СЕВГИ ОҒРИҒИ


Адиба УМИРОВА

СЕВГИ ОҒРИҒИ

Севги!..
Мени қаттиқроқ сев
бир он, бир нафас,
Бир кунни ҳам йўқотмагин ҳа, аввал бошдан.
Авра, алда, озорлар бер,
хурсанд бўламан,
Осони йўқ бу дунёда мени алдашдан.
Бир йилгача чўзилса ҳам майли,
қўйворма,
Кейин ушлаб қололмайсан -- ёмони ўша.
Учсам
қайтиб тузоғингга тушмасман балки,
Истаганча тентаклик қил, кўнглимни ғашла.
Севги!
Мангу чўзилмайди
бу сўзни дадил
айтяпман титраб қизлик овозим билан.
Иккимиз ман этсак ўлар,
хоҳласак яшар,
Бошқаларга нима?..
Барибирдир биламан.
Мен учишни истамайман,
тугашини ҳам
Аҳдлар бузилмаса, дейман
аммо қаерда?
Севги!
Фақат сенга очман, сенга ташнаман,
Сендан бошқа ҳамма нарса устун бу ерда!

БИР НАФАС... БИРГИНА НАФАС

Дунёнинг энг бақувват қўллари билан
Эзиб ташладилар нимжон жигарим. 
Менда на байроқ бор, на қорин ғами,
На-да ҳайқирмоққа етмас мажолим. 
Қани,  куч топсайдим  кўзим очмоққа,
Ёстиқдан бошимни кўтара олсам.
Ҳар қандай оғриққа чидаб берардим
Ухлатиб қўйган шу наркозларсиз ҳам.
Тирик қолсам бўлди тонггача фақат
Дуч келган елкага бошимни қўйиб.
Даштга кетар йўлнинг ёқасидаги
Жиззах тоғларига термулсам тўйиб.
Тошкент анҳорига тушиб нигоҳим
Гуллардан ҳидласам яна анбар бўй.
Хиёнатдан бошқа барин кечиргум,
Қабул қилар эдим ҳаммасин оддий.
Уни севганимни юзимга солма,
Ўзи илма-тешик юрагим тергаб.
Бир нафас... Биргина нафас олдида
Қолгани  -- рўмолим силкитгандек гап!
* * * 
Билганим шу фақат!.. Севги олдида
Энг қора ишлар ҳам оқланажакдир.
Мени сев, гуноҳинг тўкилар дув-дув,
Айбинг ҳам кўринмас покланажакдир.
Худди туғилгандек онадан қайта
Гўдакдек тозарар қонинг яп-янги.
Ичингни ёритиб туради мангу
Сен ҳўплаб қўйган шу юлдузлар ранги.
Тушларингдан чиқиб келган парилар
Ҳеч ким билмас сирни сенга айтажак.
Ёлғонлар ичида энг ширин ёлғон
Севгидир!..
Ҳақиқат бўлиб қайтажак.
Анор донасидек сиқилар жоним,
Сенсиз қонли ярам қандай битажак? 
Мен билан ич мана, севги шаробин
Ошиқлар дунёдан шаҳид ўтажак!..
Олтин ҳеч нарсамас севги олдида
Мен ўлдим бир марта соғиниб кутиб,
Худо ҳам кечирар хатоимизни
Кел, энди шу шаҳид қўлларимдан ўп!..
 *  *  * 
Мен фақат йиғладим  ўпкам босолмай,
Бўғилиб ҳавосиз юрагим тўлиб.
Илтимос, мендан кет, эгилмайман, йўқ,
Энди тушларимдан боқасан кулиб.
Қолади китобим варақларида
Сенинг кўзларингда тирилган жаннат.
Севгидан бошқаси сароб ва бир пул,
Эслашга арзимас ҳеч қачон, ҳеч вақт.
На эрта учрашдик, на кеч айрилдик,
Шу дам дам дам эди бари бехато.
Бир марта яшадик лаҳзада фақат
Қайтиб бу лаҳзани бермади Худо!
Қуролим -- кўз ёшдир, қуролинг  -- ғурур, 
На сўраб ўтиндик, на бир ёлвордик.
Шундай севгимизни Худо йўлига
Ҳаммага садақа қилиб юбордик.
Энди хафа қилмай дуч келган одам
Жилмайиб ўлдирар ёш кўнглимизни.
Бир сариқ чақадек майда-майдалаб
Дунё бозорида сарфлайди бизни.
                       * * * 
Йўқ, яхши кўрмайман бундай яшашни,
Чиқиб кетгим келар бу ер шаридан.
Менга ҳам барибир энди ҳаммаси,
Зерикарли... Кўнглим қолди баридан.
Бозорга сотгандек виждонни пуллаб
Ҳеч нарса бўлмаган каби фаромуш,
Уйга кириб бориш ҳар куни тошдек
Бир қоп жасад билан ухлаш, уйғониш...
Қизиқ эмас ортиқ қамоқхоналар,
Касалхоналарга қилолмам тоқат.
Тирик қолмоқ учун дунёда, наҳот,
Бўрига айланиш керак бешафқат.
Сизларга бу яшаш!.. Менга керак эмас,
Афсус чекмагайман бундан негаки,
Бу йўллар бир мўмин одамникимас,
О, қандай жаҳлдор бўриларники... 

“СЕВАРМИКАН...”
                   
Ўшанда куз эди ширин туш каби
Настарин барглари тўкилди қизил.
“Сиз менга ёққансиз...” қўшиғин куйлаб,
Боғларни мастона кезди икки дил.

Юзлар оловланди, қалблар титради,
Япроқлар учдилар ҳар ён бесабр.
Йигит узоқ туриб қолди бекатда, 
Уйига кирмади қиз ҳам негадир.

Ёғди ғира-шира ёмғир аралаш
Шундан бери қанча хазонлар беҳуд.
“Севармикан...” дея қиз кутади жим,
“Келармикан...” дея ўйлайди йигит.

                ЎТИНЧ

Сўраб келмиш на мен, на сиздан,
Дегайларки, севги кўзи кўр!
Сиздан ҳеч не қилмасман талаб, 
Бир ўтинчим -- кулиб бахтиёр...  
Мени эсланг!

Гар айрилсак видо биз билан,
Ўтар икки дунё биз билан,
Ишқ биз билан, Худо биз билан,
Бир юпанчим — юрак юракдан,
Мени эсланг!

Бу ҳаётни кўп моҳир дерлар,
Гоҳи ширин, гоҳ тахир дерлар,
Буни севги ё тақдир дерлар,
Бор ҳақиқат шу икки сўзда:
Мени эсланг!

На дам қолур, на одам қолур,
На шом қолур, на Адам қолур,
Ишқ аталмиш битта шам қолур,
Иккимиздан гўзал ғам қолур,
Мени эсланг!  

АЛДОВ

Мени кўп алдади бу ҳаёт қурғур,
Ширин алдовлардан айланди бошим.  
Нега катта бўлдим?.. 
Ўн олти ёшда
Қувноқ болалигим ташлаб кетди жим. 

Ҳар куни алдади соат “чиқ-чиқ”лаб,
Умрим баргдек юлди йиллар бемаврид.
Эшигимни бир бор қоқиб айёр бахт:
“Яна келаман...” деб алдади номард.

Наҳотки, барига ишондим кулиб,   
Фош бўлмаслик учун шу гўзал ёлғон.
Қизил ёмғир кутган ёш бола каби
Биринчи апрелни кутаман ҳамон! 

Энди алдамоқ менинг навбатим, 
Онамга жилмайиб боқдим: “Бахтлиман!”     
Боламни алдадим: “Ўлмайман”, дедим,
Энди бу ўлимни қандай алдайман?

            ЁЛҒИЗЛИК

Қалбим оғрияпти... Чидашга куч йўқ,
Ториққан дунёга сиғмайди дийдам.
Ғамимга чидолмай ярим кечаси 
Кўкдан ерга тушди Момо Ҳаво ҳам.

Суҳбатлашиб қолдик то тонгга қадар
-- Севганмисиз?  — дея хўрлигим келди. 
 —  Ҳа, —  деди жилмайиб.  —  Воз кечай десам,
Жаннатда бошқа бир эркак йўқ эди...

                      ҚОВУРҒА

“Заифасан...” дея дуч келган ҳар кас
Қалбимни аямай янчиб кетди жим.
Бошимга ёғилса ҳамки қанча тош,
Ҳечқиси йўқ, кучли аёлман, дедим.

“Худонинг амрига биноан...” сўзсиз    
Бўйсундим, эгилдим, кўндим бегумон. 
Мен қачон яшадим хоҳлаганимдек,
Кўнглимга қарадим, айтинг-чи, қачон?

Бир лаҳза дунёдан қўлимни ювиб, 
Орзу қилсам, хаёл сурсам майлими?
Хўп, билдим, мен сизнинг қовурғангизман,
Қовурғангиз синса оғримайдими?

  АЛИНИНГ ОНАСИ БИЛАН СУҲБАТ

—  Юзингиз сўлибди... Сизга на бўлди?
—  Бир капа уним йўқ, товуғим ўлди!
— Мардикор бозорда не қиласиз, хўп, 
— Тирикчилик, болам, айблама кўп!   

—  Қаддингиз букилмиш... Нега бунча тез?
 — Мени ташлаб кетди чолим ҳам ёлғиз!
 — Валингиз қаерда?.. Ўттизга етди,  
—   Мени танимайди руслашиб кетди.

—  Али-чи, қай гўрда юрибди беғам,  
—  Тобути Московдан келди унинг ҳам.
—  Нега йиғлаяпсиз?.. Барҳақдир ўлим,    
— Энди тобутимни кўтаради ким?!
    
        КАТТА ЎҒИЛ

Туғилганда бу жингалак соч
Дунёларга сиғмай онаси:
“Ўғлим бор!” деб керилган бўлса,
“Тобуткашим...”,  дея отаси 
Тўйлар қилиб берганди элга!

Сингиллари сирғасин сотиб,
Акасига юборди, бироқ,
У ўқишга эмас пулларни
Сатангларга сарфлади кўпроқ, 
Пойларига тўкди гулларни... 

— Ўғлим, — дея жон бераётиб,
Тинчиб қолди юрак жонсарак. 
Одам сиғмай кетди ҳовлига,
Етиб келолмади жингалак
Онасининг жоназасига...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот