БАТТАР БЎЛ, ҲАММАНГ!


Қўчқор НОРҚОБИЛ  
БАТТАР БЎЛ, ҲАММАНГ! 
   ҳикоя 
--- Бўлмасманга бўлишма, тарафини олиб олишма. Бўларманга болиш бўл, эти - тирноқ қориш бўл! Тамом.Бу бола одам бўлмайди. Кўрнамак. 
--- Тўғри айтасиз, Иззатилло Ҳикматиллоевич! Ҳатто Сизни ҳам менсимайди-я, эшаккалла,--- муддоага муҳр урди ҳисобчи Ҳосила.---Ҳайдаш керак!
--- Изатилло Ҳикматиллоевич, кўнгилчанлик не керак,--- минғирлади Нурматилло. 
--- Яхшиси  барчамиз хўжайиннинг ҳузурига борайлик. Бу бола кўнгилга тушган қурт бўлди.Фақат ўзиникини маъқуллайди. Йўқотиш керак.--- Индамас Қудратиллонинг ҳам жизғанаги ўт олди. 
      Хуллас, кичик бўлимнинг марака - мажлисдаги  хулоса шу; Ғайратжонни кетказиш керак.
   Шу тўрт ялтоқининг ялласи Яманга етаман деб турган авж паллада эшик шартта очилди-ю хонага Ғайратжоннинг ўзи кириб келди. 
--- Нима гап? Мен Сизни чақирмовдим,--- бўзарди бошлиқ. 
--- Қурилмалар эски, шалағи чиққан. Сифатли маҳсулот чиқариб бўлмайди. Умуман, ускуналарни алмаштириш керак. Кейин, ривожланиш режасини ишлаб чиқишимиз лозим. Бўлимнинг бор-йўқлиги билинмаяпти. Мана, менинг таклифларим.--- Янги ходим Ғайратжон қўлидаги қоғозжилдни столга қўйди.
     Хонадагилар унга "Ойдан тушган ойтовоқмисан?", деган каби қарашди. 
--- Майли, кўриб чиқаман бораверинг.--- Бошлиқнинг энсаси қотди.
     Ғайратжон чиқиб кетди.
   Бошлиқ ўхшаса-ўхшамаса, мақолни тақалга, тақални шақолга едириб гапиришни хуш кўргани учун ҳам, қаршисидаги хушомадгўйлар, манфаат учун тўнкани тоға, танкани оға дейдиган қавм ундан андоза олиб гапиришга чиранардилар. 
--- Қаноти қайрилмаган...
--- Пихи ёрилмаган...
--- Тарвузи пишмаган...
--- Сурлиги сурнай чалади...
   Унинг ортидан шундай пичингалар  пичоқ қайради. Ғайратжон ҳам буларнинг қичима гапини писанда этадиганлар хилидан эмас. Буларнинг тенгини берарди: "Чучмал гапинга чукимни қўйдим..."
    Хуллас, мақолчи - тақалчи бўлим аҳли Катта хўжайиннинг ҳузирига киришди.
--- Хўш, чақиртирганмидим? 
-- Биз ҳалиги, ҳалиги... янги укамиз, йўғей, янги ходим Ғайратжон хусусида... Бўлимдагилар ҳаммамиз келишдик... 
    Шу тобда катта хўжайиннинг телефони жиринглаб қолди. 
--- Албатта, албатта,  Юксакбек Тўраевич!  Гапингиз гап. Бу йигит ўзимнинг эътиборимда бўлади. Шундай азаматларга имконият беришимиз керак.Улар ахир дунё кўришган. Хўп. Исми...Исмларини ким дедингиз. Хўп. Шундай ёшларга ишонамиз. Ҳа, шахсан ўзимнинг эътиборимда бўлади.
      Катта хўжайин хурсанд ҳолда телефонни қўйди. Қўлларини бир - бирига қарсиллатиб урди. Қаршисидагилар  чўчиб тушишди. 
--- Хўш, ишлар беш!,  --- Уларга юзланди катта хўжайин.--- Оббо, сизларей, ҳамма нарсани олдиндан ҳид биласизлар-а?
--- Биз ҳалиги, Ғайратжон масаласида...
--- Юқоридан ҳам қўнғироқ бўлди. Ғайратжонни мақташди. Сизларга ишонамиз дейишди.Ёш, келажаги порлоқ дейишди.--- Катта хўжайин ҳамон ҳаяжон оғушида эди.
--- Ҳа-я, ақилли тиришқоқ бола,---довдиради кичкина бошлиқ. 
 --- Чиндан ҳам ғайратли.
--- Одоби юксак.
---Ҳаммамизга ўрнак.
   Кичик бўлимнинг майда одамлари энди тўнларини тескари кийиб олишганди. Ғайратжонни мақташга тушгандилар. 
    Катта хўжайин уларга қараб яна жилмайди: 
--- Ана шундай иноқ бўлинглар! Менда бошқа гапларинг йўқми?
--- Йўқ. Йўў..,--- мижғовланди кичкина бошлиқ.
--- Ундай бўлса,  бораверинглар. 
    Улар ичкаридан худди бир офатдан қутилиб қолган каби қабулхонага  ҳансираб чиқишди. Шу тобда қўлоғига  қўлтелефон  мосламасини тиқиб олган котиба кимгадир ўзича пичинг қиларди:  
--- Баттар бўлларинг. Бу кунларингдан ўлганларинг яхши. Сенларга бу ҳам кам, дейдиган одам йўқ. Хуллас, томошани кўр...
    Тўртовлон аллахиёл бўлиб котибага қарашди. Кичик бошлиқ  бир сесканиб қўйди. 
   ...  Эртасига кичкина бошлиқ Ғайратжонни чақирди. Хонасида шунчаки, ,  хос мажлисча бўлди. Бўлимдагилар Ғайратжонни мақташди. Кўкларга кўтаришди. Келажагимиз умиди,  ҳаётимизнинг  йўлчироғи,  ишхонамиз юлдузи...  ва ҳа.. коза гаплар айтилди. Ғайратжон ҳайрон. Ғайратжон лол. Ғайратжон қизаради, ўзини ноқулай сезади. Начора, суяксиз тил гоҳида музни эритиб, сувни қайнатади. Бугун одамлар  бир- бирини мақтайдиган кун шекилли.
--- Хуллас, Ғайратжон, барча таклифларингизни амалга оширамиз,--- деди кичкина бошлиқ.
--- Фидойилигингиз учун Сизга  шу ой ҳисобидан мукофот пули ҳам ёздик,--- гул-гул ёниб, товозе қилди Ҳосила ҳисобчи ҳам.
--- Яшанг, ука ! --- Томоқ қирди Нурматилло.
--- Фахримизсиз!--- Илжайди Қудратилло.
    Шу маҳал эшик очилиб остонада катта идоранинг ходимлар бошқармаси бошлиғи Суҳбатилло пайдо бўлди. Қўлтиғида қоғозжилд. 
--- Яхши. Ҳаммангиз йиғилиб турган экансизлар. Айни пайтида келибмиз. Сизларга янги ходим келди. Хабарингиз бор, кеча шефнинг ўзлари ҳам айтган эканлар.--- У кичкина бошлиққа юзланиб давом этди --- Иззатилло Ҳикматиллоевич, албатта, ўзингиз иш ўргатиб, шогирдликка оласиз. Келажаги порлоқ йигит. 
    Суҳбатилло ортига бурилди-да, эшикни очиб, кимнидир қўли билан чорлади..Остонада пўрим кийинган дорроз йигитча пайдо бўлди,  хонадагиларга беписандгина қаради. 
--- Танишинглар,  Ғайратжон Нишонович Юксаков!
      Хонадагилар тахтадай қотишди.
--- Ғай...Ғайра... Ғай...,--- дудуқланди кичик бошлиқ.
--- Ғайратжон!  Ҳа, исмлари Ғайратжон!,--- ўсмоқчилади Суҳбатилло. 
      Ҳамма  хонадаги Ғайратжонни унутиб,  остонадаги Ғайратжонга юзланганди.
                                            
 11.01.2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот