13 февраль... Бугун ёлғизим, меҳрибоним, Оназорим таваллуд топган кун... Февраль ойи биз учун чинакам байрам ойи, қувончли кунлар эди... 1 февраль ўзим ва кенжа ўғлим Мажидбекнинг туғилган кунимиз, 6 февраль катта ўғлим - Музаффар, 13 февраль Онажонимни таваллуд айёмлари эди. Онам билан Оллоҳга шукур қилиб, Янги йилни қаршиладик. Бундан бениҳоя хурсанд эдим. Онам анчадан бери хотираларини йўқотган, бизни, ҳатто мени ҳам танимасалар-да, ёнимда эдилар... энг муҳими - бирга эдик... Туғилган куним арафаси қаттиқ бетоб бўлиб, ётиб қолдим. Шифохонага ётишни истамасам ҳам, иситма ва безгак хуружи туфайли етиб келган "Тез ёрдам" мени касалхонада ётиб даволанмасам, асорати ёмон оқибатларга олиб келишини тушунтириб, мени шифохонага олиб кетишди. Туғилган кунимни умримда илк бор касалхонада ўтқаздим. Кенжа ўғлим туғилганда туғуруқхонада нишонлаганман, аммо у шифохона эмас ва қувончли кунларимдан бири бўлган. Яқин инсонларим, дўсту қариндошларим гуллар, торт ва турли-туман совғалар билан мени кўргани келишиб, қутлашди. Келишга имкони бўлмаган айримлар эса қўнғироқ орқали муборакбод этишди. Мен касалхонага тушгач, Онам комага тушиб қолибдилар. Гарчи мени танимасалар ҳам то охирги дақиқагача Малоҳат исми тилларидан тушмади...Минг афсуслар бўлсинким, туғилган куним кечга яқин Онамнинг, Онагинамнинг вафоти ҳақида хабар келди...Бу кунни, бу дақиқаларни ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман ва сўз билан ифодалаб беролмайман... Бошимга жуда кўп қайғулар, оғир кунлар тушган... Лекин шундай зарбалар бўларканки, бошингга гурзи билан ургандек... Ўғлим Музаффар: "Ойижон, Бувим Сизни шу қадар яхши кўрар эканларки, Сизни дунёга келтирган кунлари бу дунёни тарк этдилар", - деди. Туғилган куним Онам боқий дунёга риҳлат қилишларидан аввал, кенжа ўғлимга: "Сен туғилган кунимда Оллоҳим менга берган энг катта совғамсан", - деб ёзгандим. Шу куни Оллоҳим туғилган кунимда энг катта йўқотиш билан сийлади... 1 февраль мен учун ҳам бахт, ҳам бахтсизлик кунига айланди... Шу кунгача карахтман, худди туш кўраяпману, уйғониб кетадигандекман... Онагинам ҳаёт бўлганларида бугун 94 ёшни қаршилардилар... Нима қилишни, бошимни қаёққа уришни билмайман... Дунёларни остин-устун қилгим, бор овозим билан додлагим келса-да ўзимни босаман, қалбимда унсиз фарёд бўғзимни куйдиради... Уйимиз, кўнглим ҳувиллаб қолгандай, ўзимни ёлғиз сезаяпман... Онажоним, Онажонгинам мендан рози бўлинг! Илоҳим жойингиз Жаннатда, руҳингиз тинч бўлсин!!!
Сизга мангу ором тилаб, қизингиз - Малоҳат Мирзомуҳаммад,.