МЕН ИШОНАМАН


Қўчқор НОРҚОБИЛ

МЕН ИШОНАМАН!

Ҳикоя

     Тонгги ғира-шира. Равон йўлда учиб келаётган машина ғилдираклари асфальтга тақа-тақ қапишди-да, борлиқни кучли сирпанишдан ҳосил бўлган даҳшатли чийиллаш тутди. Машина ўттиз-қириқ қадам масофага олов чизиқ тортиб борди. Муюлишда ўрнатилган бетонтўсиққа ёнбоши билан урилди.
     У бир зум ўзига келолмай, гангиб турди. Улов ичидан ҳардамхаёл чиқди. Оёқ-қўли бўшашиб, ерга ўтириб қолди. Боши ғувиллар, кўз олди қоронғу эди.
     Эслагани шу:
     Ухлаяпти. Телефони жиринглади. Онаси қўнғироқ қилаяпти.
- Тур болам, тур. Кўзингни оч! Тур!!!
     У ўрнидан сапчиб туриб кетди. Ва... ўзини бетонтўсиқ томон учиб бораётган машина ичида эканлигини англади. Тормоз босди...
     Боши ғувиллаяпти. Беихтиёр қўлтелефонига  қаради.  Соат тўртдан йигирма бир дақиқа ўтганда онаси қўнғироқ қилибди. Ҳа, онаси... Мана онасининг рақами. "Онажоним" деган ёзув. Кириш қўнғироғи соат 4-21.
    У сесканиб кетди. Ахир бундан роппа-роса бир ой олдин, майнинг йигирма тўққизинчи куни саҳар пайти онаси қазо қилганди-ку. 
У ҳушини йўқотди.
       Шифохонада ўзига келди.
- Менга онам қўнғироқ қилдилар. Онам қутқардилар, - деди хотинига.
     Хотини юзини олиб қочди. Эшитмаганга олди.
- Онам қўнғироқ қилдилар, - деди шифокорга. 
   Дўхтир унга ачиниб  қаради. Бошини томографияга солиш керак, деган ўйга борди.
    ... У касалхона ҳовлисидаги ўриндиқда ботаётган қуёшга термулиб, худди ўзини уфққа сингиб кетишга чоғлаган каби тош қотган. Ёнига бориб чўкдим.
- Ака, кунботарда онамни кўриб турибман, - деди.  - Ўшанда онам менга қўнғироқ қилгандилар. 
     У  олислардан кўз узмай фаромушона ўзига ўзи таъкидларди:
 - Онам қўнғироқ қилгандиилар... Сиз менга ишонасизми? Онамнинг қўнғироқ қилганлари рост...
- Ишонаман, албатта ишонаман. Оналар билан боғлиқ барча воқеаларга ишонаман. Улар ҳамиша бизни кўриб, қўриқлаб,  ҳимоя қилиб юришларига ишонаман.
     У йиғларди.
     Менинг ҳам кўзларимдан қайноқ ёш сиза бошлади.
               
1 СЕНТЯБРЬ,  2022 ЙИЛ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот