Астойдил ишондим


  Бир куни мен сенга мактуб ёздим ва сени ҳали ҳам севаётганимни айтдим. 
  Биз қарийиб уч ойлар гаплашмаган эдик. Бунинг жиддий сабаблари бор эди… 
  Мен ўйлагандим, сен хурсанд бўлиб, бугуннинг ўзида Университетга етиб келасан… Афсус… 
  Кечки пайт сендан мактуб келди.
  “Сен мени дори деб ўйлайсан. Қалбингда оғриқлар кучайган махал мени эслайсан ва ҳамма тарафдан қидира бошлайсан. Лекин, сен билмайсанки, ўша сенга керак бўлган дорининг ҳам яроқлилик муддати бор. Сен бу ҳақда ҳеч қачон ўйламайсан Қ. Н.”

17.11.1990 йил. Вуз городок
***
  Мен бу дунёнинг кўчасидаги итигача яхши кўрдим. Кўзим кўрган, нигоҳим тушган нимаки бўлса, ҳаммасига Худонинг марҳамати деб қарадим, буларнинг ҳаммаси мен учун яратилганига астойдил ишондим. Тошлар, хазонлар, хатто илонларни ҳам нигоҳларим билан эркаладим. Ҳеч кимни ёмон кўрмадим. Худо яратганини қандай ёмон кўриш мумкин? Унинг атосида хато борми? Шубҳасиз, йўқ! Ҳамма ҳайвонларини, қурту қумирсқасигача жону дилим билан севдим. Дарахту қушлари билан овоз чиқариб гаплашдим. Қўйларга нимадир десам, қизларим ҳайрон бўлди. Товуқлар билан гаплашганимни кўриб, ўғлим хижолат бўлди. Улар одамлардан қўрқишди. Одамлар нима деб ўйлайди, дейишди. Лекин одамлар ҳеч нарса деб ўйламади. Чунки ёнимда Аллоҳ мен учун яратган, мени тушинадиган, мени ардоқлайдиган ва мени ҳаммадан кўп севадиган одам бор эди…

Хосият РУСТАМОВА
25.09.2002 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот