ОРТИҚЧА ОДАМ КУНДАЛИГИДАН
Адиба УМИРОВА
ОРТИҚЧА ОДАМ КУНДАЛИГИДАН
Менга бахтли болаликни ҳадя этган ота-онам олдида бир умр қарздорман.
* * *
Ноёб истеъдодлар орасида муҳаббатдан туғилганлар кўп.
* * *
Матбуот энди тиш урган гўдакка ўхшайди. У сендан нима истаётганини билмайсан...
* * *
Ёшлигимизда қишлоғимизни Лондон, деб атардик. Бир тилчи Қоратепага айлантириб, фан номзоди бўлди. Аммо отаси учун ҳеч нарса ўзгармади - ўша қишлоқ - ўша Лондон!..
* * *
"Даҳрийнинг туши" - мен бу ҳикояни ёзишдан чиндан қўрқаман. Мени тушунаяпсанми, энди сен ҳам тушунасан, қўлимга тасбиҳ олган кундан бошлаб ҳар бир садафи кичкина фариштага айланган. Ибодатга рухсат бер, маржонларингни санаб жаннатни умид қилишдек ақли ноқис бўлмай ҳаётимнинг торгина йўлагида ўлим, деган бир атама бор, мен шунга тайёргарлик кўрай...
* * *
Ҳаётимда доим икки йўл турди: оғир ва енгил!.. Мен енгил яшаш учун оғирини танладим.
* * *
Инсон кимдир чўнтагига солиб юрадиган ёки бир жойга олиб қўядиган буюм эмас. Истаган пайтда хоҳлаган одаминики бўлиши мумкин!
* * *
Россиядаги акамга хат юбордим: менга китоб жўнат!.. Мени олиб кет!..
У бир дафтар шеър жўнатибди. Хатга илова сифатида бу ерлар жуда совуқ, бурнинг музлаб қолади, дебди.
* * *
О, бу кеча мени фақат Марианна Мур енгиши мумкин. Шу шоир даражасига етиб келгунча қанча китобларни ўқимадим-да...
* * *
Тушимда кўп учаман, тоғдан юмалаб тушаман, чуқурликка тушиб кетаман. Ўнгимда эса тўғри йўлда ҳам қоқиламан.
* * *
Қаршида талабалигимда бадавлат қариндошимникида бироз яшаганман. Ўзлари уйда бўлмаган пайтлари дугоналаримни меҳмонга олиб борардим. Улар ҳашаматдан оғзи очилиб қоларди, менга эса уй хизматкорларининг ҳар ойда оиласига юборадиган маоши қизиқ кўринарди. Улар конвертни шу қадар меҳр билан елимлардики, худди почтадан дадам юборган пулдек униққан ва қадрли эди...
* * *
Шеър дуога ўхшайди.
* * *
Ақлим: - Қўй, бошқа шеър ёзма, деса, юрагим: - Ёзиб қол, барибир бу дунёдан ўлиб кетасан, дейди. Нафсим эса бундан менга нима фойда, дейди.