Кундаликдан


     Мен яна кетяпман, қанийди, бир ўзим кетаётган бўлсам. Қанийди хаёлларим менга бўйсунса... Хаёлан Франкфурт кўчаларида кезарканман, Сени чиқиб қолмаслигингни яхши биламан. Аммо, Мен сени севишда давом этавераман! Наҳотки бу ҳол умримнинг сўнгига қадар давом этади?  Бирор дақиқа  бўлсин Сенсиз яшаётганим йўқ, Ҳамма-ҳамма лаҳзам сен билан! Сени Худодан кам севолмаганим учун ўзимни кечиролмайман, Худо кечирсин! Қанийди Сени яратмаган бўлса, мен ҳам келмаган бўлсам дунёга! Аслида ҳаммаси яхши Азизим, нолийдиган жойимиз йўқку. Фақат севги билан бўлиб, дунёни кўролмай қолмаётганмиканмиз, деган хавотир борда... Ҳаёт ёнимиздан ўтиб кетаётганга ўхшайди. Мен эса унга қайрилиб ҳам қарамайман, кўзларимдаги Сен билан безрайиб туравераман! Бу иш менга жуда ёқади... Урушдан келган кунларинг Сен худди шундай тутгандинг ўзингни, бошқа жойда эдинг! Менга қараб турсанг ҳам мени кўрмасдинг! Мен билан гаплашиб бошқа дунёларда юрардинг... Қанийди мен буни билмасам? Ҳаммасини билиб кўярдим. Шоир юрагим тушунгиси келмаган вақтлари ўзимни қаерга қўйишни билмасдим ва ўшандай сиёҳранг кунларда мен буни йўлини топдим, Сени ўзимдан яратдим! Энг осони шу эди... Энди Сени ҳар кўйга сола олардим! Севгилисига шеър ёзиб юрадиган шоиралардан жаҳлим чиқарди. Шеърларида «куйиб кетган»ларидан нафасим қайтарди. Бир ерда ўтиролмасдим. Ўзи бошқа, шеърлари бошқа нарсадан гапирарди!  Кўнглини ўйинчоқ каби ўйнаган тоифалардан безор эдим! Кўнгли олдида ўйинчоқ бўлганлардан ҳам нафратланардим. Заминдан озгина узоқроқ жойлашган бўлсам ҳам одамларнинг ҳаммасини жону дилим билан яхши кўрардим. Ҳозиргача шундай... Мен яна кетяпман... Хайрлашмайман! Мен Сени Худога топшираман!

Кундаликдан
© Хосият РУСТАМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот