Кўп нарса керакми аёл зотига
Кўп нарса керакми аёл зотига?!
Манимча бир томчи меҳр бўлса бас.
Нур бўлса қоронғу хаёлотига,
Манимча бошқаси унга керакмас.
Тиллога тўлдирманг бармоқларини,
Бахтли бўлиш гумон бойликдан буткул.
Манимча чоғ этиб димоғларини,
Тонглар ёстиғига қўйинг атиргул.
Севги изҳорлари хуш ёқар, бироқ,
Оддий бир каломдан бошлари осмон!
"Иссиқ кийиндингми, кўча совуқроқ.
Сен менга саломат кераксан, ишон!"
Майли, қозонига гўшт тушмас ҳар кун,
Либос ўзгармасин бир йилда бир бор.
Елкангиз қизғанманг, суяниш учун,
Турмушнинг муштлари берганда озор.
Ишонинг, кўп нарса керакмас унга,
Унутманг, шишадан ясалган кўнгил.
Баъзида бир кулиб қарашингизга,
Жонини бермаса, мана мен кафил.
Кимгадир керакман, дея яшасин,
Асранг қадрсизлик қийноқларидан!
Савоб ёзилармиш ҳар бўса учун,
Сизни дуо қилган дудоқларидан!
***
Ўтмишга қайтишга ижозат бўлса,
Бир бора берилса бундайин имкон.
Мен ўша сен билан учрашган кунни,
Қисматдан ўчириб келардим, ишон.
Ўшал кун мен ўшал йўлдан юрмасдим,
Киймаган бўлардим ўша кўйлакни.
Жуда ярашибди демас эдинг сен,
Ўшал кун сочимда бўлган турмакни.
Сен салом бермасдинг, олмасдим алик,
Титроқ кирмас эди тиззаларимга,
Ва сен айланмасдинг бутун умрлик,
Ҳаммадан чиройли ғуссаларимга.
Қанийди ижозат бўлганда бир бор,
Сендан айбларни топиб келардим,
Сен изн сўрамай, бир тепиб кирган,
Кўнгил эшикларин ёпиб келардим.
Тутдек тўкилмасдим ҳасратларингда,
Куйиб кетмасмиди кутишларда жон.
Сен бор қум қасрли мамлакатингда,
Сен бор сайёрада бўлмасдим, ишон.
Қанийди, бир бора берилса имкон...
Малика ТАВФИҚ
Суратда: актриса – Фирузабону Собитова.