Жим севаман, сокин севаман


Юрагимда арслон яшайди,
Қалбимда тоғ борга ўхшайди.
Кўнглим дарё бўлиб яшнайди,
Жим севаман, сокин севаман.

Ўзим билан ўзим қолганман,
Буюк Дардни дилга солганман.
Фойдаси йўқ ўйга толганман,
Жим севаман, сокин севаман.

Ёниб туриб, куйиб туриб ҳам,
Йиғласам ҳам, кулиб туриб ҳам.
Севмаслигинг билиб туриб ҳам,
Жим севаман, сокин севаман.

Доноларга дарс эрур ишқим,
Хом эканман - оташда пишдим.
Тиригимда дўзахга тушдим,
Жим севаман, сокин севаман.

Сени жондан, секин севаман,
Кўп севаман, тўкин севаман.
Ёмон кўриб, лекин севаман,
Жим севаман, сокин севаман...


БАРЧА ДУОГЎЙЛАРИМГА

Гўзаллар йиғлайди мен кетсам бир кун,
Дўстларим бош эгиб қолишар маҳзун.
Умидин узади мендан бу дунё -
Мен ҳаёт бўламан фақат Сиз учун.

Қабрим узра гуллар сўлмоғи мумкин,
Чин мухлисларим ҳам унутар секин.
Қардошлар кўникар доғимга, лекин -
Мен ҳаёт бўламан фақат Сиз учун.

Урфдан чиқар балки сўзим, куйим ҳам,
Вафо қилмас менга молим, уйим ҳам.
Эсламас қасамин не-не сиймтан...
Мен ҳаёт бўламан фақат Сиз учун.

Қалбингизда шамдек ёнган ҳис сабаб,
Сиз мени ўлимга бермайсиз, ё раб.
Қадрингиз билмаган бўлсам ҳам, ажаб,
Мен ҳаёт бўламан фақат Сиз учун.

Сиз бир фариштасиз, масъум, нурзода,
Мен ҳам гуноҳлардан бўлгум озода.
Ёмғир бўлиб келгум, ёки шаббода -
Мен ҳаёт бўламан фақат Сиз учун...


ЁШ КЕЛИН-КУЁВ СУҲБАТИДАН 
(ҳазил) 


Келинчак соч учин бармоққа ўрар, 
Ёридан нозланиб, оҳиста сўрар: 
- Севасизми мени, жону жаҳоним?
Ёри дер: "Севаман, албатта, жоним". 

Шодланиб, истакка этади жазм:
- Мен учун чекишни ташланг, азизим...
- Ташлайман майлига, хурсанд бўлсанг, бас,
Ҳеч бир одат сендан афзалроқ эмас... 

Янада қувониб этади давом:
- Наҳот ичишни ҳам ташлайсиз тамом?!
- Ҳа, тарк этгум ушбу ёмон қилиқни,
Тутган каби бўлдинг тилло балиқни. 

- Сўрасам, олмасин малол дилингиз,
Берасизми менга топган пулингиз?
- Топганим сеники, олавер барин,
Сендан ортиқ кўрмам бу дунё зарин. 

- Мунча ҳам яхшисиз, сахий нақадар,
Жон ҳам берасизми сўрасам агар?!
- Жонимни ол, менда тўхтасин юрак,
Ахир, бундай ҳаёт кимга ҳам керак?!. 
 

2021.1.7. 23:40.


ЎҚИМИШЛИ ҚИЗ БИЛАН УЧРАШУВГА ЧИҚҚАН ШОИР ТААССУРОТИ
(ҳазил аралаш)

Учрашдик биз қиз билан,
Кўзойнаги бурнида.
Мақол айтар туз билан -
Оддий гапнинг ўрнида.

Жуда китоб ўқиган,
Билар ҳамма билимни.
(Қанча шеърлар тўқиган -
Мен тишладим тилимни.)

Ўқиб кўп қисса, роман,
Танийди қаҳрамонин.
- Онегин, дер, қув жазман,
Аблаҳ, аммо, Печорин.

Граф Монте Кристо қасос
Оловида ёнди, дер.
Романтик бўлди ҳассос -
Изтиробда ёш Вертер.

Отабек қолди панд еб,
Анвар ўктам, мард, дейди.
Юсуфбек ҳожи эл деб,
Бағри тўла дард, дейди...

Улги олиб китобдан,
Хаёлларим қоришди.
"Шеър-чи?!" - десам, жавобдан -
Чеҳрам пича ёришди.

- Ҳар кеч ўқиб ишқий шеър,
Ширин тушлар кўраман.
Бобур билан ухлаб, дер,
Бобур билан тураман...


2020.27.8. 02:30.

Бобур БОБОМУРОД 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот