ИЖОЗАТ БЕРИНГ


ИЖОЗАТ БЕРИНГ

Яшашга ижозат беринг, Азизим,
Узоқ қайғуимдан гунг қалбимгача.
О, беринг, севишни ақлдан озиб,
Бу ёлғон умримдан то қабримгача.

Ўзингиздан кечиб келинг ўзимга,
Қисматим шудир оҳ, бўлмоқлик қурбон.
Қон билан, сут билан ўсганлар, айтсин,
Севги ақл билан чиқишган қачон?

Бахт -- бу аҳмоқликда, телбаликда, ҳа,
Севмаган одамда хато қайдадир?
Ҳаётнинг нафаси мен туғилганда,
Сиз мангу уйқуга кетган жойдадир.

Тубанлик устида қад кўтарган тик
Туганмас зулматнинг ибтидосиман.
Дўзах ва жаннатга олиб боргувчи
Балки мен дунёнинг интиҳосиман.

Фақат битта танлов: севги ва ўлим,
Унутмоққа кучли, эслашга ғариб.
Ё, менинг кўксимда ухланг абадий,
Ёки жавоб беринг: "Мен тирикман!..", деб!

ҚИСМАТ

Мен - Ҳайём жомидан тўкилган шароб,
Ҳаллож доридаги ечилмас тугун.
Лайлиман Навоий севиб яратган,
Қодирий йиғлатган Кумушман беун.

Эркаклар зотига эрмак Шарлотта,
Ўша Алисаман олтин сочли қиз.
Шекспир қўлида ўлган Жульетта,
Шаҳзодасин кутган малика ёлғиз.

Иссиқ Жанубдаги Шаҳризодаман,
Совуқ Шимолдаги оқ юзли санам.
Дездемонаман мен Отелло каби
Ҳаммадан рашк қилар Соҳиби карам.

Менсиз зерикарли ҳатто жаннат ҳам,
Дўзахни ёндирган кўнглим бахайр.
Шубҳа билан қараб боримга доим,
Йўғимда ахтарган сенмисан, шоир?

Ичингдан тўқиган бир афсонангман,
Ғам чекиб яшайман ҳаётда беҳад.
Жавоб бер, излаган сенми, йўқ, шоир,
Ким мени истаса топади, албат!


ОНАМГА БОРАМАН...

Ким бор онамдек ҳар лаҳза йўқлаган,
То рўзи қиёмат ғамдан сақлаган,
Гуноҳкор бўлсам ҳам доим оқлаган,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Бу қизғин бозорда қандай матоман,
Ҳурману бошидан-оёқ хатоман,
Юз фитна жаҳонда кимга атоман,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Нуҳ, Исо эмасман -- тақдир билгучи,
Аллоҳ меҳри билан исинтиргучи,
Ўлган бу руҳларни тирилтиргучи,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Ошиқлар азалдан маст-аласт келмиш,
Кўнглини бой бериб, майпараст келмиш,
Сиз баланддан келинг, дунё паст келмиш,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Менга Ҳақдан яқин буни билмайди,
Бору йўқ қайғусин Ҳаққа сўйлайди,
Бахтсиз бақода бахтли деб ўйлайди,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Одам бўлмади ҳеч мендек савдойи,
Афсона, девона, соқий, ҳавойи,
На бу дунё, на у дунё шайдойи,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

На тоат, на тақво томондаман, воҳ,
На найза отилган камондаман, воҳ,
На эски, на янги замондаман, воҳ,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Бир бетайин ишқ деб жони ҳалакман,
Шу ишқ деб ўлгучи гулман, малакман,
Онам учун ақлсиз бир гўдакман,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Онамга бораман тош, муз дўллардан,
Қора шамоллардан, қора селлардан,
Қимматли йўллардан, оғир йўллардан,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Бу йўл дўстдан дўстга қадар омонат,
Одамдан одамга кадар омонат,
Султонга, гадога модар омонат,
Агар дўст бўлсангиз, онамга айтманг.

Адиба УМИРОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот