Орзу инсонни ёшартиради
Маънавият сабоқлари
Орзу инсонни ёшартиради
“Эрталаб ҳаво совуқ эди. Зокир исмли болакай майда моллар билан савдо қилар, савдодан топган фойдасини ўзининг қоғоз-қалами учун сарфлар эди. Бир куни болакайнинг қорни очлигидан ҳоли қуриб, ишлашга мадори қолмади. У ўйлаб-ўйлаб бирор хонадондан егулик сўрамоқчи бўлди. Отадан эрта етим қолиб онасига ёрдам бўлар, деб уйма-уй юриб савдо қилаётган болакайга кимнингдир раҳми келса, кимнингдир қаҳри келарди. Ўша куни болакай бир хонадон эшигини қоққан эди, ёшгина аёл чиқди. Нон сўрашга уялиб, бир пиёла сув беришини илтимос қилди. Аёл болакайнинг очиққанини сезиб, катта бир пиёлада тўлдириб сут олиб чиқди, бир тўғрам нон ҳам тутқазди. Зокир шошилмай сутни симирди, сўнг қанча беришини сўради. Бека пул олмаслигини айтиб, “Онамиз бизни хайрли ишлар қилишга ўргатган”, деди. Зокир эса: “Унда мен сизнинг хаққингизга дуо қиламан, бир куни катта одам бўламан-да, бу яхшилигингизни албатта қайтараман”, деди қувончи ичига сиғмай”.
Орадан йиллар ўтди. Зокир улғайиб шифокор бўлди. Бир куни уни оғир беморнинг аҳволини кўриш учун вилоят касалхонасига чақиришди. У беморни бир кўришдаёқ таниди. Текширувлардан сўнг уни ўз касалхонасига олиб ўтди ва жиддий муолажа қила бошлади. Ниҳоят касаллик ортга чекинди. Аммо сарф-харажатлар учун кетган пулни қандай тўлайман”, деб ўйларди. Шу пайт аёлнинг кўзи ҳамшира қиз тутқазган бир парча қоғознинг четидаги ёзувга тушди, унда “Бир пиёла сут ҳисобига тўлаб қўйилди”, деб ёзилган эди. Аёлнинг кўз ўнгида шошилмасдан сут ичаётган болакай гавдаланди. Ёноқларидан шувиллаб ёш оқди, Яратганга шукроналар айтиб, болакайнинг “Мен ҳали катта одам бўлиб, яхшилигингизни қайтараман”, деган орзусини эслади...
Ота-оналар ҳамиша ўзлари етишмаган орзулари рўёбини фарзандлари тақдирида кўришни истайдилар. Фарзандлари мурғаклигиданоқ келажакда ким бўлиши ҳақида ширин орзуларга бериладилар.
Бир аёлни биламан, турмуш ўртоғи қирқ ёшида қандли диабет касаллиги билан оламдан ўтган. Ёлғиз ўзи беш нафар фарзандни оёққа қўйган. Тунларни тонгларга улаб меҳнат қилган, кундуз куни фабрикада тикувчи бўлиб ишлаб, тунлари дўппи тикиб, яна қўшимча равишда фаррошлик қилиб, ҳаётини изга солган. “Ўқиган одам бировнинг қўлига қарамайди, меҳнат инсонни улуғлайди, кўкларга кўтаради, ҳаётда ўз ўрнингизни топинг” дея фарзандларини меҳнатга, илм олишга ўргатган. Уларнинг келажаги ҳақида ширин орзу қилишдан чарчамаган, фарзандларига ҳам орзу қилиш ва орзуга етишиш учун куч бахш этолган бу фидойи аёл бугун орзулари рўёбини кўриб, фарзандлари бахтию, набиралар қуршовида пиру бадавлат бўлиб яшамоқда.
Мен олийгоҳни тамомлаб ўзим севган соҳада иш бошладим. Озми-кўпми ютуқларга эришдим. Бироқ мен ўз ишимда касбий жиҳатдан ўсиб боришимни бошлаганимда катта даргоҳларда ишлашни, катта давраларда бўлишни, катта тажрибага эга бўлишни орзу қилардим. Бу ҳақида мен яқин дўстим, ҳамкасбимга айтганимда, у кулимсираб, “Мен шу ердан нафақага чиқмоқчиман, сенга бу ер торлик қиляпти чоғи”, деганди. Мен ўз ишимни севишимга, иш жойим жуда шинам,хавас қиладиган бўлишига қарамай, орзуларим жуда узоқ-узоқларга тикилган ва мен бу кичик жамоада қолмаслигим керак эди. Мен кетдим ва бундан сира афсусланмайман. Аста-секин, лекин ишонч билан ўз орзуимга яқинлаша бордим. Ўзим орзу қилгандек жуда катта даргоҳларда ишладим, катта давраларда бўлдим, ўзим хоҳлагандек катта тажрибага эга инсон сифатида устозга ҳам айландим ва билдимки, инсон учун чин дилдан қилинган орзу унинг учун яшаш тилсими бўларкан. Ҳамкасбим эса ҳамон ўша даргоҳда меҳнат қилмоқда. Баъзан учрашиб қолсак, “Инсон орзу қилишдан қўрқмаслиги керак экан”, деб қолади.
Яқинда бир дугонам билан учрашиб қолдим. У билан болалик йилларимизни, болаликдаги ширин орзуларимизни ёдга олар эканмиз, у негадир норози оҳангда гапириб қолди.
— Одам орзу қилишда ўйлаброқ иш тутиши керак экан. Ёдингда бўлса, ёшлигимизда нуқул, “мен ҳаммаларингдан биринчи турмушга чиқаман, менинг турмуш ўртоғим жуда кўркам, меҳрибон ва садоқатли бўлади. Бирга юрсак, ҳамма бизга хавас билан қарайди”, дердим. Тақдирни қарагинки, худди ўшандай бўлди. Ўзим орзу қилгандай инсонга турмушга чиқдим. Аммо мен аҳмоқ, ҳақиқий эркаклардай оилапарвар бўлади, топиб-тутадиган, оиланинг моддий аҳволи ҳақида қайғурадиган инсон бўлади, демаган эканман. Мана ҳали-хамон оила ташвишлари менинг зиммамда, турмуш ўртоғимнинг иш борасида сира омади юришмайди. Уйда болаларга қараб ўтиради, мен эса рўзғор тебратаман”.
Инсон учун орзу қилиш жуда муҳим. Баъзида хаёлот кучи билимдан ҳам кучли бўлади. Ҳақиқатга яқинми, йўқми биз ҳаммамиз хаёл сурамиз, орзу қиламиз. Шундай эмасми? Бирор ишни режалаштирар эканмиз, биз уларни амалга ошириш борасида хаёлларга бериламиз. Чунки орзулар инсонни озиқлантиради, кучли қилади ва мақсад учун курашга тоблайди.
Бугун менинг ҳаётий хулосаларим айнан орзу борасида шундай, инсон учун дард — ўткинчи, афсус-надоматлар — ўткинчи, қалбда илдиз отмайдиган мусибатлар — ўткинчи, аламли туйғулар таъсирида келадиган бахтсизликлар ўткинчи. Аммо инсон учун бир ҳақиқат аёнки, ҳеч қачон орзу-истак ўткинчи бўлолмайди. Янги-янги орзу-истаклар инсонни ёшартиради, яшашга бўлган умидини улғайтиради. Ниятим — орзу-умидларимиз сира завол топмасин.
Феруза ОРИПОВА