"ХУШХАБАР"
“ХУШХАБАР”
Ҳажвия
Мактабларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бириктирилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг портрет-суратлари мактаб деворига илиниши керак экан!
Буни эшитиб, бир ўқитувчига савол бердим:
– Одатда, таниқли кишиларнинг суратлари, хусусан, давлат арбоби ёки вафот этган кишилар сурати қўйиларди. Менинг суратимни нега осишади? Мен давлат арбоби бўлмасам, таниқли шахс эмасман, қолаверса, ҳали тирикман-ку!
Муаллим ўйлаб туриб, шундай жавоб қилди:
– Бир киши шифокор ҳузурига бориб сўрабди: “Дўхтир, мен тузалиб кетаманми?” “Сизга иккита хабарим бор: бири қайғули, иккинчиси – хушхабар. Қайси биридан бошлай?” дебди шифокор. “Ёмон хабардан бошланг”, дебди бемор. “Сизнинг дардингиз бедаво, бу касалларнинг миллиондан биттаси тирик қолиши мумкин, холос”, дебди шифокор. “Хушхабар эса ўша миллионтадан биттаси менман, а? Демак, тузалишимга умид борми?” деб сўрабди бемор сўнгги илинж билан. “Хушхабарим эса шуки: сиз қаримайсиз! Хотирамизда умрбод мана шундай ёш ва навқирон бўлиб сақланиб қоласиз!” деган экан шифокор.
Сизнинг саволингизга келсак, кўраяпсиз, тождор вирус сабаб кўплар бандаликни бажо келтиришаяпти. Ажал ёшу қарига қарамайди. Эртага бирор кори ҳол бўлса, мана шу ижодкор шу мактабда ишлаган, деб хотирлашлари учун замин яратилаётганидан қувонсангиз-чи! Сиз ҳам хотирамизда суратингиздагидек сақланиб қоласиз ва сизни ҳеч қачон унутмаймиз!
Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Дастлаб ўқитувчининг бу гапидан кулишниям, аччиқланишниям билмай қолдим... Кейин хахолаб кулиб юбордим. Начора. У ҳақ.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР – Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 186-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.
Мусаввир: Шавкат МУЗАФФАР.
09. 05. 2021 йил.
«Муштум» журналининг мусаввири ва Халқаро Ислом Академиясининг “Зиё” студиясида Меъморий лойиҳалар бўйича координатор - Шавкат МУЗАФФАР (Шавкат Музаффарович ТУРОПОВ - Оллоҳ раҳматига олсин) суратимни дўстона ҳазил тариқасида чизган эди.
Суратга: "Ўзбек маданияти ва санъатининг энг фаол тарғиботчиларидан Музаффар Муҳаммадназарга самимият ила дўстлик ҳазили", - деб изоҳ битганди.
Шавкат аканинг руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин...