Тил - миллат маънавиятининг кўзгусидир


21 октябрь - Ўзбек тилига 
Давлат тили мақоми берилган кун

   Хизмат сафари билан хорижда бўлдим ва одам гавжум шаҳарда иш ташвишлари билан овора бўлиб рости бир ҳафталик сафардан уч кунда зерика бошладим, уйимни, фарзандларимни, ўз тилимда сўзлашадиган юртимни соғиндим. Соғинганим сари тезроқ ортга қайтгим, фарзандларимни бағримга босгим, онам билан суҳбатлашгим, чала қолган китобимни ўқигим, қўшниларим билан роҳатланиб чақ-чақлашгим келарди.
   Биз турган меҳмонхонанинг ёнида жойлашган дарахтзор ўртасидаги сайхонликда хорижликлар дам олар, кимдир китоб ўқир, кимдир фарзандлари билан ўйнар, яна кимдир яқини билан суҳбатлашарди. Уларни яқиндан кузатгим, бироз чалғигим келиб мен ҳам бўш ўриндиққа ўтирдим. Бир пайт икки болакай билан суҳбатлашаётган аёлнинг сўзлари диққатимни тортди. 
-    Ойбек ўғлим, сен ғирром ўйнадинг, синглингни хафа қилдинг,
-    Йўқ бувижон, Солиҳанинг ўзи эркалик қилмасинда...
-    Сен йигит кишисан, синглингни ҳимоя қилиш сенинг вазифанг ахир
-    Мени ким ҳимоя қилади, мени хафа қилса майлими?
-   Ўғлим сен кучли, иродали, ғурурли бўлишинг керак, худди дадангга ўхшашинг, уларга тиргак бўлишинг керак. Синглинг ҳам, ойинг ва мен ҳам сизларга суянамиз болажоним.
  Бегона юртда ўз тилингда сўзлашаётган одамни кўрсанг космосга учган фазогирдай ўзингни бахтиёр сезаркансан. Мен Сайёра опа билан яқиндан танишиб анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирдим. Улар турмуш ўртоғининг илмий ишлари сабаб хорижга келиб, шу ерда ишлаб кейинчалик яшаб қолган эканлар. Қарийиб йигирма йилдан буён хорижда яшасада соф ўзбек тилида гапириб, ҳатто набираларига ҳам она тилида сўзлашишни ўргатган Сайёра опага қойил қолдим, тўғрироғи хавас қилдим.   
   Дарҳақиқат, она тили – миллатнинг маънавий қиёфасини акс эттиради. Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ваб етакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас эканлигини мен Сайёра опанинг тақдири мисолида кўрдим. 
   1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Мамлакатимиз ва юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланган ушбу жараён халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  
   “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилганишларнинг энг муҳим қадамларидан бири бўлди.
   Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир. Шу сабаб ҳам тил – миллатнинг маънавий бойлиги, муомала воситаси, халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи ва тарихини акс эттиради. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
   Мустақилликка эришганимиздан сўнг она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаши борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар халқимиз маънавий ҳаётидаги муҳим ҳаётий қадриятга айланди.
   2019 йил 21 октябрь санасида Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифаларидан бири «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборат эди. 
   Дарҳақиқат, кейинги йилларда тил масаласида лоқайдлигимиз сабаб ўз тилида маъруза қилишни билмайдиган олимни, ходимларига соф ўзбек тилида муносабат нималигини билмайдиган раҳбарни, ўз тилида дилбандига алла айтолмайдиган онани, ўз тилида дуо қилолмайдиган кексани, фарзандига ўзбекча исм қўйиб ўзбек тилида гапиролмайдиган ота-онани, ўзбек бўла туриб ўзбекона ҳаёт тарзини хушламайдиган оилани тез-тез учратадиган бўлиб қолдик. Ачинарлиси эса, биз зиёли қатлам деб билган инсонлар ҳам ижтимоий тармоқларда ўта саводсизларча ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши, имло хатолари тўлиб-тошган муносабатлар, шевадаги сўзлашувлар жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозимлигини унутмаслигимиз зарурлигини англатди. Бундан-да ачинарлиси эса кўча-куйда, магазин ва дорихонада, бекат ёки ошхоналарда пешлавхалар ёзувидаги имло хатоларидир. 
   Эътибор беринг, биз ўзбекмиз деб кўкракка урамизу, аммо кейинги йилларда неча минг йиллик миллий қадриятларимиздан бироз бўлса узоқлашгандекмиз, ҳаётимизни европанинг сўнгги модаси ҳам осонликча эгаллади ва миллий либосларимиздан ҳам деярли мосуво бўлиб боряпмиз, ачинарлиси эса ўзбекнинг беклигини ифодаловчи миллий таомларимиз ҳам ўз ўрнини европа таомларига бўшатиб бермоқда. Наҳотки биз шунчалар лоқайдмиз, наҳотки бугунги тилга эътиборсизлик эртага фарзандларимизга қимматга тушишини ўйламаймиз, наҳотки тил миллат қиёфасини акс этишини унутганмиз? Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
  Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиши билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратиб берди. 
   Она тилимизнинг софлигини сақлаш, талаффуз меъёрларидаги чалкашликларга барҳам бериш, имло борасидаги саводхонлик, она тили таълими борасида бажаришимиз зарур бўлган ишлар, эгаллашимиз лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар анчагина. 
   Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси соф ўзбек тилимиз – она тилимизга бўлган ҳурмат ва эхтиромда ўз аксини топсин.
   Миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

   Феруза Орипова, журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот