Қушлардан ҳам рашк қилардинг...


  Кеча бошқа эди Дунё! Биз ҳам бошқача эдик... Сен ерни кўтариб олиб югуришга тайёр эдинг...Бемалол кўтара олардинг. Менга кулиб қараган қушлардан ҳам рашк қилардинг. Эсингдами, бир куни сен нима дегандинг? «Айтмасам бўлмайди,  ҳаётимда Сенга бир маротаба ёлғон гапирганман!»
  Сенга сездирмасам ҳам тўғриси, қўрқиб кетдим. « Қандай ёлғон эди у?» зўрға овозим чиқди. 
  «Мен Сени рашк қилмайман, деганимда ёлғон гапирган эдим...» Сенинг қаҳва рангига ўхшаб кетадиган киприкларинг пирпираб турганида, менинг юрагим қандай ахволга тушганини тасаввур қиладиган ҳолатда эмас эдинг. Мен эса Осмонни бағримга босгим келарди. Қучоғимга ботиб кетган юлдузларни қўлларим билан ушлаб кўрар эканман, ойни елкамда бир кафтгина бўлиб турганини ҳис қилардим. Ва лабимни унинг юзларига яқинлаштирар эканман, Сенинг кўз узмай турганингни кўриб, кулиб юборардим..
  Ой хам тушунарди... Юмшоқ қўллари билан менинг бўйнимга осилган кўйи Сенга қараб тураверарди... Ойнинг бу эркидан жазавага тушган юлдузлар қизариб кетган кўйи бирин-кетин ўзларини ерга отганда бағрим бўшаб қолган бўлса ҳам юрагим тўла Сен эди. Мен атрофга мағрур нигоҳ ташлардим! Севги билан ёнаётган юрагимга киприкларимни ўтин каби қалаётган шамол гирдикапалак бўлиб атрофимизни айланарди... Биз бошқача эдик... Буни хатто дарахтлар ҳам сезарди! Бизнинг бошқачалигимиз нимада эди, айта оласанми? Биргина сабаби бор эди бу бошқачаликни... Сенда Мен бор эдим! Менда Сен бор эдинг! Бўлди... бошка ҳеч нарса эмас! Бугун эса... ҳамма нарса ўз жойида турибди. Осмон осмонга айланган. Юлдузларнинг нигоҳлари бошқа тарафда! Ой ўзини осмонда тутаётгандек... Биз хам оддий одамлар қаторидамиз! Кейин... кейин билиб қолдим, менда Сен йўқ эдинг! Сенда мен йўқ эдим. Худдики, ҳеч қачон бўлмагандек! 

Хосият РУСТАМ, кундаликдан
1990 йил, апрель










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот