(Режиссёр - Иброҳим Расулов фильмидан лавҳа эмас!)
Бир йигит сиқилиб юрганидан ўзини осишга аҳд қилибди-да, боғзордаги дарахтларнинг бирига чиқиб, қалин шохига сиртмоқ солганча, арқонни бўйнига иламан деб турса, ёнидан бир кампир ўтиб қолибди.
— Ҳа болам, нега ўзингни осмоқчисан? - деб сўрабди кампир.
— Жонимдан тўйдим! Яшашимдан маъно йўқ! Тошкент ситидан уй сотиб олишга пулим етмаса, дипломим бўйича иш тополмасам, севганим, машинам бўлмаса! Бунақа ҳаётдан ўлим афзал! - дебди.
— Сенинг барча истакларингни муҳайё қиламан, уйинга борсанг, Тошкент ситидаги уйлардан бирининг номингга расмийлаштирилган уй ҳужжати, обрўли идорага ишга таклиф қилинганинг ҳақида телефонингга келган хабар, чиройли ва ёшгина қиз, Малибу машинаси, 50 миллион доллар турган бўлади. Фақат битта шартим бор!
— Ростданми? Барча шартларингизга тайёрман!, - дебди йигит суюниб кетганидан дарахтдан тушаркан.
— Мени юзимдан ўпасан.
Йигит ижирғанса-да унинг буришган ва тиришган, тер ҳиди анқиётган юзидан аранг ўпибди.
- Энди уйингга югур! Айтганча, ёшинг нечада? - сўрабди кампир унинг ортидан.
— Ўттизга кирдим, - деб бақирибди чопиб кетаётган йигит.
Кампир бош чайқаганча: "Эҳ йигитлар, ёшлигимдаям булар эртакларга лаққа ишонишарди, ҳалиям ўша-ўша. 30 га кирибди-ю ҳозиргача чўпчакларга ишонишади-я. Ҳа, майли, нима бўлгандаям бир йигитнинг ҳаётини асраб қолдим-ку, ўпса арзимабманми", - деб йўлида давом этибди.