КЕЛИНИМ СОҲИБЖАМОЛГА!
КЕЛИНИМ СОҲИБЖАМОЛГА!
Кулиб турар истарали, иссиқ юзли,
Тилларидан бол томади, ширин сўзли,
Иффати бор, Кумушдайин гўзал нозли,
Айланайин, қора қош, кўз келинимдан.
Қайин опа, синглисига ҳурмати бор,
Келинликнинг иззат нафси, чўққиси ор,
Икки дунё саодат бер, бўлмасин хор,
Айланайин қора қош, кўз келинимдан.
Кўтарилар хизматидан кўнглим тоғдай,
Рўзғоримни файзи бўлак гўзал боғдай,
Дон бераркан энг палаги тоза бўғдой,
Айланайин, қора қош, кўз келинимдан.
Ўғилгинам бирам инжиқ, бирам тантиқ,
Сўзларидан ҳеч топмайман бирон мантиқ,
Келингинам суяр уни мендан ортиқ,
Айланайин қора қош, кўз келинимдан.
Неварамни эркаласа кўнглим тўлар,
Қовоқ уюб гапирсам ҳам кулиб қўяр,
Кўнглим сезар онасидек мени суяр,
Айланайин қора қош, кўз келинимдан.
Бирам хушруй, чеҳрасида нури бордир,
Рўзғоримда энг олий бахт, ўрни бордир,
Неваралар боғлаб турган тўри бордир,
Айланайин қора қош, кўз келинимдан.
Аллоҳ ўзин севганига бандам деркан,
Менга шундай ақли расо келин берган,
Қайноналик мартабаси улуғ экан,
Айланайин қора қош, кўз келинимдан.
Айланайин шуни берган Аллоҳимдан.
Комила ҲИЛОЛ.
Музаффар Муҳаммадназар фотоси.
Суратда: Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг раққосаси - Соҳибжамол Абдувалиева. (Шоира - Комила Ҳилолнинг келини).