РАДИОДА ЎҚИЛМАГАН ХАТ


   Ҳаётдан кўз юмган қадрдонлар қаторида бир ижодкор синглимни ҳам хотирладим. У ўтган йили отамнинг вафотидан бир ҳафта ўтиб ҳаётдан бевақт кўз юмган эди. Унинг радиода ўқилмаган хатини "САДО"да эълон қилганимда жуда хурсанд бўлиб, менга хат ёзганди. Тошкентга келганида эса мен билан учрашиб, "Уфққа йўл" китобини бериб кетганди... Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

РАДИОДА ЎҚИЛМАГАН ХАТ

   Радиога хат келди. Бу мактубни Чироқчининг Олмазор қишлоғидан Бахтинисо Маҳмудова исми-шарифли ижодкор қиз йўллаган. Самимий дил сўзлар ва гўзал шеърлар. Шеърларки, ҳар сатрида ҳали ҳеч ким айтмаган сўзлар мужассам. Тингловчилар тез орада бу шеърлардан “Ўзбекистон” радиоканали орқали баҳраманд бўладилар. Аммо, бу қизнинг йўллаган хатини радиода ўқиб бўлмайди. Тўғрироғи, мактубни олган инсон буни истамайди. Янаям аниқ қилиб айтадиган бўлсак, бу хат ўзи шахсан танимаса-да, ёш шоир ва шоираларни, сўз қадрини улуғ тутгувчи истеъдодларни кашф этиб юрадиган, бағрикенг, оқибатли, ҳам шаддоду ҳам камтарин аёл – таниқли шоира Ҳалима Аҳмедова номига келган. Ўзининг бетакрор радиолойиҳалари билан неча йиллардан бери адабиёт ихлосмандларининг кўнгил оламига йўл топиб келаётган шоиранинг шеърият боғидан гул саралашда таъби ўта нозик, диди ниҳоятда юксак. У гул танлашда бу гал ҳам адашмади. Ифорини ташна димоғлар ила баҳам кўришга арзийдиганини топди. Бу қиз – Ҳалима Аҳмедованинг навбатдаги кашфиёти. Ҳалима опани устоз билгани учун эмас. Зинҳор бундай эмас. Бу қиз – радионинг яна бир кашфиёти. Аммо, шеърларим радиода ўқилсин деб ёзмаган. Бу қиз энди “Садо”нинг ҳам кашфиёти бўлади. Аммо, мактуби ва шеърлари газетамизда чоп этилаётганини ҳали ўзи ҳам билмайди. Негаки, бу – чин маънода ижодий эътироф. Ҳалима Аҳмедова камтарлик қилиб, ўз номига ёзилган бу хатни радио орқали эълон қила олмаса-да, аммо биз ундаги мулоҳазалар, ўринли аразу ўзлик таҳлили, армон тасвирию, орзулар йўлидаги қатъият, самимият ва шукроналик ифода топган сатрларни бошқалар ҳам ўқиса яхши бўларди, деб ўйладик. Мактубни бирор тузатишсиз эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Инчунун, бунга ҳожат ҳам йўқ эди. 

ДИЛНОМА

    Ассалому алайкум, буюк қалбли азиз устозим. Аҳволларингиз яхшими? Иш, ижод ва ҳаёт ташвишлари билан чарчамаяпсизми?
    Устоз, негадир Сизга мактуб битгим келаверади. Хабарингиз бор, биз тарафларда алоқа хизмати кўнгилдагидек яхши эмас. Совуқ тушиб қолди, энди яна-да қийинлашади. Аммо почта хизмати яхши йўлга қўйилган. Шу ва бошқа сабабларга кўра, бугун Сизга мактуб битяпман.
    Биласизми, Устоз, ёшлигимда телевидениеда чиқадиган ва кўплаб мукофотлар олган одамларни ҳар томонлама бахти тўкис, идеал ва ниҳоятда яхши, деб ҳисоблардим. Бироқ, ёшим улғайгани сари барчаси шунчаки хомхаёл эканини англаб етяпман. Бу ҳаётда адолатсизликлар бисёр экан. Мактабга чиққан даврларимда ҳавас қилган санъаткорлар, шоирлар билан бугунги кунга келиб, суҳбатлашмоқчи бўлсам, уларнинг қўпол муомаласи юрагимни чилпарчин қилади. Наҳотки, дейман. Наҳотки, мен шунча йилдан буён шу инсонга интилгандим, деб ўйланиб қоламан.
   Менимча, ҳаёт Сиздек ҳокисор ва камтарин инсонларнинг борлиги учун ҳам ўз қадр-қимматини, гўзаллигини йўқотмай турибди.
   Яқинда фарғоналик бир ижодкор дўстим билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат мавзуси “шеър ва шоир” бўлди. Шунда у “Маданият ва маърифат” телеканалида Сизнинг чиқиб шеър ўқиганингизни тўлқинланиб, ҳаяжонланиб гапириб берди. 
- Шунақанги маза қилдимки, ҳавас ва ҳайратдан қотиб қолдим, - деди суҳбат сўнгида.
- Истасангиз, Сизни Устоз билан таништириб қўяман, - дедим.
- Йўқ, мен ҳали мукаммал ёзадиган бўлай. Ҳозир шеърларимдан уяламан, - деди у уялинқираб.
    Айтмоқчи бўлганим, юртимизнинг ҳар бир чеккасида ижодингизни ҳурмат қиладиган, Сизга меҳри баланд, аммо кўришишга, танишишга, суҳбатлашишга яхши маънода юраги дов бермайдиган асл ўқувчиларингиз, мухлисларингиз бор. Сизни ғойибона таниганимдан буён Сиз ҳақингизда бирор марта ҳам “манман, кеккайган” сингари ортиқча сўзларни эшитмадим. Сизга ҳавас қиламан. “Она” мавзусидаги шеърларингизни кўзимда ёш билан ўқийман.
Негадир тунлари ухлай олмайман,
Кўксимни қисади бир оғир ҳаво – 
деб бошланувчи шеърингизни ўқиб, тунлари уйқум қочганда онамни (авваллари ўзимни ўйлардим) ўйлайдиган бўлдим.
    Устоз, мен онамнинг қадрига етмайман ёки ҳаётни англашга ҳали ёшман.
   Бир куни каттагина мақоламни оққа кўчираётган пайтим онам телефон қилиб қолдилар. Телефон экранчасидаги “аям” ёзувига кўзим тушиши билан жаҳлим чиқди. “Кейинроқ телефон қилсалар бўлмасмикан?” дедим-у, қўнғироққа жавоб бердим. Онам ўзимнинг, холам, тоғам, бувим ва ҳамманинг ҳол-аҳволини сўрай кетдилар.
- Ая, мен ёзув ишларимни қиляпман. Вақтим камроқ, кейин гаплашамиз, - дедим.
     Онам “и-е, майли унда, кейин телефон қиламан”, дедилар-у, ўчирдилар. Яна ишимга шўнғиб кетдим.
   Шу пайт вилоят газетасининг бош муҳаррири телефон қилиб қолди. Хурсанд бўлиб (нимага эканини билмайман) гаплаша бошладим.
— Безовта қилмадимми? — деди у киши. 
— Йўғ-е, бемалол, — дедим-у, ҳалигина онамга берган жавобим ёдимга тушиб, томоғимга аччиқ нарса қадалди.
Суҳбатни қисқа қилдим. Анча пайтгача ўйланиб, ўзимдан ранжиб ўтирдим. Сўнг онамга қўнғироқ қилдим.
— Бугун тўйга боргандим. Сени ҳамма мақтади. Чиқадиган газеталарингни ҳамма кўтариб юрибди. Бу менинг қизим, десам, кўпчилик ишонмади, — дедилар онам.
     Онамнинг бу гаплари 100 фоиз ҳақиқат бўлмаслиги мумкин. Аммо онам бу гапларни менинг фойдам учун, яна-да кўп ижод қилаверишим учун айтдилар.
   Ўша куни туни билан йиғлаб чиқдим. “Мен ижодкор бўлиб, каттариб кетдимми?” деган ўй менга тинчлик бермади.
    Устоз, мен нега бунчалар ношудман? Ёшлигимда кийимларим кир-чир, аммо юрагим тонгдек оппоқ эди. Энди эса кун сайин юрагимга гардлар тўпланиб, уст-бошим оппоқ бўлиб бормоқда.
     Ёнимда турган яқинимни соғиниб кетяпман, Устоз.
    Туғилганимдан бошлаб, ҳар дақиқада ёнимда бўлган, ҳар қандай дардни мен билан бирга чеккан бувимни бир куни йўқотиб қўйишим мумкинлигини хаёлимга келтирсам, дунёларим остин-устун бўлиб кетади.
   Шу кунларда келажагим ҳақида кўп ўйлаяпман. Ҳозирда ўзимга билдирмасликка ҳаракат қилса-да, кимларгадир малол келаётганимни ҳам яхши биламан. Бу йил нима қилиб бўлса ҳам ЎзМУга ўқишга киришим керак.
    Устоз, биласизми, ҳозирда мен бирор ёққа кетсам, мен билан бирга кетадиган қаровчим йўқ. Холамларнинг ҳам ўз рўзғорлари, ташвишлари бор. Бувим ҳам қариб қолган. Мен уйда, алоҳида хонада турсам, ўзимни-ўзим эплай оламан. Шу сабабдан, менинг ўйлаётганим, масофадан туриб ўқисам. Қаерда туришимдан қатъий назар, масофадан туриб ўқитиш” амал қилади. Ҳозирча ҳужжатларим билан боғлиқ муаммоларимни ҳал қиляпман. Баҳоргача фикрим ўзгариб қолар.
   Устоз, менга Сизни дуч қилгани учун тақдиримдан беҳад миннатдорман. Яқинларингиз, қолаверса, биз мухлисларингиз бахтига умрингиз узоқ бўлсин. Кўнглингизга кўз тегмасин, Устоз.
    Сиз билан тезроқ кўришмоқни ният қилиб, чексиз ҳурмат ва самимият ила ижодкор мухлисангиз Бахтинисо.

ҚАЛБИМГА

Юр, кетамиз, қалбим, кетдик
Сен истаган томонларга.
Бу дунёни қолдирамиз,
Ишқдан ранги сомонларга.
Юр, кетамиз, қалбим, кетдик
Вафо бўйли юртлар сари.
Ортимиздан “хайр” десин,
Ҳижрон, армон манзиллари.
Юр, кетамиз, қалбим, кетдик
Умидларни байроқ этиб.
Барча алам эриб кетар,
Қуёшзорга борсак етиб.
Юр, кетамиз, қалбим, кетдик
Соғинчларга бўлиб сингил.
Балки сени унутмаган,
Сен соғинган ўша кўнгил.
Юр, кетамиз, қалбим, кетдик,
Сен истаган томонларга.

Қувондиқ Сиддиқов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот