Аёлга бахт беринг!


Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
Ой юзлари кулиб турса-да…

Кўнглини кўтаринг ҳеч бўлмаганда,
Қўлини силашга шафоат топинг.
Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,
Ёшини артишга мурувват топинг.

Ногоҳ ерга тушса оппок рўмоли,
Босиб ўтмасликка шафоат топинг.
Чақалоқ ялаган этакларини
Тоза деб айтишга адолат топинг.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Иллоҳи нур топинг, ҳидоят топинг.
Иллоҳи бахт берган аёл ёнидан
Бахтиёр ўтмокқа иноят топинг.

Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ қўрғонсиз
Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин.
Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз,
Итлар тишламасин юраккинасин.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,
Аёлга бахт беринг, саодат беринг, —
Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.

  Зулфия МЎМИНОВА - "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира .
 Олий тоифали сухандон, актриса - Мавлудахон Аҳмедова ва Музаффар Муҳаммадназар ижросида. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот