МЕНИ ЯХШИ КЎРГАН ОДАМЛАР!
ОҲ, ҚАНДАЙ БАХТ СЕНСИЗ ЯШАМОҚ!
Оҳ, қандай бахт сенсиз яшамоқ,
Сен эмассан дунёмнинг бори.
Гуллаб туриб қоп-қаро, гоҳ оқ,
Энди тутмас севги хумори!
Энди билдим, дунёга келиб,
Нима топдим, нима йўқотдим.
Наҳот сенга келгандим елиб,
Наҳот сени мен излаб топдим!
Энди билдим, осмон олисда,
Ерни қаттиқ дегани ростдир.
Лекин нега турдинг холисда,
Осмон, сенга наҳат шу хосдир!
Энди билдим, дунёга нега,
Баҳор келар, келар ҳам қиши.
Нега билдим, дунёга нега -
Келган эдим баҳорсиз киши!
Энди билдим, эгилган бошни,
Кесаверар ҳар ўтмас қилич.
Қўй, йиғлатма сен ҳам шу тошни,
Қуйгин, ичсанг шу тош учун ич!
Энди билдим, берма бир хабар,
Энди сени кўргим келмас ҳеч!
Ахир сен деб келган бўлсам гар,
Нега сен деб йиғладим ҳар кеч!
Энди билдим, то тонг отгунча,
Наҳот сен деб бошни эгаман!
МЕНСИЗ ҚАНДАЙ ЯШАДИНГ ШУНЧА,
ЭНДИ СЕНИ ҚАНДАЙ СЕВАМАН?!
ОҲ, ҚАНДАЙ БАХТ СЕНСИЗ ЯШАМОҚ!
***
МЕНИ ЯХШИ КЎРГАН ОДАМЛАР!
Майли ёмғир, майли қор бўлсин,
Сиз томонга чорлар қадамлар.
Қайда бўлсин, фақат бор бўлсин,
Мени яхши кўрган одамлар!
Сиз борсизки кичик, йирикман,
Сиз борсизки билинмас ғамлар.
Ахир сиз туфайли тирикман,
Мени яхши кўрган одамлар!
Қолдими мен кўрмаган базм,
Бормикин мен кўрмаган дамлар!
Бугун сизга қиламан таъзим,
Мени яхши кўрган одамлар!
Ана дунё - ким ор, ким беор,
Кимдир кимга сўрар аламлар.
Сиз борсизки Худо менга ёр,
Мени яхши кўрган одамлар!
Майли кенгдир, майли тор бўлсин,
Сиз туфайли кўринмас камлар.
Қайда бўлсин, фақат бор бўлсин,
Мени яхши кўрган одамлар!
КИМГА СУЯНАСАН ХУДОДАН БОШҚА!
Гоҳида йиқилдик, гоҳда келдик бас,
Гоҳида суяндик эгилган бошга.
Ишонганинг сенга қилганида қасд,
Кимга суянасан Худодан бошқа!
Қанча қаср кўрдик, қанча вайронлар,
Кўрдик йиқилганни етганда ошга!
Сени сотганида дўсти ёронлар,
Кимга суянасан Худодан бошқа!
Оғриқлар кетмайди, оғринганларинг
Топиниб борсалар сен қолиб тошга!
Сендан юз ўгирса соғинганларинг,
Кимга суянасан Худодан бошқа!
Жоним деб билганинг жонингдан чақса,
Соғиниб борганинг хор қилса ёшга!
Топиниб келганинг гар чаён чиқса,
Кимга суянасан Худодан бошқа!
Эй ёрон, дарёмиз, тинмагайдирмиз,
Барибир кўнармиз не тушса бошга!
Худо хоҳламаса, синмагайдирмиз,
Кимга суянамиз Худодан бошқа!
КИМГА СУЯНАСАН ХУДОДАН БОШҚА!
***
БИЛДИНГИЗМИ, ЁЛҒОН ДУНЁ БУ!
Бир пас тўхтанг энди одамлар,
Нимага ҳам етаётирсиз!
Бир пасдан сўнг сўнгги қадамлар,
Бир тўхтамай кетаётирсиз.
Кеча қанча орзу бор эди,
Эҳ, қанчаси эсдан ҳам чиқди.
Югургунда дунё ёр эди,
Буюрганда доим кам чиқди.
Нафас олинг ахир бир нафас,
Битта камни тўлдирай дейсиз.
Сиз ҳам қилинг бир марта ҳавас,
Бўлмаганни бўлдирай дейсиз.
Кимга болу кимгадар заҳар,
Тутган дунё кенг бўлмади ҳеч.
Ҳамон қуёш чиқар ҳар саҳар,
Лекин у ҳам тенг бўлмади ҳеч!
Дунёнинг тош битикларини,
Қоғоз каба йиртиб бўлмади.
Паймонангиз тўлса-ку, тўлди,
Лек кўнглингиз ҳеч ҳам тўлмади!
Олисларга чорлайди саслар,
Йўлингизни аламлар бошлаб.
Кўрганингиз бўлди бекаслар,
Аммо у ҳам кетдилар ташлаб.
Маймун кулар ўз аҳволига,
Бепарводир ҳамон аламлар.
Сиз дунёни қўйиб ҳолига,
Ўзингизга йиғланг, одамлар!
Кетяпсизми, чалинмоқда занг,
Чалинмоқда сўнгги қадамлар.
Аҳволингиз бўлмасидан танг,
Тавба қилиб қўйинг, одамлар!
Чанг, тўзондан ошиб кетаяпсиз,
Кўзингизда ёшми, нима у?!
Ўзингиздан тошиб кетяпсиз,
Билдингизми, ёлғон дунё бу!!
БИЛДИНГИЗМИ, ЁЛҒОН ДУНЁ БУ!
***
БИЗНИ ЙЎҚЛАГАННИ ЙЎҚЛАСИН ХУДО!
Бизни йўқлаганни йўқласин Худо,
Бизни соғинганга меҳр, бахт берсин!
Биздан кетганларга айтдик алвидо,
Бизда қолганларга сеҳр, тахт берсин!
Бизни унутганни Худога солдик,
Бизни излаганлар тафтимиздадир!
Ичикиб келганни бошларга олдик,
Соғиниб келганлар кафтимиздадир!
Бизни унутганлар унутмасинлар,
Дунё меҳрлари қўлимиздадир.
Биз меҳр тутганда ниш тутмасинлар,
Дунё сеҳрлари йўлимиздадир!
Биздан адашмасин адашган из ҳам,
Майли бизга кўпдан ози бўлсинлар!
Биздан кетганлардан розимиз биз ҳам,
Биздан кетганлар ҳам рози бўлсинлар!
Бизни йўқлаганни йўқласин Худо,
Кетган омон бўлсин, қолган бор бўлсин!
Бизни унутганга айтдик алвидо,
Бизни йўқлаганга Худо ёр бўлсин!
БИЗНИ ЙЎҚЛАГАННИ ЙЎҚЛАСИН ХУДО!
***
СЕН МЕНИНГ ЯХШИМСАН, МЕНИНГ ЁМОНИМ!
Умр ўтиб борар, билмайман ҳатто,
Қаерда сочилиб ётар сомоним.
Қаерда бўлсанг ҳам билгин, албатта,
Сен менинг яхшимсан менинг ёмоним!
Йиллар тўхтамади беқур, бетоқат,
Сен томон талпинди афсус-афғоним.
Сен шуни унутма, эслаб қол фақат,
Сен менинг яхшимсан менинг ёмоним!
Қўй, халал бермасин бугун аламлар,
Ахир ғаниматдир бугун ҳар оним.
Майли, нима деса десин одамлар,
Сен менинг яхшимсан менинг ёмоним!
Йиллар ўтаверди беун, бенасиб,
Осмонга ўрлади оху фиғоним.
Бугун айтажакман бағримга босиб:
СЕН МЕНИНГ ЯХШИМСАН МЕНИНГ ЁМОНИМ!
***
КЎНГЛИМНИ ОЛ, КЎНГЛИМНИ КЎТАР!
Кўнглимни ол, кўнглимни кўтар,
Хурсанд бўлай бир пас бўлса ҳам!
Ёмонга ҳам бу дунё ўтар,
Яхшига ҳам тўхтамас, эркам!
Оққан дарё тўхтаб қолмайди,
Сен дарёсан, дарё оқар, де!
Сенсиз ахир дилим ёнмайди,
Сенсиз дунё кимга ёқар, де!
Ҳеч гап эмас шодлик, қайғу, ғам,
Кутаяпти сени фурсат, де!
Ортда қолди қаро кунлар ҳам,
Сен яшашни энди кўрсат, де!
Ҳар биттта сўз, билдим ўқ экан,
Ҳеч бир нарса шундай кетмас, де!
Кўрдим, дунё сенсиз йўқ экан,
Кўрдим, дунё сенга етмас, де!
Тонглар отар, тонглар тортса ҳам,
Мен ўзимга ўхшолмадим, де!
Яшашимга кўнглим ортса ҳам,
Лекин сенсиз яшолмадим, де!
Бу ўткинчи, бу биттаси кам,
Дунё энди тенг бўлади, де!
Хурсанд бўлай бир марта мен ҳам,
Сен-ла дунё кенг бўлади, де!
Кўнглимни ол, кўнглимни кўтар,
Хурсанд бўлай бир пас бўлса ҳам!
Ёмонга ҳам бу дунё ўтар,
Яхшига ҳам тўхтамас, эркам!
КЎНГЛИМНИ ОЛ, КЎНГЛИМНИ КЎТАР!
***
МЕНИНГ ЧАМАН, ЗОРИМСАН АЁЛ!
Энди билдим, нега юрак оқ,
Нега бунча ширин бу хаёл!
Сен борсанки бу дунё оппоқ,
Менинг чаман, зоримсан аёл!
Сен туфайли гуллайман гўё,
Сен туфайли кўринмас рўё!
Гулламасанг, гулламас дунё,
Менинг йўғу боримсан аёл!
Энди билдим, нега кўнглим чоқ,
Нега бунча гўзал ҳамма ёқ!
Майли қора, майли бўлгин оқ,
Менинг кенгу торимсан аёл!
Сен дилимнинг гул ришталари,
Сен туфайли кул, нишдалари!
Эй, уйимнинг фаришталари,
Менинг кўнгил, торимсан аёл!
Кўзимдаги ғамимдирсан сен,
Бошимдаги шамимдирсан сен,
Кўнглимда бир камимдирсан сен,
Менинг ғурур, оримсан аёл!
Энди билдим, бу дунё оппоқ,
Бунча ширин экан бу хаёл!
Сен бўлмасанг гуллармидим оқ,
Менинг чаман, зоримсан аёл!
МЕНИНГ ЙЎҒУ БОРИМСАН АЁЛ!
***
ЙИҒЛА ЭЙ ДИЛ, ЙИҒЛА ДИЛ!
Йиғла эй дил, йиғла дил,
Бошқа нима қиласан?
Мендан бошқа кишинг йўқ,
Буни яхши биласан!
Қани эди мен бўлсанг,
Ўпардим ёноғингдан.
Муҳаббатим шабнамдек,
Томарди япроғингдан.
Ёнингда кеча кундуз,
Бир тинмай яйрар эдим.
Томингда кеча кундуз,
Булбулдай сайрар эдим.
Яшардинг ардоғимда,
Бир пасга ҳам кетмасдим.
Тўлардинг қучоғимда,
Ҳавасга қам кетмасдим.
Армоним бор, армоним,
Девона бўлмас эдик.
Қани эди мен бўлсанг,
Бегона бўлмас эдик.
Афсус, афсус-андуҳим,
Мендай дил тўшолмайсан.
Мажнунга ўхшайман мен,
Лайлига ўхшолмайсан.
Ана тун ҳам ёришди,
Қара баҳор келмоқда.
Қайлардадир одамлар,
Севиб, гуллар термоқда.
Йиғла эй дил, йиғла дил,
Бошқа нима қиласан?
Тушунмайсан сен мени,
Мени қайдан биласан?!
Шавқиддин ҒАНИЕВ