Гулруҳ Ёрматованинг Янги йил табриги
Ҳар йили янги арафасида қизим Қорбобога хат ёзарди. Албатта, бу хатда Қорбободан қандай совға кутаётгани ҳақида тўлиб-тошиб ёзарди у. Мен эса номаълум қорбобо бўлиб унинг тилагини амалга ошириш учун расталардан ўйинчоқ қидирардим. Янги йил тонги арчанинг тагидан совға топиб олган қизимнинг шодлигини кўриб, ўзимнинг ҳам қалбим қувончга тўларди. Ман икки йилдирки, қизим Қорбобога хат ёзмай қўйди. Чунки катта бўлди. Энди мўъжизаларга ҳам Қорбобога ҳам ишонмайди, албатта. Ўйлаб қарасам, янги йил болаларнинг қувонч-шодлиги, самимияти ва беғуборлиги билан янада тотли экан. Мен ҳамма инсонларнинг нафақат янги йилда балки, тақдир берган ҳар бир кунда олам-олам қувончга тўлиб яшашларини, ғанимат фурсатларни эзгулик, яхшилик йўлида сарф этишларини хоҳлардим. Неччи ёшга киришингиздан қатъий назар болалик беғуборлиги ҳеч қачон сизларни тарк этмасин. Зеро, дунёга бола лар нигоҳи билан қарасам энг катта муаммолар ҳам арзимас бўлиб қолади биз учун. Янги йилда инсонлардаги оддийлик, самимийлик ва беғуборлик хислатлари янада кўпайсин. Меҳр-оқибат йўқолмасин. Чунки ҳар бир инсон бу оламга бир-бирига меҳр ва яхшилик улашиш учун келади. Яхшиларнинг юрагидаги меҳр эса оламни ёритишга қодир. Янги йилингиз муборак бўлсин азиз, азиз яхши одамлар!
ҚОРБОБОДАН ТИЛАКЛАРИМ
1. Биринчи тилагим, энг аввало юртга тинчлик-хотиржамлик, фаравонлик ва тўкин-сочинлик сўрайман ҳамда жамийки яхши инсонларнинг нима орзу ниятлари бўлса амалга оширишини истардим. Чунки халқимизда аввал кўпга сўра, деган нақл бор. Бошқаларга сўралган тилак ортидан ўзимизники ҳам ижобат бўлиши синалган ҳақиқат.
2. Бу дунёда топган икки қувончим – ўғлим ва қизимнинг камолини кўриш насиб этишини ва фарзандларим юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етишини астойдил сўраган бўлардим.
3. Анча пайтдан бери бир нарсани орзу қиламан. Яъни бу дунёда биз ҳали чуқур англаб етмаган ва ўрганилмаган илмлар бор. Ана шу илмларни ўрганишга Аллоҳ менга изн ва имкониятлар беришини сўрардим.
ТИЛАКЛАРИМ
Инсон ёши улғайгани сари бу дунёда энг бебаҳо ва тақчил нарса меҳр эканлигини англаб бораверар экан. Тилагим – одамлар орасидаги меҳр-оқибат ҳеч қачон йўқолмасин. Келаётган йил одамийлик, эзгулик, самимийлик ва инсонийлик йили бўлсин, илоҳим. Ҳеч ким яқинидан бевақт жудо бўлмасин! Бу ғанимат дунёда ҳеч ким бир-бирининг дилига озор етказмай яшашини истайман. Зеро, дилозорлик қалбдаги энг оғир тош. Бу юк эзгуликлар макони бўлган қалбимизга шикаст етказмасин, илоҳим!
Гулруҳ Ёрматова - "Ҳуқуқ ва истеъмолчи" газетасининг Бош муҳаррири, "Ўзбекистон" радиосининг катта муҳаррири.