Дилбар Икромова (1947 – 2020)


   Театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти – Дилбар Икромова 1947 йилнинг 17 Июль куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. 
  1970 йилда А. Н. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг «Театр ва кино актёри» факультетини тугатган. 
   Дилбар Икромова талабалик йилларида-ёқ Ҳамза номидаги театрда саҳналаштирилган «Бой ила хизматчи» спектаклидаги Мастон ролини ижро этган. Бу ролни қойилмақом қилиб ўйнаган ёш актрисанинг иқтидорини сезган машҳур режиссёр Тўла Хўжаев актрисани ўқишни битириши билан театрга ишга таклиф қилган. 
   Дастлабки ижросининг муваффақиятли чиқишидан руҳланган ёш актриса ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳнага қўйилган спектаклларда бирин-кетин Зубаржад (М. Карим, «Ой тутилган тунда»), Озода (И. Султон, «Имон»), Роллер (Шекспир, «Қароқчилар»), Фекла Ивановна (Н. Гоголь, «Уйланиш»), Дилором (Э. Воҳидов, «Олтин девор»), Рисолат (С. Аҳмад, «Уфқ»), Нигора (С. Аҳмад, «Келинлар қўзғолони»), Она (А. Қодирий, «Меҳробдан чаён»), ҳамшира (Ў. Умарбеков, «Қиёмат қарз»), Момо (Э. Хушвақтов, «Чимилдиқ»), Момо (Э. Хушвақтов, «Қаллиқ ўйин») каби ролларни маромига етказиб ижро этиб, томошабинларнинг эътиборини қозонган. 
    Театр санъатида ўз ижодий қиёфасига эга бўлиб, кўпчиликнинг назарига тушиши Дилбар Икромовани 80- йиллардан бошлаб кинога ҳам таклиф этишган. Киносценарист Эдуард Акопов ёзувчи Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» комедияси асосида киносценарий ёзган. Ана шу сценарий асосида кинорежиссёр М. Абзалов 1984 йилда «Келинлар қўзғолони» бадиий фильмини суратга олиб, Сотти ролига Дилбар Икромовани таклиф этган. Актриса Сотти ролини маромига етказиб ижро этган. Сўнгра у «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган фильмларда Телба аёл (З. Мусоқов, «Қалдирғоч»), Она (С. Назармуҳамедов, «Ёлғиз ёдгорим»), Она (С. Назармуҳамедов, «Чаёнгул»), Момо (М. Абзалов, «Чимилдиқ»), Полвон (М. Абзалов, «Қариб қуюлмаган»), Она (Мин Денг Хун, «Йиғлама, бари яхши») ҳамда Р. Муҳаммаджоновнинг «Олтин девор», И. Эргашевнинг «Ўғриям одам», «Шариф ва Маъриф», «Катта жанжал» фильмларидаги ролларни муваффақиятли ижро этган. 
    Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган «Қутлуғ қон», «Баҳор қайтмайди», «Очилган қўриқ» ва бошқа видеофильмларда яратилган ҳаётий образлар, республика радиосида тайёрланган радиоспектакль, радиоинсценировкаларда ижро этилган роллар актрисанинг телевидение ва радиодаги кўп йиллик ижодининг маҳсулидир. 
   Дилбар Икромованинг серқирра ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. У 2001 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлган.
   Ўзбекистон халқ артисти – Дилбар Икромова 2020 йилда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот