Грозный. Матбуот уйи қошида


Қўчқор НОРҚОБИЛ

Грозный. Матбуот уйи қошида

Ҳар учган ўқ учун бир гул экилган,
Грозный — тинчликка буюк қасида.
Йиғладим. Юз мухбир қони тўкилган
Матбуот уйининг рўпарасида...

Сездим. Чечен халқи журналистларни
Ватан аскаридан кўришмаскан кам.
Мухбирман, десанг бас, маъюс ҳисларни
Ҳар чечен қалбига соласан шу дам.

Уруш ўти ўрлаб юрт тортгач хира,
Майсалар ўқ отиб, дод солди қирлар...
Латта чайнаб, пусиб ётмади сира
Жангоҳга отилиб чиқди мухбирлар!

Хўрсиниб сўзлайди йўлбошловчи қиз:
“Мухбирман деганнинг жони хатарда
Ёвузлик қошида улар чўкмас тиз
Доим туришади олдги қаторда...”.

Йўлчи қиз, Сендан бир илтимосим бор;
Билсанг ҳаётимнинг оғир сайли бу...
Шу бино пойига ана гул бозор — 
бир даста гул олиб қўйсам, майлими?

Сергей — ўрис ҳамкасб, дилингда хотир
Кўнглинг кўз ёш билан топди ҳаловат.
Чўқиниб олдингми, кел, энди ўтир
Оғайни, ўқийин мен ҳам тиловат...

Дўстим, чин мухбирнинг очиқдир кўзи,
Қорани қора дер. Оқни эса оқ...
Юрт жонидан ўсар унинг илдизи
Ўзга тўрваларда чақмайди ёнғоқ...

Дунё, мухбирларинг тинчлик деб қалқса,
Мушт бўлиб бирикса... Ер тинар эди...
Бомбалар ҳавода музлаб шу лаҳза,
Замбараклар оғзи йиртилар эди!

...Узр, кутиб қолдинг. Кечиргин бир бор.
Йўлчи қиз, ҳижолат тортмоқда кўнглим.
Бу дунёда қанча нашр уйи бор
Менинг ҳам уйимдир. Билиб қўй, синглим.

Чеченистон, Грозный
16.07.2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот