Ўғирланган ишонч
Адиба УМИРОВА Ўғирланган ишонч
* * *
Кетган-кетди қайтиб келмади —
Бизни ғамга ташлаб қўйиб жим.
Ўлим учун бу қаттиқ ерда
Ҳамма нарса тайёр, Азизим!
Қанча оғир бўлмасин, лекин
Юзимизни босиб болишга,
О, Севгилим, мажбурмиз, мажбур,
Айрилсак ҳам тирик қолишга.
Қўрқув билан тақдиримизни
Қарғаб-қарғаб ёзмоқликка чин.
Чидаш керак, чидаш яшашга
Юракларга қамалиб ҳар кун.
Бизга қолди қорин ғами-ю
Бўм-бўш уйлар, йўллар бегумон.
Ёлғизликдан, кўз ёш, азобдан
Олиб чиқиш дунёни омон.
Қичқираман: Ҳаммаси ёлғон!
Ўлган билан ким кетар бирга?
Бу қаримсиқ ўлим олдида
Билсанг, айт, Жон,
ўттиз ёш нима?..
* * *
Болам сўрар: Бу қандай оғриқ?..
Эзиламан қараган сари.
Эрта англаб қўйган дунёни
Нигоҳлари доно ва қари.
Кечир, сенга ҳаммадан кўпроқ
Олиб келдим шодликлар бекам.
Ўйламабман, қачондир бағринг
Ўқдек тешиб ўтишини ғам.
Илк муҳаббат яраладими
Бир умрга қалбингни ёки?
Мен билишинг истамаган ҳеч
Номардликни кўргансан балки...
Болам узоқ йиғлади жуда
Ўз оғриғин яхши билмасдан.
Унга ҳеч ким ёрдам беролмас
Энди менинг қўлларим билан!
* * *
Сен — ўғрисан!..
Қанча қалбларнинг
Тунаб кетдинг севгисин пинҳон.
Истасанг ўз Ватанингни ҳам
Сотиб юборасан бегумон.
Ҳеч ким бўлолмайди сенингдек
Бу дунёнинг барига эга.
О, ҳаммадан яхшисан бунча,
Яхшилигинг қўрқитар нега?
Сувда чўкмас, оловда ёнмас,
Урушларда ўлмайсан ўзинг.
Қай кўзгуга боқмай кўринар
Ҳаёт акси каби бу юзинг.
Сен — ўғрисан!..
Билмайсан буни,
Сендан топар изласа фақат,
Ким йўқотган бўлса кўнглини,
Ўғирланган ишончин, албат!..