Мени бу Дунёга ишонманг!


   Мени бу Дунёга ишонманг! Мени бу Дунёга қолдириб кетманг. Шамоллар синдириши мумкин кўнглимни! Ёмғирлар чўктирар ернинг остига. Наҳотки, наҳотки билмадингиз, ҳар-бир инжиқлигимда, ҳар-бир сўзимда муҳаббат борлигини, муҳаббат яширинганини! Соғинч мени кундан-кун адойи тамом қилаётганини, наҳотки, билмадингиз? Мен кимга айтишим мумкин эди бу ҳакда? Энг ишончли одам - Онам мени тушунмаганда, яна кимга оғиз очишим мумкин эди? Ўзингиз айтганингиз каби, бу ҳаётни ушлаб туролмаймизку... Бу дунёни олдимизга солиб қуволмаймизку... Ҳаётнинг оёқларига бош қўяйми? Дунёнинг этакларига осилайми? Нима қилай, нима десангиз, ҳаммасини қиламан! Мен энди буткул мен эмасман! Бошқа одамман! Бошқа одам бўлиб туғилдим бугун! Сиз мени кандай кўришни истасангиз- Ўшаман! Энди мен Сиз истаган одамман! Сизнинг истагингизман! Энди мен Сизман! 

1990 йил. Октябрь.
Кўз ва Сўз қурбонлари

  Дунёда ҳамма нарса унутилади... Ҳамма нарса эсдан чиқади! Унутиш мумкинмасдай туйилган энг яхши хотиралар ҳам йиллар ўтгани сайин ўтмишга айланади. Лекин, Сенинг кўзларингни унутиб бўлармикан? Мен ўшанда ҳам бу кўзларга қарашга кучим етмаганди... Эрталаб Сени қандай рад этган бўлсам, ҳеч қанча вақт ўтмасдан мен сенинг итоаткор қулингга айланган эдим. Эсингдами? Нима учун деб ўйлайсан? Ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Ўшанда сенинг кўзларинг менга кўп нарсалар ҳақида гапирди! Кўзингдан тушган ҳар бир юлдуз Сўзга айланди... Мен эса шу сўзларнинг қурбонига айландим...  Энди иккимиз ҳам бир умр шундай яшаймиз! Кўз ва Сўз қурбонлари!

Кўзимдаги ёмғирлар

 Қор ёғмоқда... бошдан товоним қадар қорнинг ичидаман. Менинг сўзларимни нотўғри тушундингиз, нима ҳам қилардимки, тушунтиролмасам... Ўша куни шу қадар жазавага тушдимки, ўзимни иккинчи кават ойнасидан отиб юборишимга оз қолди. Аммо, тўғрисини айтишим керак, Сизни айбламадим! Сизни тушундим! Сиз жуда ақллисиз, мен ўйлаганимдан минг карра кўп... миллион баробар кўпроқ ақллисиз. Сизни жуда яхши кўраман! Иккимизнинг илоҳий туйғуларимиз бир ерда бирлашган, бунга шак-шубҳа йўк. Иккимизни тақдир тақдирлаган, иккимизни ҳаёт учраштирган! Бўлди, биз бошқа нарсаларни ўйламаймиз! Агарки, тақдир тақдирламаса, учрашиш мумкинмиди, севиш мумкинмиди? Дунёда қанча одамлар бор, ёнимиздан бир кунда қанча одамлар ўтади... худди шуларнинг бири каби ўтиб кетиш хам мумкин эди. Худога шукр, ўтиб кетмадик! Ўтиб кетаётган Ҳаётни ўзимиз билан олиб қолдик! Биламан, ҳозир Сиз жуда дарғазабсиз! Кўнглингизга чироқ ёкса ёришмайди. Ташкарида ёғаётган қорнинг хам Сизга қизиги йук. Фақат бир гапни айтай, бу Дунёда бирор бир олижаноб буюк қалб бўлса, ўша Сизники! Агар бу Дунёда биргина садоқатли ва бахтли юрак бўлса, ўша меникидир! Хеч қачон, хеч қачон унутманг, унута кўрманг, мен Сизни бир умр яхши кўраман! Сизнинг ғамга ботган каби кўринган маьюс кўзларингизнинг туб-тубида менга аталган муҳаббат бор. Сиз оввора бўлманг, мени унутишга харакат қилиб ўтирманг, барибир унутолмайсиз! Илоҳий муҳаббат Аллоҳ томонидан берилади, Аллоҳ бергани эса абадийдир! Мактубимга нуқта қўйишни истамаяпман! Худди Севгимга, Ҳаётимга нуқта кўядиган каби! Айтгандек, кеча бир шеьр ёздим. Ўшанда ҳам худди шу ҳолатим акс этди. Қорлар ёғиб турди шеьримга. Кўзимдаги ёмғирлар билан нуқта кўйдиму додлаб юбордим! Сизни жуда яхши кўраман!

Ноябрь, 1989 йил.

Кундаликдан.

ЁЗАСАН, ДЕБ АЙТ
   
 Сенга суяниб ўзимни кўтармоқчи бўляпман, зинҳор ўзингни олиб қочма… Таскин бер! Бугун ёзмасанг, эртага, албатта, ёзасан, деб айт. Ёзишимга мени ишонтир.
   Менинг ҳаётимга сен шаҳдам қадамлар билан кириб келганинг йўқ, Сен мен билан бирга туғилгансан. Тўғри, Сен урушда бўлдинг… Мен курашларда омон қолдим. Йўлларим дўстларим ўйлаганчалик равон эмас. Баъзан йиқилиб ўлишга, баъзан ўлиб йиқилишга тўғри келади. Мен ҳар куни умримнинг қайсидир йўллари билан хайрлашгим, қайсидир йиллари томон кетиб қолгим келади. Оғир сукунати билан ўлимни эслатиб турувчи тирилтириш хоналарида Сенинг ёш томчилаган кип­рикларингга осилиб тирилганман. Бирдан тирилиб қолганимни кўрган шифокорлар ёқа ушлашгача боришган. Мен бутун борлиқни ўша кундан кейин яхши кўриб қолганман. Дарахтларидан тортиб қушларигача юрагимга қамаб қўйганман.
  Дунё билан келишолмай қолган кунларим мен сенинг юрагингга рухсатсиз кирай, изн бер. Изн бер, мен Сени олдингидан ҳам кўпроқ муҳаббат билан севай.
 
АДАБИЁТ ИБОДАТХОНАСИ

Қаерга қарамай, дунёнинг ҳамма жойи Адабиёт ибодатхонаси бўлиб кўринаверади.
  Бугун дастурда кўрсатилгани бўйи­ча Адабиёт ибодатхонасини кўришга тонг-саҳарлаб йўлга чиқдик. Ҳамманинг кайфияти зўр! Ҳаммамиз бир-биримизни яхши кўрамиз! Худди ибодатга кетаётгандаймиз! Билмадим, қандайдир сеҳр бор бу ерда. Биноларда салобат. Дарахтлару гулларгача қаерда ўсаётганини билади. Қушлар анча вазмин... шамоллар ҳаддидан ошишни хаёлигаям келтирмаса керак. Ҳаво нафас олмай тургандай... Ёқимли сукунат, юрак уришини эшитиш мумкин бўлган жимлик! Ҳамма ўзи билан бўлиб кетди, анчадан буён кутганимиз янаям кўзга кўриниб қолди... Бизнинг уйимиз эди асли бу жой. Бизнинг Ватанимиз эди Адабиёт ибодатхонаси.
* * *

 
Худо деб юрган кунларимнинг бирида сени учратдим... Бу дунёда кўрган одамларимнинг ҳеч бирига ўхшамаслигинг менинг диққатимни тортди. Сен мағрур ва жудаям ғамгин эдинг, маъюс термуларди кўзларинг! Сен бу дунёда Урушлар ичида яшаётганга ўхшардинг. Менинг раҳмим келарди сенга! Туну кун сени урушдан тортиб олиш, менинг дунёмга қайтариш ҳақида ўйлардим. Албатта, бунинг ўзи бўлмади! Сенинг дунёнгга неча бор кетиб-келдик... Яхшиям, у кунлар биз яшаб қолдирган кунларда қолди. Сен жудаям беғубор эдинг... йиғлагим келарди сенга термулиб. Айниқса, киприкларинг менга жуда ёқарди. Кўзларингга айланиб бўлган кунларим мендан бахтли одам бўлмаган! Ва бугун ҳам мендан бахт­лироқ одамни кўрмадим... Муҳаббат бизга бу дунёни кўрсатмади... Фақат Унинг борлигини ҳар нафасимизда ҳис қилиб яшадик. Худо деб юрган кунларимнинг бирида сени учратдим... Сен ҳам ўша кунлари Худо деб юрганмидинг?
 
У ОЗАРБОЙЖОН ЭДИ

 
Озарбойжонда кечган 4 кунимнинг 4 йилга татигулик мазмун-моҳияти бор эди... Бу даъват ва биз билан кечирилган тадбирлар учун, Озарбойжон Миллат вакили, Озарбойжон Миллий Билимлар Академияси профессори, Евросиё Халқаро Изланишлар Инс­титути раҳбари Ганира Пашаева, филология фанлари доктори, профессор Олмос Улвий, ёзувчи Юнус Ўғиз, Рауфбей Арифуглу Аббосов, шоирлар — Акбар Қўшали, Расмия Собир, Интиқом Яшарга ўз миннатдорлигимни билдираман.
 Озарбойжон Педагогика институтида бўлиб ўтган тадбирда Миллий мажлис депутати Ганира Пашаеванинг талабаларга сўзлаган нутқи бир ўзбек фарзанди сифатида мени ҳали-бери эсимдан чиқмаса керак. «Сиз Ўзбекистон тарихини ўрганинг, ўзбек адибларининг китобларини ўқинг! Ўзбек халқи билан дўст бўлинг ва билингки, сизларнинг энг тўғри йўлингиз ҳам шу! Меҳрни кўрмокчи бўлсангиз, Ўзбекистонга боринг. Муҳаббатни тирик кўрмокчи бўлсангиз, Ўзбекистонга боринг...» Бу сўзлардан таъсирланиб, ҳали ўзимга келмаган, ичимдаги бир ҳаяжон ичидан чиқолмаган ва ўзимни йўқотиб турган бир ҳолимда қулоқларим остида янграган Ганира хонимнинг ушбу сўзлари мени яна бир карра ларзага солди: «Эсингизда бўлсин, Сизнинг олдингизда ўзбек халқи ҳақида бирор ножўя калима айтишга жазм этолмасинлар!» Шу кун жуда ғалати кун бўлди...
 «Озаркитоб» китоб тарғибот марказида бўлган тадбирда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази раҳбари Самир Аббосов тарафидан тайёрланган ўзбек санъаткорларининг Қорабоғ ҳақидаги клиплари экранда намойиш этилди. Ҳамма жимиб қолди. Мен титраётганимни сезиб қолдим. Қарасам, ҳамманинг кўзида ёш. Ҳамма йиғларди. Мен беихтиёр қўлларимнинг мушт тугилиб турганини кўрдим! Ва шу куни Озар халқини ич-ичимдан тушундим, ич-ичимдан ҳис қилдим! Ватан ҳақида гап кетганда ҳамиша кўзлари ёшланиб кетадиган озар дўстларимни янада яхши кўриб кетдим. Тадбир тугагандан сўнг ёнимга бир қиз келди, йиғларди! Суратга тушишни сўради. Бирга суратга тушдик. Исми Лола экан. Шоирмисиз, дедим, йўқ, деди. Ёзувчимисиз, дедим, йўқ, деди! У Озарбойжон эди! У кўзлари ёшли Қорабоғ эди...

2019 йил.

  Хосият РУСТАМОВА - шоира, "Китоб дунёси" газетаси Бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот