Мудраётган юрак


   Мен қаердаман ўзи? Дунёнинг қаерида жойлашганман? Бошидами, ўртасида ёки чекка-чеккасидами? Қаердаман? Менга қараб турган мана бу дарахтлар чиндан ҳам дарахтлармикан? Улар ҳам мен каби йиғлармикан? Йиғлай олармикан мен каби… Юраги ўртанганда нимадир ёзармикан? Ёзмаган тунлари тонгда нега кўз очганидан пушаймон ермикан?..

* * *

   Шеърларим жудаям саёз. Мен буни ёзганим сайин англаяпман. Ўқиганим сайин ҳис қиляпман. Наҳотки, шу ҳолда тўртта китобим чиқди? Нималар қиляпман? Наҳотки ҳамма нарса мумкин? Қаерга кетяпман? Худо кўрсатган йўлдан ўзимни қандай олиб ўтяпман? Нималар қоляпти? Нимадир қоляптими ўзи? Саволлар чақмоқ каби столимда “портлайди”. Ёшга тўлган кўзимни олиб қочаман. Ҳар тугул олиб қочишни биламан.
    Ҳануз мудраётган юрагимни тирилтирмоқ учун чопаман. Қани бунинг уддасидан чиқиб бўлса! Бир кун “Ҳамма нарса ёзиб бўлинган”, деган жавоб. Бир кун “Ёзишга ҳеч нарса арзимайди” дегандай гап… Бу гапларга ишониб бўпман.
    Ўзимни ўнг қўлимда айлантириб туриб отаман. Китобларга урилиб қайтаман. Баъзан пешонамда пайдо бўлган ям-яшил доғни кўриб қувонаман. Баъзан сочларимни силаётган қўлни кўриб ҳайратланаман…

* * *

    Марина, Мен ўзимни устимда ишламай қўйдим. Ёзганларим ҳам ҳеч нарсага арзимайди. Ушлаб кўрсам — жуда енгил. Ҳа, айтгандай, тунов куни Пастернакни кўриб қолдим. Тасодифан.
     Жуда ҳорғин эди у. Қўлида Волконскийнинг китоби. Шошиб боряпти. Биламан, у шу кетишда уйига эмас, шеърга кетаяпти. Бу дунёда борлигимни билдириб қўйиш учун салом бердим. Чопиб кетаётган Пастернак илкис тўхтади. Менга кўзи тушиб хиёл жилмайди. Биз сўзсиз гаплашдик. Дарахтлар жим турди. Бир муддат шамол эсишдан, дунё яшашдан тўхтади.
     Пастернак кетди… У билан мен ҳам кетдим. Ҳеч ким билмади.
     Ҳеч ким билмай қолди.
 
Хосият РУСТАМОВА, Кундаликдан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот