Насиба Мақсудова (1948 - 2017)
Насиба Мақсудова (1948 - 2017)
Маълумот: 1948 йилнинг 12 Апрель куни таваллуд топган.
НАСИБА...
Бир пайтлар ЎзТВ дастури «Ғани Аъзамовнинг чойхонаси»га бир қиз кириб келиб, суҳандон бўламан, -деган. Ўқишни дўндиролмасанг, хуснинг ҳам ҳамин қадар...деган жавобни олса, «за-то исмим Насиба» - деган экан... Чунки Насибаларга ўхшасин, қизим, деб «ойнаи жахон»имиз «диктор» ларининг исмини қўйиш урф бўлганди.
Уч суҳандон, уч Насибадан дунё ҳабарларини эшитиб, кунлик маълумотларни олиб, кўнгилочар дастурларни дилкашлик билан олиб боришларидан ҳушвақт эди, бизнинг авдод. Насибалар эса ҳар бир ўзбек хонадониниг аъзосига айланганди.
Айниқса Насиба Мақсудованинг ҳар борада одилона фикр юритиши, ўзини шох-гадога тенг тутиши мени ўзига яқинлаштирганди. Тошкентда машҳур Мақсудовлар, яъни дунёга донғи кетган шифокорлар сулоласидан бўлмиш Насиба опам Миллий Университетнинг журналистикасида менингдек ўқиганидандир бу?
Тошмида ўқиб дўхтир бўламан деб юриб, муҳбирликка чоғланиб қолганимдандир балки?
Йўқ, унинг кулиб туриши, менга тенгдошдек юриши, Умидахон деб сўз бошлашидандир, менимча!
Одатда тошкентликлар исмга «хон» қўшимчасини ҳамма вақт ҳам қўшавермайди. Айниқса мен. Ўзимдан кичиклар билан сал яқинроқ бўлсам, бўлди, «сиз»ни осонгина «сен»га алмаштираман...
Яқингинада, янглишмасам, Ферузахон дугонамизнинг олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан «Осиё» ресторанида ўтказилган тантанада мени узоқдан кўриб, ўрниларидан туриб, олдимга юриб келиб, «Яхшимисиз, Умидахон? Одамни соғинтириб юбордингиз-ку! Нега кўрсатувларга чақиртирсам келмаяпсиз? Ё мендан хафамисиз?» деб жарангдор дилбар товушда гапираётганларида шу ҳақда ўйлагандим: «Умидахон дейдилар-а, ўрган Умида, ўрган, муомилани»,...деб ичимда шивирлаб тургандим.
Насиба опамлардан ўрганадиган фазилатлар беҳисоб эди.
Энг аввало, назари тўқлик!.. Аёлмасмизми, тўй-хашамлардаги тўкин дастурхонларда тўйиб ўтириб, боламга, деб илиниб, бирор ширинликми, емаган сомса, кабобимизними, сўмкамизга солиб оламиз. Бу аслида жуда хунук одат!
Бир шундай она қазо қилибди ва кўп ўтмай, ўғлининг тушига кирибди:
Ўғлим, дебди она, уч кўчанинг бошига ширинлик ва майиз -туршаклар солинган қоп қўйиб қўй. Зора одамлар ундан олиб, гуноҳларимни енгиллатишса...
Насиба опамнинг «Дийдор ширин»и хомийлар сабаб, доим тўкин бўлган.Хомий топишда ҳам аввало опажонимнинг саъй-харакати, ширин сўзи, ақл кўзи иш берган Эҳ-ҳе, қанча атир-упалар, эсдалик совғалар ва бирга тушган суратлар олганмиз-а, бу кўрсатувдан! Унинг ташкилотчиси _Насиба Мақсудованинг ўзи эса лаган-лаган ош кўтариб, кўрсатув қатнашчиларини меҳмон қилиб юрган!..
Лекин гувоҳиман, на улашилган совға, на мева-чева кўтариб кетмаган, уйига!
Балки, мен билан йўл транспортида чақчақлашиб, кулишиб, кичик сўмкачасини қўлтиғига қистириб қайтган. Кўрсатувни суратга олиб беришга четдан операторлар ёллар, тўйхоналар билан битим тузиб баъзан кўрсатувини тунги 12ларда ёзишни бошларди. Ҳамма пальтода қалтираяпти, у эса ҳарир либосда кулиб-кулиб муз қотган камерага гапираяпти, таҳрирсиз, дона ва дона!..
Бунча ҳам касбига фидойи бўлмаса, бу опам! ..
Уни «бошига телестудиянинг катта лампа чироғи тушиб ўлибди» деб, «эл оғзига элак тутиб бўлмас» айрим «элдошлар» гап ҳам тарқатишди...
Яна «Дийдор ширин» пулининг ҳаммаси унга экан» деб ҳам юрганлар бўлди, Насиба опажонимнинг кайфиятига таъсир қилиш учун...
Аммо опажоним бекорчи гаплардан бекор турмай, ишга, ижодга урди ўзини!..
Ибратли оила бекаси Насиба Мақсудова ҳар қандай ҳолатда ҳам шаънига доғ туширмади...
Ақл-ҳушли, жамиятда ўрнини топган ўғли ва икки қизи, севиб, севилиб турмуш қургани - зиёли, олим эри, қатор-қатор набиралари бор унинг! Катта қизи Уммон давлатида оиласи билан яшайди.Сайру саёҳат қилиб юрмайдими?...
Йўқ, хайрли ишлар билан банд эди. Унутганларимизни эслатиб, соғинганларимизни кўрсатиб, қадрдонларимизни учраштириб банд эди ва ўзи ҳам ана шу бандликда кетди, юрагини бўлиб бўлиб...
Ҳар кўрсатувда ким келмай қолар, кимдир фавқулодда сўз олар, ҳуллас, кулиб турган опамнинг юрагини пораларди...
Эллик беш йил фаолият кўрсатиб, яқингинада олганди, «Шуҳрат» медалини.
Шунча хизматдасиз-ку, албатта тақдирланасиз, хизмат кўрсатган, йўқ-йўқ, халқ суҳандони бўласиз, дердим. Опам эса куларди, айтганингиз келсин, деб!
Ҳа, аллақачон халқ ичига кириб, халқники бўлиб кетган Турсуной Содиқова, Марҳабо, Фаридалар қаторида унвон оласиз, албатта,- дердим.
- Айтганингиз келсин!...
Насиба опамнинг кулгулари жуда ярашарди. Ҳамма суратларида кулиб турибдилар... Бир куни опам билан болалар даврасида суратга тушаётганимизда:
«Қани болалар, кулиб турамиз. Кулолмаслар бараварига «сиир» десин-чи! Кимга сир, болалар?»- дегандилар.«Сиииир»... дегандим мен ҳам қўшилиб...
Оҳ, бетакрорим опам-а!
Беозор суҳбатлари, дилкаш кўрсатувлари, ёзган, ёзилмай режа тузган қанчадан-қанча кўнгил ва меҳнат меваларини жамлаб, китоб чиқаришни орзулаган опажоним-а!..
Кетишингиз хафа қилди-ку бизни!.. Аслида ҳафа ҳам қилмасдилар совуқ сўз, совуқ нигоҳ билан, ҳафа ҳам бўлмасдилар ўзлари ҳам оҳ-воҳ қилиб.
Очиғи бирор марта ҳам, жаҳл қилганлари, ғийбатлашиб, кимнингдир «арпасини ҳом ўрган»ларини билмайман
Билинтирмай кетиб ҳам қолдилар-а! Илоҳим, ҳиёнатни билмас, диёнатли опажоним жаннатларга етиб олсинлар!
Ширин забонлари сўроқларда осонлик берсин.
Эзгу амаллари, қилган ва қолдирган меҳру маънавиятли оламлари ортларидан эргашиб борсин. Машаққатли ва айни чоқда мароқли меҳнатларининг ажрини берсин, Аллоҳим!..
Умида АБДУАЗИМОВА.
