МУСТАҚИЛЛИК, ҲУРРИЯТ, ЭРК...


     Адиба УМИРОВА

МУСТАҚИЛЛИК, ҲУРРИЯТ, ЭРК...

     Мактабга байроқча кўтариб кетаётган болакайдек ўзини тақдирланганини эшитиб, шодланган мўйсафидлар, Мустақиллик давлат тадбирида кўкрак кериб ўтирган ҳукумат дастёрлари, ўтиролмай армонда қолганлар, ҳар йилги «Энг улуғ, энг азиз» байрамининг арзандалари...
    Сизнинг шодлигингизга шерик ҳолда Мустақиллик арафасида негадир қамоқхонадаги маҳкумалар кўз ўнгимдан ўтади. Улар айнан, Мустақиллик арафасида давлат мукофотларига қандай катта ишонч билан ҳужжат топширган бўлсангиз, озодликка чиқишига шу қадар умид боғлашади. ТВдан нигоҳини узмай, Президентнинг "Амнистия ҳақида"ги Фармонини интиқ кутишади. Амнистияга тушганлар худди қаҳрамондек, тушмаганлар ўзини омадсиз ва ҳеч кимга кераксиз ҳис қилади. 
     Бир маҳкума кундалигидан: «... қамалган чоғимда ёшлик қилиб, кўп йиғлаганман, қарасам, йиғидан фойда йўқ, бекорга соғлигимни йўқотарканман. Энди изоляторда бошимда тегирмон тоши айлантиришса ҳам йиғламайман, ўлмайман. Йиғига кетган кучимни (болам учун!!!) Озодликка чиқишга сарфлайман! Қамоқхонада бир томчи кўзёш ҳам Сени бу орзудан маҳрум қилиши мумкин...»
   Қаранг, ОЗОДЛИК маҳкумалар тилида одамни бурдалаб ташлайдиган даражада қандай қадрли ва тотли жаранглайди! 
    Қайсидир мустақиллик байрамида Зангиотадаги «Аёллар қамоқхонаси»га бориб, шу шеърни ёзиб келгандим. Рассом бўлганимда, албатта, қамоқхонада гўдагини қучоқлаб  ёки бағрига босолмай турган  маҳкума суратини чизардим.


ҚАМОҚХОНА

Ой юзин беркитиб ўтар бу ердан, 
Қуёш ҳам нурини олар панага.
Шоир кириб келди билмам, қаердан
Бир қучоқ гул билан қамоқхонага.

Темир панжаралар оғир хўрсиниб, 
Маҳзун хаёлларга кўмилгани чоғ.
Фақат бир маҳбуса кўзлари ёниб, 
Гулларга термулиб йиғлади узоқ.

Дунёнинг энг ғамин деразасидан
Боқарди ҳар япроқ бандига беҳол.
Бари хатоларни кўз ёши билан, 
Қон билан ювишга мажбур бир Аёл.

Кимнинг қотили у, кимнинг қурбони, 
Руҳида чинқирар қандайдир титроқ.
Балки шу гул уни хароб этгандир, 
Гул чизиб ўтгандир умрида кўпроқ.

Армонлар кўксига гул тикар санчиб, 
Афсуслар гул ёзиб кетар дилида.
Энди умр бўйи ўзидан қочиб,
Беркиниб яшайди қизил гулларга.

Гул кутиб сарғайган диллар олдида, 
Гулларга бурканган йўллар олдида, 
Гуноҳкор бўлса ҳам маъюс жилмайиб, 
Гулларга чўзилган қўллар олдида.

Айбдор сезганча шоир ўзини
Ўйларди: – тушунса, қани, бу олам.
Барибир у шундай гўзаллик билан
Жиноят қиларди озодликда ҳам!

Шу тобда бошқача урарди қалби, 
Қисматга ўшандан бери қолар лол.
У тунда яшайди маҳбуслар каби
Тушида гул ҳидлаб ўлар бир Аёл.

  Адиба Умирова шеъри. Сурайё Қосимованинг "Арзанда жоним" қўшиғидаги мусиқадан фойдаланилди. Музаффар Муҳаммадназар ижросида ўқилди. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот