НИМА БЎЛДИ?


Қўчқор НОРҚОБИЛ

НИМА БЎЛДИ?
Ҳикоя

Айрим дўстлар ўқимаса ҳам бўлади... 

   Барвақт уйғонди. Боши хум — зил-замбил. Тўшакдан қўзғалаётиб гандираклаб кетди, диванга ўтириб қолди, деворга елка суяди. Кўз олди хира тортди, юраги чим этди — оғриқ. Бир амаллаб ўрнидан турди, деразага қўл чўзди. Тонг эпкинида дарпарда ўйнади — димиққан хонага ҳаёт кирди. У яна диванга чўкди. Ич-ичидан аллақандай қўрқув, қалтироқ қалқиб чиқди.
   Ҳеч нарсани эслай олмади. Эслагани шу — Эрмат, Нурмат, Шермат кафеда ўтиришди. Ўласи бўлиб ичди. Кейин нима бўлди, нима қўйди, билмайди.
   У қалтанг-султанг қилиб ошхонага юрди. Кўнгли айниб, ичи ёнаяпти, ботинида алланечук ваҳима. Чинни косада лиммо-лим муздай сувни сипқорди.
   Чиндан ҳам ҳеч нарсани эслай олмади. Эслагани — Эрмат, Нурмат, Шермат ва маишат. Кеча соат нечада келдийкин? Хотини қаёқда? Азонлаб қаерга кетдийкин? Ёмон бўлди-да. Ўғли билан келинининг олдида ҳам шармандалик... улар ҳам кўринишмайди. Буларнинг бари қаерга ғойиб бўлишди?
   Ботинида яна оғриқ хуруж қилди. Юрак-жигарини қақшатиб суғуриб оладиган қурувдан ҳол-беҳол бўшашиб ҳовлига чиқди. Деворга тирмашган наъматак бутаси ортига ўтди. Ечинди. Жўмракка уланган узун елимичакни олиб бошидан шариллатиб сув қуйди.
Кўнглига қил сиғмади. Уй ичи ўпқон — ютаман дейди. Йўқ, нимадир бўлган. Кеча, нима бўлса ҳам кеча бўлган, уйга келгач айтгулик-дегулиги йўқ ўйин кўрсатган. Кечаги қилғилиғи учун ер ёрилгану эсу хушдан мосуво пиёниста эмас, уятни ўлимдан қаттиқ деб билган бошқалар ерга кириб кетишган. Уятдан-да, уятдан. Худойим эс бермаса қийин эканда-а? Мана шу уйни сенга бердик, шу уйда бойўғлига ўхшаб бир ўзинг яшайвер, деб хотини, ўғли ва келини ҳам этак силтаб жўнаворишган. Қаёққа?
   Кечаги заҳар-заққум исқотининг таъсирида ҳамон калласи кирди-чиқди бўлиб турган одамнинг хаёлига нималар келмайди, эзғинлик ва хомушлик ҳисси аланга олиб тургач хира тортган тасаввурда нечук кўтаринкилик тантана қилсин?! Тантананинг зўри ахир кеча ўтиб кетди-ку... Машқим билан машриқни шошириб, мағрибни мағлуб этаман, деб кариллаб, даврани ўз кўйида ўйнатиб, жомдан жасорат туйиб, ҳамдавралар мақтовидан талтайиб турган аканг қарағайнинг аҳволи гунг қарғаникидан баттар айни чоғ. Ў-ўў, қани энди ўша кайфу сафо, қани энди ўша кибру димоғ?!
   У шу кунларда қувончига ҳам, қайғусига ҳам шишани шерик қиладиган бўлди. Тавозеси тоғни хижолат этадиган даврадошлар эса шулар — Эрмат, Нурмат, Шермат... ва бошқа бировлар ҳам сандирақлаб қўшилиб қолиши мумкин. Олдинлари ойда бир-икки бор ичарди, кейинги пайтлар ҳафтада бир маротаба ўз измини базму жамшид гардобига топширишни одат қилди.
   Уйдан ҳам меҳр кетди — қаҳр ютди. Мўли мулойим хотинининг танглайига қарғиш ёпишди, эрни қарғади — илойим... Ўғил қизариб-бўзариб ўзига жой тополмай қолади — уялади. Келин кўриб-кўрмасликка олади, пилдираб ўз хонасига уриб кетади — бошқа нима қилсин?
   У катта идоранинг кичкина бўлса ҳам бир ташкилотида раҳбар эди. Ҳали обрўсининг оҳори тўкилмаганди. Катта идоранинг Катта раҳбари ҳам иззатини изза қилмаганди.
   Эрта тонгдан зимистон кўнгилда ваҳм ўрлади, булар қаёққа кетди? Қўлтелефонига қаради. Кеча катта идорадан бир неча бор қўнғироқ қилишибди, кимлар билан гаплашибди ҳам, ишқилиб тинчликмикан? Тинчлик бўлсин-да. Мана, кечки соат саккиздан ўтгач хотини ҳам қўнғироқ қилибди. Гаплашибди... Айни авжига чиққан пайти эканда-а, ўзиям. Лекин ҳеч нарса эсида йўқ. Эслолмади.
   Ишхонага келди. Кўксини стол гирдига тиради, кўзи илинди, хаёлида турли манзаралар жонлангандай бўлди. Туш кўраяптими, йўқ, кўзи очиқ-ку, хаёл кўзи очиқ... Давра. Эрмат, Нурмат, Шермат... Ие, анави Гўзал-ку. Ҳа шу, Гўзал! Гўзал ҳам даврага қўшилди. Ичишди. Ойнаванд зал эшиги очилди. Хотини ҳам кўриниш берди. Гўзалнинг елкасидан қўл ўтказиб, қучиб турган пайт. Кейин ўзини кўчада кўрди. Ўша каттакон ишхонасида пайдо бўлди. Катта раҳбарнинг хонасига кирди. Раҳбар унга кинояли илжайиб нималардир деди, кейин катта идора вакилларидан кимдир унга дашном берди, ойнали қўштабақа эшик олдидаги миршаб уни турткилаб-сурткилаб ташқарига чиқарди... Хуллас, айқаш-уйқаш манзаралар, қаҳрли, меҳрли қиёфалар гирдобида гангиб қолди... Туйқус ўқ еган қушдай бир қалқди-да, илкис бош кўтариб, чала уйқу оғушида ўрнидан дик этиб турди-да, ўз мувозанатини йўқотди, курсига тап этиб ўтириб қолди. Туш кўрдимми ё кечаги воқеалар хаёлимда жонландими, деган ўйга борди. Уни титроқ босди. Тушми, ҳаёт? Наҳот?.. То тушликкача ич-этини еди, ишхонасидагиларга ҳам миқ этмади. Назарида қулоқлари остида шу гап жаранг отарди: “Кеча сизни кўрдик хўжайин, жа-а, байрамона эдингиз...”.
   Хонасига кириб-чиққан айрим ходимларнинг ҳам нигоҳи шундай маломатлими, ё ҳавасу ҳасратлими, ишқилиб улардан шу иддаони уқиш мумкин эди: “Биз кўрдик, кеча мазза қилдингиз-а, хўжайин? Лекин ноқулай ишлар ҳам қилдингиз-да...”.
   Тушлик маҳали яна йиғилишди. Эрмат, Нурмат, Шермат. Бош оғриққа ҳалигиндан қиттак-қиттак уриб олишди. У юзини тескари бурди: “Кўзимдан йўқотинглар, кўнглим айнияпти!”. Ошналар боши қизиб, юзларида қон ўйнагач, уларнинг кўнглига қўл солди.
— Кеча нималар бўлди?
— Расво бўлди? — деди Эрмат.
— Қўй, шуни гапирмайлик, — деди Нурмат.
— Ўтган кун ўтди, бугундан сўзла, чироғим, — лутф этди Шермат.
— Кеча катта идорага ҳам бордикми?
— Биз бирга бордик, сен ўзинг кириб кетдинг.
— Кейинчи, кейин?
— Кейин биз кетдик.
— Раҳбар билан гаплашдимми?
— Раҳбар билан бирга ўтирдик-ку. Сенга телефон қилди. Сен уни чақириб олдинг, қойил, — Эрмат илжайди.
— Ростданми?
— Рост, — тасдиқлади Нурмат.
— Кейинчи?, — кўз олди зимистон тортди.
— Сен уни ҳақоратладинг. У ўрнидан туриб, аразлаб кетди.
— Кейин-чи?
— Кейин, сен уни ташқарида тўхтатиб роса пийпаладинг, сўнг қучоқлаб ўпмоқчи бўлдинг, у зўрға қочиб қутилди, — ўсмоқчилади Шермат.
   Унинг нафаси ичига тушиб кетди. Ботинида даҳшатли оғриқ турди. Тамом. Тамом бўлди. Демак, бу ҳам етмагандай изидан идорага ҳам бордим. Хонасига ҳам кирдим. Ҳалиги ҳолат туш эмас, хуш экан, хаёлимда жонланган. Демак, катта идорадаги бошқалар ҳам кўришди, мени туртиб-силтаб дашном берган кимса кадр бўлими бошлиғи ҳам бу шармандаликдан воқиф, йўқ, туш эмас бу, миршабнинг ғазаб отига миниб кўчага улоқтиргани ҳам чин.
— Демак, — деди у базўр иҳраб, лекин алланечук илинж билан даврага қаради, — демак Гўзал ҳам биз билан...
   Унинг гапи чала қолди. Нурмат унинг бўғзидагини илиб кетди:
— Гўзал ҳам биз билан бирга ўтирди-ку. Роса валсга тушдинг. Кетиворган нарса экан. Кайфчиликда нималар бўлмайди, қолганини эслашнинг ҳожати йўқ. Зўрсан, зўр, оғайни!
— Хотиним?! Хотиним-чи? — деди иҳраб.
— Хотинингми, хотининг келганда биз йўқ эдик, — илжайди Шермат.
   Улфатларнинг юзида алланечук тантанаворлик зоҳир эди. У эса... у тамом бўлди. Унинг юзи қизарди, боши қизиди. Мияси лўқиллади. Қон босими ошди. Юраги сиқилди. Қулоқ пардаларида оғриқ пайдо бўлди, борлиқ ғувиллай бошлади.
— Яна нима бўлди? Ёнимда беш юз долларим бор эди, шуям йўқ.
   Улфатлар унга синовчан қарашди. Бир зум сукунат чўкди.
— Хотирангга балли-ей, — елкасига қоқиб гап отди Нурмат, — долларинг борлиги ёдингда қолибди-я...
— Хўш?! — Нурматнинг оғзини пойлади у.
   Жимлик чўкди яна. Сукунат ўзанини Шермат бузди:
— Нариги столдаги бир гуруҳ актрисалар орасида анчагача валақлаб ўтирдинг. Балки, ўша ерда... Лекин мен ўз кўзим билан кўрмадим.
— Бўлди, тушундим. — У ўрнидан турди. Хайр-хўшни ҳам насия этиб кўчага отилди.
Оёқ-қўли бўшашиб мувозанатини йўқотган, гандираклаган кўйи катта идора эшигига қўл узатди. Навбатчи миршаб унга бир қараб қўйди-да, ҳужжатини текширди. Бугун бошқа миршаб алмашибди, кечагиси бўлса роса тизинглаб аччиқланар эди.
— Қайси бошқармага бормоқчисиз?
— Кадрлар бошқармасига.
— Биласиз-а, ҳовлига киргач, зина орқали кўтарилиб, иккинчи қават... Йўлак бўйлаб чапга юрасиз. Олдинги жойидан кўчган, ҳозир таъмир кетаяпти.
   Иккинчи қаватга кўтарилди. Бошқарма бошлиғи йўқ экан. Бир ҳисобда хурсанд бўлди. Барибир яхшиликка.
   Катта раҳбарнинг қабулидан қулоғи қизиган қулдай бўлиб қаҳрли пичинг эшитиб қайтди, балки унга шундай туйилдимикин?
— Сизни қабул қилолмайди. Кейинги ҳафта келинг, — деди ёрдамчи тунд қиёфада. — У шарт бурилиб орқасига қайтди. Қабулхона эшигини тарақлатиб ёпди. — Хўжайин хорижда хизмат сафарида...
   У ёрдамчининг охирги гапини эшитмади. Ўзича ўйлади; Кеча хўжайинининг ҳузурига киришдан олдин манави мирзатўранинг ҳам томорқасини шудгорлаган бўлиши мумкин. Боши қуйи ҳолда қайтди. Энди унинг юраги тортилиб-тортиб оғрир, аллақандай темир қўл хаста юракни ғижимлаб-ғижимлаб кўкрак қафасидан суғириб олишга чоғланарди. У оғриққа дош беролмай ингради. Оғир-оғир нафас олди. Ҳаво етишмади.
***
   Улфатлар давраси яна авж олди.
— Бечора, ишонди, — деди Эрмат.
— Долларини нима қиламиз? — Нурмат меровланди.
— Эртага қайтарамиз, сюрприз қиламиз, — ўшшайди Шермат.
— Лекин ўзиям артист бўп кетдинг-ей, — илжайди Нурмат.
— Ўзинг ҳам қолишмадинг, — Эрмат эснади.
— Шўрликни энди бир ошга туширишимиз керак, — Шермат қадаҳга қўл чўзди.
— Наҳотки эслай олмаса-я?, — ажабсинди Эрмат.
— Нимани? — сўради Нурмат.
— Кеча хотини телефон қилди-ку, қишлоққа ўғлингиз билан келинингизни олиб тўйга бориб келайин, деб рухсат сўради. Бу хўп, деди. Боравер, деди. Кейин энди ёлғизман, деб роса ичди-ку...
— Ичса эсини йўқотиб қўярканда-а, — ўсмоқчилади Шермат, — раҳбар хорижда-ку. Уни шу ерда эди, роса адабини бердинг десак ҳам чиппа-чин ишонди-я.
   Улфатлар емакхонадан чиқишди. Тушлик вақти тугашига бироз вақт бор. Ишхонага қадар яёв кетишди.
   Идора эшиги олдида, катта йўл четидаги панжара билан тўсилган йўлакда одамлар тўпланиб туришарди.
— Нима гап? — ҳовлиқди Нурмат.
   Идора эшиги очилиб ходимлардан бири отилиб чиқди-да, одамлар тўдасини ёриб кирди. Шу орада тез ёрдам етиб келди. Тўпланганлар юзида ачиниш ҳисси зоҳир эди.
— Нима гап? Нима бўлди? — галма-гал ҳовлиқишди учовлон.
— Шу идорада ишлайдиган ходимлардан бири ўлиб қолибди, — деди кимдир.
   Эрматнинг ичидан нимадир чирт узилиб кетгандай бўлди. Нурмат билан Шермат ҳам эсанкираб қолишди.
   Тобора гавжум тортаётган тўдада саволлар айлана бошлади:
— Нима бўлибди? Нима бўлган экан?
— Нега ўлибди?
— Юрагининг мазаси йўқ экан...
— Ҳозиргина идорада юрувди, — деди кимдир.
— Тушликда кўрувдим, — деди идора ходимларидан бири. Сўнг учовлонга юзланди:
— Сизлар билан тушлик қилаётувди-я?
   Учовлон ортга тисланишди. Учовининг ҳам ранг-рўйи гезариб кетди. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот