АТИРЛАР МАМЛАКАТИ


АТИРЛАР  МАМЛАКАТИ
ҳикоя

Мусаввир дўстим, ажойиб инсон - Гулнора Раҳмонга бағишланади.    

     Инсон умри бўйи  давомида орзу-умидлар билан яшайди. Балки ҳаётнинг асл ва мукаммал маъноси ҳам шудир. Агар инсон бутун умри давомида орзу қилган қайсидир ниятларига эришса, дунёдаги энг бахтли одамлар қаторига қўшади ўзини.
     Дилдора энг катта орзуларидан бирига эришди. У қирқ икки ёшида Францияни кўрди. Шарл Азнаур ёки Эдита Пиафнинг сокин ва ширали овозини тинглаганида, дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири бўлмиш Париж кўз олдига келарди.
     Мана, Францияда юрибди. Етти ухлаб тушига ҳам кирмаган шаҳар. Бошқа юртларни кўриш насиб қилар, деган хаёллар оғушида юрарди. Аммо Парижни, айниқса, Эйфель минорасини кўриш, минора тепасидан ям-яшил оламга бурканган гўзал ва озода шаҳарни кузатиш мисли кўрилмаган мўъжиза экан. У хизмат қилаётган тижорат банки компанияси томонидан тажриба орттириш учун юборилиши керак бўлган қиз кўричак билан оғриб қолиб, касалхонага ётқизилди. Ўрнига уни юборишларига тўғри келди. «Югурганники эмас, буюрганники», деганлари шу-да! Омад унинг қаршисига пешвоз чиқиб, қувонч билан кутиб олди.
     Мана, у Эйфел минораси тепасида қўлида фотоаппарати билан мағрур, бахтиёр ҳолатда турибди. Таржимони, француз йигити Андре ўзбек тилида равон гапиради. Андре шаҳар ҳақида билганларини завқ билан сўзлаб, саволларига  жавоб  бераяпти. Унинг Францияга келганига ўн кун бўлди. Икки кундан сўнг Тошкентда бўлади. Ўн икки куннинг ҳар бир лаҳзаси унинг учун катта байрам бўлди. Уйим, жойим, болам-чақам дебди-ю дам олиш ҳақида мутлақо ўйламаган экан.
    Францияга келаётган сайёҳларнинг охири кўринмайди. Айниқса, етмиш-саксонга яқинлашган, дунёнинг қай бир иқлимларидан саёҳатга келган чолу кампирларга ҳаваси келди. Онасининг ўзлари туғилиб ўсган қишлоқдан ҳеч қаёққа чиқмай, бир этак бола билан умргузаронлик қилганини минг армон  ичида  эслади. Онасига кўриш насиб бўлмаган кунлар унга муяссар этибди. Аллоҳга минг қатла шукурлар бўлсин!
     «Болам, узоқ-узоқларда қандай шаҳарлар бор экан-а? Уларда қандай одамлар яшар экан-а? Ўша юртларни, мамлакатларни отанг билан биз кўролмадик, лекин сизлар кўринглар. Ахир сизларни не-не умидлар билан ўша мамлакатларни кўрсин, деб ўқитаяпмиз, болам. Юрт  кўриш, сафар қилиш ҳар бир инсонга ҳам насиб қилавермайди”, дея-дея,  дунёдан ўтиб кетди онаси шўрлик.
     Дилдора икки-уч марта онасини зўрға кўндириб, Тошкентдаги уйига олиб борган. Лекин она қизининг саккизинчи қаватда жойлашган хонадонида уч кун зўрға чидаб яшаган эди. Ўзининг кенг, мўл, боғ-роғларга бурканган ҳовлисини дарҳол қўмсаб қолар, бир куни онасининг «Болам, нима бало, қўшниларинг билан уришиб қолганмисан, биров кириб, биров чиқмайди», дегани эсида.
«Оббо онажоним-а, ҳеч ким билан урушганим йўқ, бундай ниятим ҳам йўқ. Ҳамма ишда бўлади, бир-бириникига киришга вақт қайда дейсиз?» деганди ўшанда Дилдора кулиб. Ҳарчанд тушунтирмасин, онаси уни  тушунишни хоҳламаган…
     Дилдора ҳар куни Париж кўчаларини соатлаб пойи-пиёда, баъзида таржимон билан, гоҳида таржимонсиз кезарди. Тил билмаса-да, йўлида дуч келган одамлар билан имо-ишора қилиб гаплашиб завқ оларди. Калта иштон кийиб олган чолу кампир сайёҳлар билан суратга тушди. Чет эллик сайёҳлар учун пул дегани чўт эмас экан! Дилдорага ўхшаб пулларини тежашаётгани йўқ, айниқса, француз атри  сотиб олиш ташвиши уларда балки ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Дарвоқе, француз атри… 
     Дилдора сафарга тайёргарлик кўраётганида, қоғоз олиб рўйхат тузди. Эри, болаларига нималар олиши керак? Қизига чиройли кўйлак, ўғлига кўп чўнтакли пиджак, эрига иш сумкаси, ўзига француз атри олади. Ахир у атирлар мамлакатига кетаяпти. Пул тўплаб, икки марта «француз атри» деб сотишган кичик атирлардан харид қилган, лекин атирнинг фарқини аниқ айтиб бера оладиган дугонаси, «француз атри» деб ёзилган, лекин аслида қалбаки, деган гапларини эшитиб ҳафсаласи пир бўлган. Сафарга кетаётганида дугонасининг «ҳақиқий атирлар мамлакатига кетаяпсан, харид қилишни унутма, иложи бўлса менга ҳам олиб кел», деб  қўлига пул тутқазганини эслаб сергак тортди.
     О, аёл зоти! Ифорларни, хушбўй атир ҳидларини мунча ҳам севмасанг? Ўзинг ифорсан-ку, яна ифорларга буркангинг келаверади. Мана, ниятингга етдинг, пулинг етса бас, хоҳлаганингча сотиб олавергин.
     Аммо Дилдора ишлари билан андармон бўлиб, ўзига атир сотиб  олишни орқага сураверди. Кетишига бир кун қолганида уйига сим қоққан эди, гўшакни ўғли кўтарди.
— Ўғлим, яхшимисан? Яхши ўтирибсизларми? Эртадан кейин самолётга ўтираман!
— Биз сизни аэропортда кутиб оламиз, онажон! — деди ўғли суюниб.
— Сизларни жуда-жуда соғиндим, ўғлим. Ҳа, айтгандек, сенга, синглингга, дадангга совғалар олдим. Сен яхши кўрадиганинг — кўп чўнтакли кийимлардан…
— Ўзингизга-чи? Ўзингизга француз атри сотиб олишни унутмадингизми? Гапиринг!  Ахир атирлар мамлакатига  кетаяпман, деган эдингизку. Телефонга кўп пул тўласангиз керак-а?
— Хайр, ўғлим. Кўришгунча хайр! Ҳаммага салом айт! — деди Дилдоранинг томоғига нимадир тиқилиб.
     Телефонни қўйиб йиғлаб юборди. Таржимон йигит ҳайрон. “Тинчликми, нега йиғлаяпсиз?”, деб уч-тўрт марта сўради. “Тинчлик, тинчлик,- деди Дилдора ғамгин жилмайиб.- Шунчаки ўзим”…
Меҳмонхонага етгунига қадар бир неча марта йиғлаб олди. Минорадан тушаётганида  қайдандир  ширали ва майин қўшиқ янграётган эди,  ҳозир ҳам садо бериб турибди.
- Дилдора, - деди Андре. — Боя ўғлингиз билан гаплашаётганингизда «соғиндим» деган сўзни ишлатдингиз. Нима дегани бу? Яна қандай маъноси бор?
     Ўзбек тили бўйича  мутахассис  ва бу тилда  бип-бинойи сўзлаша оладиган  йигитга нима деб тушунтирса экан? Кўргим келди, деди, бўлмади. Шоир бўлса экан, чиройли сўзлар билан таърифлаб берса… Хуллас, «соғинч» деган сўз французларнинг луғатида йўқ экан, эринмаган Андре  анчагача китоб титкилаб ўтирди. Кетишига бир кунгина вақт қолди. Таржимонни чалғитиб дўконларни ёлғиз ўзи кезиб юрди. Атирлар дўконига кирди. Кириши билан оламжаҳон муаттар ҳидлардан боши айланиб кетди, умрида у ҳеч қачон бунчалик муаттар ҳидларни тўймаган. Бир-биридан гўзал, бир-биридан латофатли француз қизлари унга савол назари билан жилмайишди. Ўн икки кун ичида бу ердаги нарх-навонинг маъносини анча тушуниб етди. Ўртача ҳажмдаги атирнинг нархи 22 франк экан. Унинг ҳамёнида эса бор-йўғи 12 франк қолган, холос.  Фақат дугонаси берган пулга бир дона атир сотиб олди холос. Йўлида индамай давом этаверди. Хайр, Париж, хайр, француз атри!
     Бекатда уни излаб юрган таржимонга дуч келди. Яхшиям, ёнида у йўқ экан, бўлмаса, дарҳол атир олиб ҳадя қиладиган йигитга ўхшайди. Атир дўконига кирганини айтмади, шунчаки кетишдан олдин кўчаларни кезгим келди, деди-ю балога қолди. «Кездим» деган сўзнинг қандай маънолари борлигини изоҳлаб беришига тўғри келди.
     Ўн икки кун ўн икки лаҳза ичида поёнига етди. Дилдора Франция билан хаёлан хайрлашар экан, қулоқлари тагида ўғлининг «атир олишни унутмадингизми?» деган гаплари янграб кетди. Лекин аёлнинг қалбида шундай катта тўлиқиш ва ғурур пайдо бўлган эдики, юзта француз атри ҳам бу туйғуларнинг олдида ҳеч гап эмас. Онасининг армонларидан бирини амалга оширди. У самолёт пиллапоясига қадам қўяр экан, унга ҳамроҳлик қилган таржимон йигитга миннатдорчилик билдирди.
     Самолётда хизмат кўрсатувчи аёл чипталарни тарқата бошлади. Дилдора сумкасини очиб,  чиптасини солаётганида кеча дўконда димоғига уфуриб бошини айлантириб юборган муаттар ҳидни туйди. Чиптани тепасида жилмайиб турган хизматчи аёлга берар экан, кутилмаган совғадан негадир суюниб кетмади, кўнглида ёқимли сокинликни туйди ва хотиржам алфозда бошини ўриндиққа қўйди. Деразадан ташқарига қаради. Самолёт оппоқ, парсимон булутларга кўмилиб, учиб борарди.

Меҳринисо ҚУРБОНОВА.
2000 йил.Тошкент.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот