Маърифатга йўғрилган умр
Неъмат Дўстхўжаев таваллудига бағишланади
Неъмат Дўстхўжаев 1910 йил 10 февралда Тошкентнинг Оқмачит маҳалласида туғилган. У Ўзбек миллий театри, радио ва телевидение санъатининг дарғаларидан бири. Олий тоифали режиссёр.
Неъмат Дўстхўжаев ўзбек миллий театр санъатининг асосчилари Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Ладигин кабилари билан бир сафда меҳнат қилиб радио ва телевидениенинг тамал тошини қўйганлардан бири.
Бағри кенг, самимий характерли Неъмат ака юксак қалб эгаси, серғайрат инсон бўлган. Ғайратлари доим жўш уриб турган, ундаги шижоат бошқаларга ҳам юқиб ижодкорларга илҳом бериб турган.
Бир сўз билан айтганда, Ижод ичида қайнаган инсон.
Ўрта ёшдагилар яхши эслашса керак, радиода оқшомлари ёқимли мусиқа бошланиб, эртакчи бобонинг ёқимли овози эшитиларди. Эртакларни образга кириб ўқиб эшиттиришни айнан Неъмат Дўстхўжаев маромига етқазган. Ёки Чеховнинг асари “Каштанка” асари асосида тайёрланган радиопоставка болалигимизнинг севимли асари бўлган. Бундай мисолларнинг кўплаб келтиришимиз мумкин. Актёр ва режиссёр бўлган Неъмат Дўстхўжаев томонидан ҳар қандай эшиттиришлар кўрсатувлар ҳалқимиз томонидан илиқ кутиб олинган. Нафақат санъаткорларнинг, барчани меҳрини қозонган
Ёзувчи, кинодраматург Фарҳод Мусажонов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баходир Абдуллаев, актёрлар Наримон Латипов Ўзбекистон халқ артисти Суръат Пўлатов. Дубляж устаси Санжар Саъдуллаев, элимиз суйган дикторлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, диктор Насиба Ибрагимова, Насиба Мақсудова, Дилбар Ғуломовалар ўзларига устоз деб билганлар. У жуда кўп ёшларни кино, театрга қизиқтириб, уларнинг журналистига режиссёрлик, актёр бўлиб етишишларига сабабчи бўлган. Ҳозир ҳам ёши улуғ инсонларимиз Неъмат Дўстхўжаевни яхши хотиралари билан эслашади.
Меҳнат фаолиятини 1928 йил радиода чанг чалиб бошлаган Неъмат Дўстхўжаев Юнус Ражабий номидаги бугунги Мақомчилар анснблининг ташкил этилишида бош қош бўлганлар, узоқ йиллар шу ансаблда чанг чалган.
1937 йилда Ёш томошабинлар театрида актёр, режиссёр бўлиб фаолият юритган. У Хамза номидаги ўзбек давлат театрида 1941 йил актёрлик фаолиятини бошлаб, бир қанча ролларни ижро этди. Шунингдек, режиссёрлик фаолиятини ҳам олиб борган. Кўпчилик «Ҳамза» драмасидаги Холхўжа образини яратган Неъмат Дўстхўжаевни яхши эслашса керак.
1947-1950 йилларда Театр ва рассомлик институтида таҳсил олган. 1961-1983 йилларда Ўзбекистон радиосида радиорепортаж, радиоочерк, эшиттиришлар яратиб, радио тингловчиларни меҳрини қозонган. Ўзбекистон радиосида бош режиссёр бўлиб фаолият юритган. Фаолияти давомида радиопостановкалар яратиб олтинга тенг маънавий меросимизни бойитган. Ўша пайтдаги Пионер эрталиги эшиттириши қанча болаларни ижод оламига олиб кирган
Неъмат Дўстхўжаев ҳаёти ва ижод йўли бўлажак ижод аҳли учун катта мактаб, ҳали уни ўрганилмаган қирралари кўп. Шу ўринда суяги шу соҳада қотган, умрини маърифатга бағишланган инсон ҳақида кўрсатувлар тайёрланиб, ёшларга ибрат мактаби яратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бутун умрини санъатга бағишлаган инсонни ҳаёти ва фаолияти бўлажак журналист санъаткор учун яхшигина рисоладир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, (1963) «Эл-юрт ҳурмати» ордени, (1997) билан тақдирланган. Ўзбекистон Республика театр ижодкорлари уюшмаси аъзоси (1999). Олий маълумотли режиссёр.
Маърифатли инсон Неъмат Дўстхўжаев 2002 йили 92 ёшида вафот этган.
Ҳилола Иброҳимова, журналист.