ЖОНИҚУЛНИНГ ЖАЗОСИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЖОНИҚУЛНИНГ ЖАЗОСИ
Ҳикоя

     Жониқулнинг бошида бир бало айлангани чин. Субҳи-саҳардаёқ, сўфи сув изламай қабристон ёнида, отам замонида экилган, шохлари осмонни суяб турган  ёнғоқ остида бино бўлади. Ўриси, йиғма — шақур-шуқур, алмисоқнинг ардоғи бўлган кроватини ёйиб, таппа ташлаб чалқайрамон ётади-да, худди ёнғоқ баргларини санаётган каби тепага телбанома  кўз қадайди. Симётоқнинг ўртасида тортилган қалин жигарранг бўз худди ҳомиладор аёлнинг қорнидай осилиб туради. Барзанги Жониқул бир қимирлаб қўйса бас, “бўзқорин” ерга тегай-тегай деб оғир чайқалади.
   Бекорчининг беклиги, андишанинг йўқлиги. Четдан қараган одамга Жониқулнинг бу даври-даврони жудаям хунук кўринади.
   Гулдайгина Гулсум жиянини шу бепарво-ю, бепардага беришганидан кўнгли доимо доғ Насим полвон Жониқулнинг қилга қийиқ қилиқлари эл-эламонга элагу эрмак бўлганидан изза тортиб қўл силтади-да, одати бўйича юрагида тошган ўкинчу надоматни туйқус хаёлига келган учирма гапга қўшиб нафрат  палаҳмонига солиб ирғитди: “Бўлмасманга бўлишма, орасига тушиб олишма! Бўладиганга болиш бўл, эти-тирноқ қориш бўл! Ўлдираман, энағарди...” Полвон жаҳл билан қабристон томон йўл олувди, хотини ҳай-ҳайлаб остонада тўсиқ бўлди: “Сизга нима зарил экан-а, тоғдай тосирдиган ака-укалари, жиянлари бор, ана, шулар йиғиштириб олишсин. Тепкингиз тегирмонни юритмасин бунча. Энди бир камим Жониқул кални жонимлаб, банисама-баниса қатновим қолувди. Уйга киринг-э...” 
    Насим полвон важоҳатидан тушди, хотинининг жон-жаҳди сирқираб жазава олиши унинг шаштига шамол урди. Индамайгина ҳовлига қайтиб кетмонни олди-да, боғ адоғига юрди, ҳансираб ерни зирқиратиб кетмон ура бошлади, хотини ҳам сезди;  полвон ўз назарида ерга эмас,  анови, қилғилиғи қўнғизга қизил ургулик Жониқулнинг устидан кетмон солаяпти. Майли, ҳовуридан тушса тин олади. Елкаси енгил тортиб, номус юки эрийди.
    Хуллас, қабристон ёнидаги марказга туташ чорраҳада онда-сонда улов ўтсагина бир қимирлаб қўядиган Жониқул ёз оқшомининг бирида чўнтагини ақчага тўлдириб, уйига сархуш қайтди. Хотини Гулсумга ғалати қараш қилиб илжайди-да, дастурхон устига бир ўрам пулни тапиллатиб ташлади. Хотин анграйиб қолди. Шунча пайтдан бери миқ этмай, тонг-азондан кўчага чиқиб, ярим тунда тиқ этмай қайтгувчи, элдан айрилиб одамовиликка йўлиққан эрининг бу кароматидан лаҳзада хаёли минг бир кўчага кириб чиқди.
     “Ўғирлик қилдимикин? Бировдан тортиб олдимикин, топиб олдими ё?” Туппа-тузук ишини ташлаб, ёнғоққа ёпишиб қолган  бу одамовининг айни чоғдаги ҳолати хотинни ҳайрон этиши табиий эди.
—  Қаердан олдингиз бунча пулни?, — жавдиради аёл.
— Сенинг ишинг бўлмасин. О, оп қўй! Бемалол ишлатавер.
    Тонгни тағин Жониқул уйғотди. Йиғма кроватчасини елкалаб,  амирнинг сарбозидай бўлиб яна ўша ёнғоқнинг остида ҳозир бўлди. Ҳали қишлоқ тугул шаҳарда ҳам унча-мунча одамда йўқ қимматбаҳо қўлтелефонини олиб аллақаергадир қўнғироқ қилди:
— Мен жойимдаман. Хавотир олманг! — Кейин ана шу матоҳни ён чўнтагига уриб, ўзини ёйма кроватга ташлади, ёнғоқ баргларига кўз солди.
   Тонг чекиниб, кун ёйила бошлади. Жониқул жавониб жамолига бепарво ҳолда ёнбош ётиб, чорраҳадан кўз узмади. Ҳар-ҳар замонда чўнтагидаги телефонга қўл теккизиб кўради. Бугун якшанбалиги учунми, кун ёйилмасдан атрофни шовқин тутди. Ҳаким тирриқнинг тариллоқ тракторидан тортиб, Мамат милтиқнинг матоциклигача “жон кириб,” марказ томон ғизиллади. Енгил уловни-ку айтмасак ҳам бўлади. Тўрт қишлоқнинг йўли туташ бу жойдан ўзимизникидан тортиб, хорижнинг ҳайбатли мошиналаригача шувиллаб  ўта бошлади. Қаерга бўларди, бозорга-да. Биров шошади, биров бемалол, хуллас, итинг йўқолса, бозордан топасан. Қари-қури, ёш-яланг бозорга ошиқади.
    Жониқул томон кимдир ачиниб қарайди, биров ишшаяди, яна биров бош чайқаб қўяди: “Эссизгина одам-а, дарднинг ҳам тури кўп эканда-а? Шўрлик ёнғоқдан бери келмайди...” Ичи ачиб қараганларнинг кўнглидан шундай гаплар ўтади, кулганлар эса калаканинг камига лой уришади. Мазахнинг мазасини хуш кўргувчилар учун Жониқул эрмак. 
    Кунлар шу тарзда ўтаверди. Одамларнинг парвосига ҳам келмай қўйди. Жониқулсиз қолишибдими? Неча бор айтганлар бўлди, эсингни йиғ, бу нима қилиқ деб, барига қўл силкади. Ҳатто ўн яшар ўғли Содиқжоннинг дераза раҳидан йиқилиб ана кетди, мана кетди бўлиб, нафаси кирди-чиқди ҳолда шифохонага олиб кетишганда ҳам,  у мана шу ёнғоқ остида ёронгул бўлиб ётарди.
    Ўғлининг шифохонадалигини ярим тунда уйга келгач, хотинидан эшитди.
— Қанақа одамсиз-а,  шунчалар ҳам дунё бехабар бўласизми?!  Ҳайрият, қўшнимиз Қудрат ака боламнинг жонига оро кирди, улови билан вақтида касалхонага олиб бормаганда, боладан айирилиб қолардим. — Хотини  ичкари хонага кириб кетди. 
   Жониқул жим қотди. Тош бўлди. Серрайиб турди. Ташқари чиқиб ўчоқ ёнига чўккалади. Чекди. Ён чўнтагида бир тахлам пулни чиқариб дераза токчасига қўйди-да, ҳовлидан чиқиб кетди. Анча маҳалгача айланиб юрди. Ўзича тўнғилларди:  “Сенлар нимани ҳам тушунасанлар, ғалчалар...”
     Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Гулсум қўшниси Қудрат аканикига бир тоғора ош, у-бу нарса олиб чиқди. Бечора яхши одам-да, пул узатувди олмаганди, ўшанда... “Одамгарчиликни осмон босиб қолган деб ўйлайсизми, келин?! Пулингиз керакмас”, —деб жеркиб, астойдил хафа бўлувди. Ҳеч бўлмаса, миннатдорлик билдириб қўяй, деган ниятда қўшнисиникига чиққан Гулсумни тўн қовиб ўтирган Нури опа бироз нохушлик билан қаршилади. Омонат аҳволда Гулсумнинг қўлидаги нарсаларни олиб, унга жой кўрсатди.
— Опажон, хўжайинингиздан бир умр миннатдормиз. Сизларнинг борингизга шукр. Ўша куни боламни касалхонага вақтида етказмаганимизда, билмадим, айтишга ҳам тилим бормайди, — Гулсум ҳижолату миннатдорлик туйғуси билан Нури опага қимтиниб қаради.
— Худойимнинг ўзи асраган. Биз бандалар сабабчи бўламиз, айланай. Ўғлингиз яхшими?
— Худога шукр, кейинги ҳафта чиқиб қолади.
— Нега бунча овора бўлиб юрибсиз, айланай. Ўзим ҳам шўрва осгандим.
— Акам, болалар билан бирга енглар, деб,  ош опчиқдим. Бугун якшанба. Ҳаммалари уйда бўлади, деб, келевердим.
   Нури опа бироз маҳзун тортди, ўкинди:
— Акангиз бозорда. Ўғлимиз армиядан келса сўямиз деб турган семиз қўйимизни сотгани олиб кетувди. Кўрмайсизми, аллақаердан иштараф кепти. Икки миллион дейдими, шунча. Машинада тез юрдинг, бунинг устига қизил чироққа ҳам қарамадинг, деб ёзибди.
    Гулсумнинг кўнгли алланечук бўлди, бир қалқиб қўйди. Хаёлида шундай гаплар кечди:  “Ўша, ўша куни ўғлимни касалхонага олиб бораётганда мошинни учириб ҳайдовди, нима бўлса бўлди келин, болангиз соғ-омон қолса бас, деб чорраҳадаги қизил-мизилга ҳам қарамаганди. ГАИ йўқ-ку, худо ишимизни ўнглади, деб хотиржам ҳам бўлувди...”  Гулсум ўзини гуноҳкор сезди, изза тортиб ерга қаради. Шу тобда айвонда шалоқ велосипедини ағдар-тунтар қилаётган Ҳошимжон гапга суқилди:
— Бир бизга эмас, маҳалламиздаги ҳамма машинаси борларга жарима кепти. Ана, Тожи тоғамга ҳам уч марта жарима ёзишибди. Тезликни оширдинг деб. Расмини ҳам юборишибди. Ҳамма қоидабузарликлар қабристон ёнидаги чорраҳада бўлаяптийкин. Тўғриси, — бола жим турди, кейин юзига қаҳрли тус берди,  —  тўғриси, сизнинг эрингиз Жониқул ака шипионлик қилиб, ҳаммани расмга ё видеога олиб, ГАИларга бераяптийкан. Тоғангиз Насим палвон шу сотқинни ёриб ташлайман, деб излаб борса, кроватини ортмалаб бошқа жойга пойлоқчилик қилгани кетиб қолган экан.  Хола, эрингизни қишлоқ болалари кўриб қолса, абжағини чиқаришади.
    Гулсум тош қотиб, ҳангу манг бўлди. Гарангсиб Ҳошимжонга қаради, лаҳзада вужудига олов ўрлади, уялганидан юзлари жимирлаб кетди. Нури опа ўзини қўярга жой тополмай, ўғлига қарата хонтахта устидаги қошиқни ирғитди: “Ўчир овозингни, жувонмарг!!!” 
— Ҳа-а, тўғрида-а-а!!! — Бола ҳам чидай олмай чинқириб ҳовли эшигини бир тепиб очди-да, кўчага отилди.
    Гулсум ерга киргудай бўлиб мунғайди. Гандираклаб ўрнидан турди. Ҳардамхаёл бўлиб ўз уйи томон юрди. Эшигига ёнма-ён қўшниси, Али аканинг дарвозаси кесакасига нимадир қистираётган болакайга кўзи тушди.
— Али тоғамни индинга ошга айтишди. Карим амаки қизини эрга бераяптийкин. Тўхтанг-чи, ҳозир сизларга ҳам бордир, қарай-чи, — бола қўлидаги бир тахлам тўйхатни бирма-бир ўқий бошлади. Носир ака,  Жўра ака, Воҳид ака, Равшан ака... Э-э-эй,  йўқ, Жониқул амакимга йўқ,  негадир,  йўқ, — бола энди бошқа чўнтакларини ҳам титиб кўрди, — ҳа, майли, тўй эгасининг эсидан чиққандир, айтиб қўярсиз, ошга борсин.
    Бола узиб-узиб, худди катталардай салмоқлаб-салмоқлаб гапирди-да, нарги қўшнининг эшигини тақиллатди.
   Гулсум музу-музтар аҳволда уйга кирди. Элдан айри бўлиб, сон-саподан чиққан эрининг касри уриб қасирдаган қовурғаларига оғриқ кирди. Қўшни қишлоқда яшаётган кенжа укаси Раҳимга қўнғироқ қилди.
— Тез чоп, бозорга югур, — деди салом-аликдан сўнг ҳансираб, — қўшнимиз Қудрат акани танийсан-а, кўргансан, ҳа ўша одам... қўй олиб чиқибди, неча пул деса ҳам савдолашмай олавер. Қўйни тўғри уйимизга олиб кел. Пулини кейин оларсан мендан, сен менинг жону-жондош укам бўлсанг, шундай қил,  Раҳимжон! Ўтинаман, укажон, юргилик-тургулигимиз қолмади, кейин тушинтираман, бор, бозорга югир!,  — Гулсум чидай олмай уввос тортиб йиғлаб юборди.
    ...Саҳар чоғи бомдод номозига турган Қудрат ака ҳовли бурчидаги гилосга боғланган ўзининг семиз қўйини кўрди-да, анграйиб қолди. Офтобада сув илитиб  чиққан хотини Нури опа гандираклаб турган эрининг юзига маъноли қаради.
    Кун пешинга оққач, қишлоқда гап ёйилди:  “Анави, Жониқул овсар ҳеч қандай касал-пасал эмаскан... Кимдир  туман марказида, айланма йўл четидаги  ўрик остида  танда қўйиб олган Жониқулни ўласи қилиб урибди-да, тилпон-милпонини тортиб олиб,  ерга уриб, майда-майда қилиб, синдириб ташлабди. Ҳозир у уйидан чиқмай ётганмиш...”
    Карим аканинг ошидан қайтаётган Эгам эзма Жониқулнинг эшиги олдидан ўтаётиб, атайлаб шерикларига гапни маънилатди:
— Бу дейман, тўй-маракада Жониқулбой кўринмай қолди.
— Уйидан чиқолмайди. Кимдир ўласи қилиб калтаклабди-ку, — чийиллади қотмадан келган Рўзи махсум. 
— Бу... бу атрофда унга Насим полвондан бошқанинг кучи етмади-ёв,  — ўсмоқчилади Эгам эзма.
— Қишлоқнинг тирмизаклари уни ишпиён экан деб, қаёқдаги гапларни дўмбира қилиб юришибди. Ишпиёни нимаси, тақсир?, — ўзини овсарликка олди Рўзи махсум. 
— Жим бўлинг-е, ишпиён эмас, шипион! Бизнинг тилимизда жосус дегани... Жониқул унчалик хавфлимасу, лекин маҳалламиздан чиққан жосус-да.
—  Э-э-йй, ана бўлмасам. Барибир  хавфли  эканда-а?..
     Ошдан қайтгаётган одамлар Жониқулнинг ҳовлиси ёнидан негадир алланечук оғриқ ва бесаранжомлик, ҳадик билан ўтишди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот