ЁРУҒ ДИЛГА ДАРЗ КЕТДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ  
 ЁРУҒ ДИЛГА ДАРЗ КЕТДИ 
         ҳикоя
      
     Шифохонанинг нуфузли палатасида ўз ўрнида чўзилган кўйи қўлидаги китоб қаърига шўнғиган Раҳим Ашурович туйқус жиринглаб қолган қўлтелефонни бехафсала олиб, овозбаландлатгич тугмасини босди-да,  яна тумба устига қўйди. 
— Эшитаман! 
— Ассалому алайкум. Яхшимисиз, хўжайин? Бугун Сизни бир бориб кўрайлик девдим... Ёнимда Тожиқул ҳам бор.
      Кенг-мўл, ҳашамли хонада Жўранинг ўктам овози жаранглаган бу кезда, Тожиқул унга ҳавасу ҳаяжон билан,  ялтоқланиб қарарди. 
 — Оввора бўлманглар, Жўравой!. Ахир кеча ҳам келиб кетдингиз. Бир ҳафтадирки ҳар куни... 
— Хўжайин, энди Сизни кўрсак куч оламиз. Очиғи, соғиндик... 
     Раҳим Ашурович бироз ҳижолат тортди. Меҳри ҳам ийиди. Кўнгил эканда-а, дили ёришди.  
      Тағин  китоб  қаърига шўнғиди. 
      Тумба устида нимадир тақиллади, шиғиллади, кимдир бўғиқ йўталгандай бўлди... ва бирдан хонани яна Жўранинг ўктам овози  тутди: 
— Э-еей,  у жудаям пихини ёрган, уккағар! Танишлари ҳам виж-виж. Чакана эмас-да, ўзиям. Қўли узун. Мен ўлиб-нетиб қоладими, деб қўрқувдим. Ўлса ишимиз чала қолиб кетарди... Майли, тузалиб чиқсин, анови айтган жойим бор-у, ўша ерга мени ўтқазиворинг, дейман. Сен менинг ўрнимни эгаллайсан. Ўсасан... Так что, бозорликни яхшилаб қилавер. Берган  Худога ёқибди... 
 — Сизни ўша ёққа ўтқазмаса-чи?, — чийиллоқ, нимжон овоз эшитилди. 
 — Ўтқазади. Кўнглим сезаяпти. Бу ёғи ҳал бўлади. Бунинг ўлмай қолгани бизга яхши. Жони қаттиқ экан...
— Сиз ҳам зўрсиз, — яна чийиллоқ овоз чиқди. 
 — Тўриғи тойрилмаган, йўриғи қайрилмаган унинг. Уҳҳ, қара, зўр гап келди-я, калламга.  Баъзида қайси гўрдаги шундай гаплар калламдан сакраб чиқиб қолади. Ҳе-ҳе-ҳе... 
— Гапга устасиз-да,  устоз! — чийиллади Тожиқул. 
     Раҳим Ашурович гоҳ ўктам, гоҳ сичқоновозда “сайраётган” қўлтелефонига карахт бўлиб қараб турди-да, худди гуноҳ иш қилиб қўйган каби бир сапчиди ва уни тумба устидан олиб шартта ўчирди.  
      ... Хона деразасидан ҳовли адоғига кўз югиртирган Раҳим Ашурович анвойи гуллар ичра тортилган йўлак бўйлаб шошиб келаётган ўз ходимлари — Жўра ҳамда Тожиқулни кўрди. Икковининг ҳам қўли банд; елимхалталар кўтариб олишган. Раҳим Ашурович қаҳрли илжайди. 
       Ана, Раҳим Ашуровичнинг данғиллама палатаси. Ҳамшира қиз унинг эшигига бир вароқ оқ қоғозни илди-да, зипиллаб жўнаб қолди. Икковлон эшик олдига боргач,  қизиқиб қарашди;  эълонга ўхшаш нимадир...  “Тўриғи тойрилмаган, йўриғи қайрилмаган...”, — деган иддаони биринчи марта эшитишим. Қойилман, Сен болага!”, — деган ёзувни ўқишди.
     Тожиқул меровланиб турди.. Жўра... Жўранинг эса ич-ичидан нимадир узилиб кетгандай бўлди-да, тепки еб ғингшиган кучукдай ожиз овоз чиқарди. Энди унинг овози ўктам эмас эди. 
     Иккиси ҳам тошдай қотишди. Ҳа, тошдай... Ё қайтиб кетишгани дурустмикин?  Ичкарига киришадими? Қандай киришади, нима деб киришади? Бу ёғи менинг ишим эмас...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот