Мен биламан, тушларингдаман
* * *
Мен биламан, тушларингдаман
Нигоҳимни қадаб фалакка.
Кетишим шарт. Севгидан бошқа
Керак эмас ҳеч не юракка.
Худойим ҳам тушмас тепадан
Ҳеч бало йўқ бу тақир ерда.
Қўлларимни силкийман: Хайр,
Секин шивирлайсан: Қаерга!
Ўлиб тирилсам ҳам неча бор
Ўнгдан келмас тушинг барибир.
Қийин, аммо яхши кўраман --
Меники бўл ё мени ўлдир!!!
Бу тақдир, -- ўйлайсан -- топишар
Эртами, кеч!.. Йўқдир ниҳоя.
Уйингда бир жодугар яшар,
Қўйвормайди қўрқинчли соя.
О, тонгларинг тундан ҳам қаро
Оғир уйғонасан ҳар даъфа.
Биринчи бор лабларинг қонаб
Қаттиқ ҳайқирасан: Адиба!!!
* * *
Яшар эди қоронғу уйда
Ёруғ хаёл суриб чамаси.
Дарахтларни қучоқлаб бўйи,
Кўнгли ўсди мурғак қизчани.
«Ухла, менинг тинчлигим ухла,
Севгим, бахтим ухла», деб суйди.
Бечоранинг содда онаси
Болалигин ухлатиб қўйди.
Болаларни алдаш мумкин, деб
Ишонтириб эртага бетин.
Эртаси йўқ кундан бехабар
Отаси ҳам ухлатди секин.
Тугади йўқ, тугамас эртак
Ҳаммасини тинглаб индамай.
Охир менинг жимлигим бўлиб
Ухлаб қолди бу қизча қандай?..
* * *
«Ҳеч қайтмадинг ўз ақидангдан
Зерикмади қўлларинг ҳатто.
Қулоқларда ёнар чапагинг
Сен қандай юзсизсан бебаҳо?..»
«Фаришталар билан гаплашдим
Улар айтди: Кечир, лек, бироқ,
Қандай оғир?.. Узоқ яшаш-чун
Хом жасадни кўтариб юрмоқ!»
«Юз аср келса ҳам кетма-кет
Ғам чекамиз ўлгунча яна.
Бу дунё -- бир-икки қадам йўл --
Ишратхона,
Ибодатхона...»
«Мени ҳеч ким яхши кўрмайди
Дўстим ёки душманим каби
Қўриқлайди фақат Худонинг
Ерга тушган фаришталари...»
«Йиғлаб юбораман тўсатдан
Мен дунёдан ўтаётгандек.
Билмам, қай кун дўзахга келиб,
Жаннатга жим кетаётгандек...»
* * *
Мен севмайман сендан илтимос,
Бу кўчага бошқа келма, йўқ.
Танимайман, чиқмайман зинҳор,
Хат ёзмайман, кутмайман ортиқ.
Истасанг ол, шеърларимни ёқ,
Йиртиб ташла суратим, мана.
Севги мендек телбага керак,
Нима керак сендек донога?
Бахтлисан менсиз ҳам, биламан,
Кўзларингдан кулгу аримас.
Ачинмайман, куймайман ортиқ,
Йиғламайман, дўстлар, арзимас!
Йигитларнинг ҳаммаси шундай
Хафа қилмай севар мулойим.
Аммо фақат онаси айтган
Қўшни қизга уйланар доим.
Қайтма, мен ҳам қайтмайман асло,
Кўз ёш тўкиб қайтган билан чин,
Энди сенга о, ақллигим,
Қандай ёрдам беришим мумкин?
* * *
Айлантирма, қўй, оддий бари,
Тушунарли ҳаммага, ахир!
Наҳот, мени севмаган бўлсанг
Ишонмайман бунга барибир.
Нега алмаштирдинг бошқага
Ҳеч ким босолмаган бу ўрним?
Одам неча марта севиши,
Адашиши мумкин, билмадим.
Касалсан -- сен эски севгини
Янгилашга ҳар қачон, ҳар вақт.
Мени бўғиб ўлдирар бир кун
Ягоналик, битталик фақат.
Ҳа, биттаман, яшайман шундай
Ундан кейин сим қоқар ўлим.
Билсанг, пасткаш севги олдида
Қандай баланд менинг жимлигим.
***
Мен кўрмаган не қолди ўзи,
Чархи бузуқ бу фалакда-ё?
Шунча шармсорликдан сўнг ҳам
Обрўингиз тўкмадим асло.
Ғам келганда чидадим бошга,
Азоб жондан кетса ҳам ўтиб.
О, Дадажон, сизнинг қизингиз
Яшамади номусин сотиб.
Йўқ, хиёнат қилмадим зарра
Киндик қоним тўкилган ерга.
Борсин ахир, эркин сиғиниб
Кулбангиздан бошқа қаерга?
Ўтинаман бу гулни узма,
Севиб асра, демади ҳеч ким.
Гулдек узиб истаган одам
Ғижимлаб ташлади ҳаётим.
Берган сўзим устидан чиқдим,
Келтирсам ҳам ҳаммага ғалва.
Ўлмай туриб нимага менинг
Орзуларим жон берди, Дада?
Итдек увиллайман кечалар,
Кўзимда ёш, бағрим тўла қон.
Дунё сиздек эркалатмади,
Нетай, аямади Дадажон!
* * *
Чалингандек Исрофил сури,
Бўлганидек қиёмат қойим.
Бу ҳаводан аспирин ҳиди,
Ўлим ҳиди келар, Худойим!
* * *
Кетган-кетди қайтиб келмади --
Бизни ғамга ташлаб қўйиб жим.
Ўлим учун бу қаттиқ ерда
Ҳамма нарса тайёр, Азизим!
Қанча оғир бўлмасин, лекин
Юзимизни босиб болишга,
О, Севгилим, мажбурмиз, мажбур,
Айрилсак ҳам тирик қолишга.
Қўрқув билан тақдиримизни
Қарғаб-қарғаб ёзмоқликка чин.
Чидаш керак, чидаш яшашга
Юракларга қамалиб ҳар кун.
Бизга қолди қорин ғами-ю
Бўм-бўш уйлар, йўллар бегумон.
Ёлғизликдан, кўз ёш, азобдан
Олиб чиқиш дунёни омон.
Қичқираман: Ҳаммаси ёлғон!
Ўлган билан ким кетар бирга?
Бу қаримсиқ ўлим олдида
Билсанг, айт, Жон,
ўттиз ёш нима?..
* * *
Болам сўрар: Бу қандай оғриқ?..
Эзиламан қараган сари.
Эрта англаб қўйган дунёни
Нигоҳлари доно ва қари.
Кечир, сенга ҳаммадан кўпроқ
Олиб келдим шодликлар бекам.
Ўйламабман, қачондир бағринг
Ўқдек тешиб ўтишини ғам.
Илк муҳаббат яраладими
Бир умрга қалбингни ёки?
Мен билишинг истамаган ҳеч
Номардликни кўргансан балки...
Болам узоқ йиғлади жуда
Ўз оғриғин яхши билмасдан.
Унга ҳеч ким ёрдам беролмас
Энди менинг қўлларим билан!
* * *
Сен -- ўғрисан!..
Қанча қалбларнинг
Тунаб кетдинг севгисин пинҳон.
Истасанг ўз Ватанингни ҳам
Сотиб юборасан бегумон.
Ҳеч ким бўлолмайди сенингдек
Бу дунёнинг барига эга.
О, ҳаммадан яхшисан бунча,
Яхшилигинг қўрқитар нега?
Сувда чўкмас, оловда ёнмас,
Урушларда ўлмайсан ўзинг.
Қай кўзгуга боқмай кўринар
Ҳаёт акси каби бу юзинг.
Сен -- ўғрисан!..
Билмайсан буни,
Сендан топар изласа фақат,
Ким йўқотган бўлса кўнглини,
Ўғирланган ишончин, албат!..
***
Нигоҳларим турар заъфарон,
Гулдонингиз гуллар чамани.
Мен бошқача сизни севаман,
Ғунчаларга кўмилган каби.
Осмонлардан тушиб келдим мен,
Боғларингиз армонга тўлиғ.
Кўзларимга ўт истаяпман,
Борлиғим ишқ… ўн тўққизим ишқ…
Олмалардек адашиб оққан
Кўнгилгинам сизга кўндими?
Кўзингизга оловлар ёққан
Юлдузларим эрта сўндими?
Яшайманми гулдек сарғайиб,
Ҳовлингизга хазон тўлади.
Елкангизга бошимни қўйиб
Бир чиройли ўлгим келади.
Осмонлардан баландроқ эдим,
Ишқингизга кўмилдим шу чоғ.
Боғингиздан кетиб борар жим
Ўн тўққизнинг сочлари оппоқ.
Адиба УМИРОВА