12 Май
Қўчқор НОРҚОБИЛ
12 Май
Ҳикоя
Бу ҳикояда ҳеч нарса қўшмадим; бор гапни ёздим. Ичимдаги оғриқ ҳалал берди, уялдим — воқеани “бежаб-тежаб”, бадиийлик қиламан дейишга. Бу нарсани ҳикоя десангиз ҳам, демасангиз ҳам ўзингиз биласиз. Реал ҳаёт. Дўстларим ҳам ҳикояда айнан ўз қиёфаси билан пайдо бўлди. Исми ҳам ўзгармади.
Хуллас, ошналарим меникида, дала ҳовлимда тўпланишди. Менинг туғилган кунимни нишонлаймиз. Бугун — 12 май. Йўқ, аслида мен 5 март куни туғилганман. 12 май эса менинг ўлмай қолган, бу дунёга қайта келган куним! Барчамиз тўпландик. Фақат Ринат билан Нурмахон йўқ. Уларни кутаяпмиз. Аниқроғи, Нурмахонга Янгийўлдан Ринатни олиб келиш вазифаси топширилган. Ана келади, мана келади, деб йўлга қараймиз.
— Бу Нурмахон қозоқ Ринатнинг уйини тополдимикин?,— дейди Мўмин.
— Топади. Қанчалаб жанговар топшириқларни бажарган одам учун Ринатнинг манзили қаҳат бўптими?, — жилмаяди Саид.
Келинг, оғир бўлса-да ўша машъум воқеани айтиб берайин.
...Ўшанда атрофимдагиларнинг ҳаммаси ўлди. Қаерда бўларди — урушда. Афғонда ҳалок бўлишди. Сапёр ва унинг ити, тўрт нафар пиёда аскар, алоқачи ҳамда артполкдан қўшилган корректировкачи. Биз пиёдалар жанговар машинасида, ун жангчи эдик. Хуллас, етти нафар ўғлон шу жангда ўлди, аниқроғи, ўлдиришди. Учаловимиз тирик қолдик — механик-ҳайдовчи Ринат, взвод командири лейтенант Ермилин, мен.
Бизни қуршаб олишди. Пиёдалар жанговар машинасини гранатамёт билан ҳар томондан уриб ташлашди. Зўр келса, шундай қалин зирҳли техника ҳам дангу дунг бўлиб, тоғарадай тешилиб қоларкан. Нафасим қайтиб БМП-2 ичидан зўрға чиқиб, ўзимни ариққа отдим. Автоматим ҳам машина ичида қолиб кетибди. Ариқ ичида ётиб биз томон келаётган “дух”ларни кўриб турардим. Улар мени пайқашди. Тириклайин қўлга олишмоқчи эканлигини сезиб, вужудим музлаб кетди. Ўзимни отиб ўлдирай десам, қўлимда қурол йўқ. Шунда эмаклаб бориб ўлиб ётган сапёрнинг автоматини олиб, анавиларга қарата ўқ уздим. Шошганимдан теккизолмадим. Машина тагида ётган лейтенант Ермилин бақириб юборди. У оёғидан яраланганини кейинчалик билдим.
Бироқ у бостириб келаётганларга қарата тинимсиз ўқ отарди. Мен қичқирдим:
— Ўзингиз учун битта ўқ қолдиринг. Бизни ушлаб олишади.
— Қочамиз, — бақирди у.
Шу пайт Яратганнинг қудрати билан ёнимизда танк пайдо бўлди. Башня устида ўтирган майор ДШКдан ўқ отиб бизни ҳимоя қилди. Қўрқмаганини қаранг, қиёмат-қойимнинг ичида танк башнясида қўққайиб ўтириб “дух”ларга қирон келтираяпти. Бу пайтдан фойдаланиб, танк панасидан қочиб чиқдик, БМП-2 занжири остига беркинган механигим Ринат ҳам отилиб чиқиб бизга қўшилди. Лейтенант Ермилин жон уҳмида оқсаб югурар, танкдан қолиб кетмасликка уринарди. Биқинимга тирноқдайгина осколка (темир парчаси) кириб кетган экан, ўзим суғуриб ташладим.
Хавфсиз жойга қочиб чиққанимиздан сўнг танк башняси устида ўтирган майор жилмайиб қўйди. Кейин танк яна жанггоҳга кириб ғойиб бўлди. Мен майорнинг ўша табассум балққан чеҳрасини бир умр ёдимда сақлаб қолдим. Ҳозир ҳам шуларни ёзаяпману, у тепамда жилмайиб қараб турибди.
Жангдан сўнг автоматимни разведкачилар олиб келишди. Машина қолиб кетди. Автоматим машина ичида қўндоғи пастда, учи тепага қаратилган ҳолда махсус жойда ўрнатилган эди. Қурол мили ўнг биқинимга тиркалиб турганди. Шу бош бармоқдайгина мил менинг ҳаётимни сақлаб қолганди, йўқса биқинимни снаряд парчаси ёриб юборарди.
Мили тешилган қуролимни қўлимга олиб, баттар карахт бўлдим.
Хуллас... Ўша дунёмиз остин-устун бўлган кунни, мана, Дўрмондаги дала ҳовлида тузалган дастурхон атрофида йиғилган қуролдош дўстларим — тошкентлик Мўмин, Саид, Исмат ҳамда фарғоналик Бекмирза, Нурматжон, Муҳаммад билан эслашиб ўтирибмиз.
Биз озгина бошни қизитиб ҳар хил гапларни гапирамиз. Ўлиб кетсин, барибир гапимиз урушга бориб тақалади. Беҳи тагидаги супада бизни кузатиб отам ҳам ўзича бош чайқабгина қўяди.
— Отамни чақирайлик, — дейди Мўмин, — нега ўзлари ёлғиз ўтирибди?
— Мен роса ялиндим, келмаяпти, сен бориб айтиб кўр, — дейман Бекмирзага.
Йўқ, ошналаримнинг шунчалик қистаганига қарамай, отам келмади.
— Мен отлична ўтирибман, воо!, — деб бош бармоғини кўрсатди, — ўзларинг бемалол!
Туғилган кун давом этаяпти. Мен сезиб турибман, ҳаммамизнинг юрагимизни бир ҳаяжон чўғи куйдираяпти. Биз Ринатни кутаяпмиз. Ҳа, ўша механигим Ринатни! Ахир бугун унинг ҳам туғилган куни, ахир унинг ҳам бугун бир ўлимдан қолган куни.
Мен Ринатни жуда-жуда кўргим келаяпти. Қаттиқ соғинганман. Ҳазил ишми, икки йилга яқин битта машинада жанг қилиш. У жуда моҳир механик эди, камина ҳам оператор-отувчиликда ҳеч кимдан кам эмасдим. Не бир қиёмат-қойимни бошимиздан кечирмагандик. Оғир жанг пайти бир-биримизни сўзсиз тушунардик. Неча бор қуршов, неча бор минага тушиб омон қолгандик.
Урушдан сўнг қуролдошлар тўпланишиб турдик. Бироқ, Ринат қўшилмади. Гоҳо у, гоҳо бу ташвишни баҳона қилиб, ўзини тортгандир, эҳтимол. Уни кўрмаганимга йигирма йилдан кўпроқ вақт бўлганди. Ўзгариб кетгандир, деб ўйлайман, ўзимча.
— Мен анави ерда бекиниб тураман, стулга ўтириши билан устига бир челак сув қуйвораман, — дейди Мўмин.
— Мен ўзимни таппа ташлаб ётиволаман. Кўпроқ ичиб ўлиб қолди, дейсизлар, — дейди Бекмирза.
— Мени танирмикан, ишқилиб? — ҳаяжонланади Нурмат.
— Сенинг нимангни танимайди, — дейман мен.
— Ахир ўзинг ўтган гал Бекмирзани танимай, унга анграйиб турдинг-ку, — гапга қўшилади Саид.
— Сўнг йиғлавординг, шоир. Роса кўнглинг юмшаб қолибди, — илжаяди Мўмин.
Барчамиз қадрдонимизни интиқлик билан кутаяпмиз.
— Бу қозоқ Нурмахон унинг уйини топиб боролдимикин?
— Нега топмайди. Айтдим-ку, топади.
Супадан отамиз ярим ёнбош бўлиб, бизга қизиқсиниб қараб-қараб қўяверади. Бизнинг ўша ўн саккиз, йигирма ёшга қайтиб қолганимизни ҳис қилиб жилмаяди.
Темир дарвоза тарақлаб очилиб Нурмахон кириб келади.
— Ринат қани? — ҳовлиқади Мўмин.
— Эшик ортида бекиниб тургандир, номард, — Сайид дарвоза томон югуради.
Нурмахон жим. Юзида ранг йўқ.
— Ринат қани? — чинқиради Мўмин.
— Менга сув беринглар, — инграйди Нурмахон.
— Гапирсанг-чи, — тайсаллайди Сайид.
— Кечикдик. Кеч қолдик, — Нурмахон кафти билан юзини тўсади. — У энди йўқ! Ўзини осиб ўлдирибди. Бир ҳафта олдин ўзини осибди.
Турган жойимда бир силтанаман, оёқ-қўлим бўшашиб, қўлимдаги пиёла ерга тушиб чил-чил синади. Лаҳзада жанг олдида рўй берадиган ўлик сукут чўкади. Супа томондан отамнинг аянчли овози эшитилди:
— Болаларим-а, эссизгина болаларим!!!
Биз оғир жангдан абжағи чиққан, мағлубият азобини тортган аскарлар каби ҳолдан тоямиз. Мўмин мени қучоқлаб олади, ўксиб-ўксиб йиғлайди. Бошқалар ҳам нима қиларини билмай гарангсиб қолишган. Мен карахт бўлиб супага қарайман, отам гандираклаб ўрнидан туради-да, ичкари уйга кириб кетади.
— Нега ўлади?, — ҳиқиллайди Нурматжон.
— Вос-вос бўлиб қолган экан...
— Бу ланъати уруш бизни ҳеч қачон тинч қўймайди, — ижирғанди Саид.
Биз йўлга тушдик. Кечқурун Янгийўлга бордик. Эшикни очган ўсмир қаршисида барчамиз анграйиб қоламиз.
— Ринат, Ринатжон!, — Саид уни қучиб ўкириб юборади.
Ўғлон қуйиб-қўйгандай Ринатга ўхшайди. Ринатнинг ўзи.
— Мен... мен ўғлиман, — татрайди ўсмир.
— Туғилган кунинг муборак бўлсин, Ринатжон, — ўкирган кўйи уни бағридан бўшатмайди Саид.
Мен деворга суяниб ўтириб қоламан. Кимдир мени суяб ўрнимдан турғазади.
...Бугун 12 май. Ринатнинг ҳам туғилган куни эди.
Сурат: 1987 йил 12 май. Жангдан сўнг.