деб. Чунки ақлли одам ҳамма нарсасидан жудо бўлса ҳам дўстидан воз кечмайди. Мустаҳкам дўстлик эса ҳамиша мушкул дамларда юзага келади. Одамларга доноликдан сўнг бериладиган неъмат бу бебаҳо дўстликдир. Шу сабабли дўстсиз одамни ғариб дейдилар. Ниятимиз дўстлик ришталари ҳеч қачон завол топмасин. Доимо йиқилсак суягувчи, ютуғимиздан қувонгувчи, бизни ўзимиздай билгувчи, самимий меҳр соғингувчи дўстларимиз бор бўлсинлар, омон бўлсинлар. Биз эса дўстликни ардоқлаш саодатидан сармаст яшайлик.


Феруза  ОРИПОВА,
Журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Изоҳлар
"ҲОЗИР ЭНГ ХАВФЛИ ҚУРОЛ - ИНСОН!"
Адиба доим изланишда, бир сония вақтини ҳам бекор ўтказмайдиган ижодкорларимиздан. Кўпроқ жаҳон адабиётини, классикани ўқийди. Таржима қилади.Таҳлил
Меҳрлар қоясида унган Лола
Инсон дунега келар экан, агар унм ўзи ҳис қилмаса, атроф- муҳитга , ўз фаолиятига эьтиборсиз, оиласини улуғламаса, дўстларини тан олмаса, билмадим у
Жамила Шермуҳамедовага табрик
Ассалом алейкум Жамила онахонимиз сог саломат,Узок умр курсинлар Иллохим.Зур Психолог ва ажойиб инсонлигигини Давлат тадбирида 1 марта куриб шохиди
Жамила Шермуҳамедовага табрик
Ассалому Алейкум Музаффаржон, Зульфияхон ва барча мени қутлаб, эслаб, дил изхорларини ҳадия қилганган азиз қадрдонларим, эьтибор ва эҳтиром учун
Азиза Ташходжаева билан суҳбат.
Ассалом алейкум менга маслахатиз керак еди. Мени ëшим 25 да 3 нафар фарзандим бор охирги фарзандим 4 ойлик. Мен охирги фарзандимни Россияда тугдим
Маълумот