Мард бўлиб яшаш бахти


     Сафар Остонов таваллуд топган кун

     80-йилларда, вақтли матбуотда Сафар Остонов (1948 - 2021) имзоси билан чиққан ҳар бир мақола ҳамиша шов-шувларга сабаб бўлган. Бир қарасанг унинг аралашувидан сўнг кимдир ишига тикланган, бир қарасанг кимнингдир уйи қайтариб берилган, бир қарасанг бир фидойи врач қамоқдан олиб қолинган, кимдир терговдан сўнг айбсиз деб топилган, кимнингдир боласи ўқишига қайтган, кимнингдир оиласи тикланган, кимгадир нафақа ажратилган, қайсидир етимларнинг бошпанасига эгалик қилганлар қонун олдида жазога тортилган бўларди. у кучли юрист эди.
     Унинг ҳар бир чиқишини мамлакат диққат билан кузатар ва “Сафар Остонга дуо кетган, у барибир ҳақиқат қарор топмагунича қўймайди”, дейишар эди. Ростдан ҳам у аралашган ишлар унинг муваффақияти билан тўғрироғи, у ҳимоя қилган жабрланувчининг ғалабаси билан тугар эди.
     Унинг мақолаларининг натижаси баъзан йиллаб кутилар эди. Уюшган жиноятларни фош этишга қаратилган чиқишларидан сўнг ҳаёти хавф остида қолган йиллар ҳам бўлган.
     Сафар Остонов. Юзидан нур ёғилиб турадиган, кичик жуссали, катта қалбли, хушмуомила бу одамни ҳеч қачон ёлғиз кўрмаганман. Унинг ёнида ўзидан иккита келадиган басавлат полвонлар, спортчилар, эл эътиборидаги санъаткорлар, ёзувчилар, шоирлар хуллас, машҳур инсонлар бўларди.
     1989-йил баҳор ойи эди. Туғилиб ўсган қишлоғимдан бир автобус ҳамқишлоғларим Тошкентга Марказий қўмитага ва Вазирлар Маҳкамасига шикоят билан келишди. Қишлоғимизнинг содда ва беғубор одамлари “Борамизу меҳмонхонага жойлашамиз”, деб ўйлашган экан. Бундай пайт валломати ҳам уларни меҳмонхонга жойлай олмасди. Қанча уринмай 31 кишига меҳмонхона тополмадим.
     Тўрт хонали уйимизга барчасини таклиф қилишдан бошқа чора қолмади. Самарқанднинг Нарпай тумани, “Оқ олтин” колхозидан аёлу эркак аралаш уларни Тошкентга етаклаб келган муаммолар: Нарпай тумани (ўша пайтдаги номи) райкомнинг 1-секретарига ёқмай қолгани учун гарчи колхозни катта қарздорликдан олиб чиққан, пахта режасини биринчи бўлиб бажарадиган, мактаб ва катта кутубхона қурган, йўлларни асфальтлаган, маҳаллаларга ичимлик суви олиб келган “Оқ олтин” колхозининг раиси, барчага отадек бўлиб қолган Абдуназар Аҳмедовнинг ноҳақ ишдан олинишию ўрнига колхозга тегишли қишлоқларни умуман билмайдиган, муаммоларини ечишга ақли етмайдиган, сўконғич бир одамнинг раис қилиб тайинлангани экан.
     Қишлоқдан келганлар Марказий қўмитага ва қишлоқ хўжалиги вазирлигига учрашишди, шикоят аризаларини қолдиришди ва мендан кучли бир журналист топиб колхозга олиб боришни илтимос қилишди. Мен ҳеч иккиланмай Сафар Остоновнинг ҳузурига бордим.
     Сафар ака кабинетида йўқ экан. У билан бир хонада таниқли журналист Норқобил Жалилов ўтирар экан. “Сафар ака бизнинг колхозда содир бўлган ноҳақликни ҳал қилишга борармикин, ҳал қила олармикин?, деган саволимга Норқобил Жалилов “Оддий ва ҳалол одамларга азият етаётгани, эл ҳурматига лойиқ раҳбар бадном бўлаётганига ишонса Сафар ака албатта, боради ва адолатни қарор топтиради, чунки у кишига дуо кетган”, деди. Мен Сафар акани кутдим ва ўша куни унга колхозимизда бўлган қонун-бузарликни гапириб бериб, ҳамқишлоқларим ёзиб келган аризаларни кўрсатдим. Хуллас, Сафар Остонов Нарпайга борди. У бир ҳафта Нарпайда юрди. Аризачилар билан учрашди. Ишдан ноҳақ олинган раис Абдуназар Аҳмедов билан кўришиб, у амалга оширган ишлар билан батафсил танишди. Далаларга бориб қўли ишдан совиган меҳнаткашларнинг дардига қулоқ солди. Абдуназар Аҳмедов ташкил қилиб, гўшт ва сут етиштириш бўйича вилоят миқёсида олдинда бораётган чорвачилик комплекси ишларини ўрганди. Икки кун Абдуназар раисдан яхшилик кўрган ногиронлар, кам таъминланганлар, раис уйларини таъмирлатиб берган якка-ёлғизлар, ундан эъзоз кўрган нуронийларни қабул қилди. “Сафар Остонов келибди”, деб эшитган “Янги сарой”, “Хўжақўрғон”, “Явузхўр”, “Оқота”, “Кўкота”, “Қарчиғай”, “Тоткент”, “Тевақўрғон”, ”Чорбоғ”, “Ҳақиқат”, ”Башандоқ” каби қишлоқлардан одамлар келиб раисни ўз ўрнига қайтишига ёрдам беришини илтимос қилишди. Ҳар бир қишлоқ оқсоқоллари журналистга аризалар қолдириб ишонч билдиришди. Албатта, аризаларни ўрганиш жараёнида Сафар Остонов райком секретарига ҳам, халқнинг норозилигига қарамай кабинетни эгаллаб, тилла тишларини ярақлатиб машинасида у ёқдан, бу ёққа юрган янги раисга ҳам учрашди. Орадан бир ҳафта ўтиб “Туркистон” газетасида катта мақола чиқди.
     Марказий қўмита ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосалари ва Сафар Остоновнинг мақоласи Самарқанд вилояти раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиб, халқ ҳурмат қилган раис Абдуназар Аҳмедов ўз ишига тикланди ва нафақага чиққанича элнинг эъзозидаги раҳбар бўлиб ишлади.
     Ўша–ўша бизнинг қишлоқдагилар Сафар Остоновни қариндошларидек яхши кўриб тўйларига, ҳосил байрамларига, юбилейларига чақиришадиган бўлишди. Сафар ака ҳам ўзи билан эл севган санъаткорларни олиб борар, Абдуназар раиснинг укасидек барчага яқин бўлиб қолган эди.
     Олий Мажлисга сайловларда нарпайликлар Сафар Остоновни қанчалик ҳурмат қилишларини исбот қилишди. Остоновга энг кўп овоз берди. Унинг депутатлик учрашувлари байрамга айланиб кетарди. Ҳали-ҳамон нарпайликлар у азиз инсонни яхши хотиралар билан эслашади.
* * *
     Тақдирнинг тақозоси билан мен ишлаб турган “Саодат” журнали ёпилиб қолган йилларда Сафар Остонов мени ўзи раҳбарлик қилаётган “Спорт” газетасига, бўлим бошлиғлигига ишга қабул қилди. Турли даврларда, турли ном билан аталиб, ўзининг турғун жойига ҳам эга бўлмаган газетани “Спорт” номи билан атаб, “Пахтакор” метро бекати ёнидаги “Ёшлик” спорт аренасидан жой олган Сафар ака газетанинг ададини 70 мингдан оширишга эришди. Унинг икки тилда чиқадиган газеталарида машҳур журналистлар билан бирга ёш ва истеъдодли журналистлар ишлашар эди. Газета қисқа вақт ичида энг ўқимишли газеталардан бирига айланди. Ҳар ой охирида таҳририят вилоятларга борар, бир автобус бўлиб таниқли спортчилар ва санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар катта-катта спорт майдонларида спорт байрамларини ўтказар, ўша ҳудудлардаги кекса спортчи мураббийларни байрам тўрига ўтказар, уларни тақдирлар, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатар, дуоларини олар эди.
     Сафар Остонов ҳар бир спорт байрамига алоҳида тайёрганлик кўрар, вилоят раҳбарлари билан бевосита боғланар, оммавий ахборот воситаларини жалб этарди.
     Совғалар ва байрам ташкилотчиларини рағбатлантириш, транспорт учун маблағ топар ва шу билан бирга газетанинг жамғармасига ҳам йирик-йирик пул туширар эди.
     “Пахтакор – 79”нинг довруқли жамоаси. 1979 йил 11 август...
     ... Бир кун Сафар акага айрим футболчиларнинг оила аъзоларини топиб бўлмаётгани, қайсидир чет элга кўчиб кетгани, қайсинидир яқинлари қай манзилдалиги номаълумлигини айтдим. Шунда улар “Топганингизча ёзинг, йўқса ҳозир борлари ҳам бирин-кетин қарийди ва қимматли маълумотларни келажак авлод унутиб юбориши мумкин”, дедилар. Мен эса “Зўрларни унутиб бўлмайди”, дедим. Сафар ака эса “Зўрларни билган одамларни топиб, ёзиб қолинмаса кеч бўлади. Афсуски, инсоният тарихида не–не зўрлар унутилиб кетмоқда ёзиш керак, ёзишга улгуриш керак”, деган эдилар.
     Билмадим, ўшанда Сафар ака нималарни хаёл қилиб айтган экан. “Пахтакор – 79” хотирасига ўрнатилган ҳайкал пойига ҳар йили 11 августда гуллар қўйишга борганимизда сафнинг бошида турадиган азиз инсон Сафар Остоновнинг бу йил қаторда бўлмаслигини ким ҳам ўйлабди.
     У ҳеч қачон баланд товушда гапирмаган, аммо ёзганлари ҳайқириб турарди. Унинг ёзувлари ҳақиқат учун изидан қайтмас йўлбарсдек наъра тортарди.
     У журналист сифатида кураш майдонидан ҳеч қачон бош эгиб қайтмаган. Унинг овози ҳалолликни тўсмоқчи бўлган “хитой деворлар”ини йиқитар, макр тўрларини улоқтирар, туҳмат зиндонларининг темир қапқоқларини бир уриб очар эди.
     Чунки у мард эди. Мард келди ва мард кетди.

     Зулфия МЎМИНОВА, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот