Шеъриятга ҳавасмандлигим Онамдан ўтган


  Бобур БОБОМУРОД: — Кўпчилик хонандаларимиз мендан она ҳақида шеър ёзиб беринг, деб илтимос қилишади. Доим рад жавобини бераман, чунки бундай қораламаларим фақат мунгли бўлади. Ўктам Аҳмедов ижросидаги «Онам ҳаёт бўлса» шеъримни тинглаган отамнинг йиғлаганларини эшитиб, ўзим ҳам кўзёшларимни тиёлмаганман. Агар мендан «Шоирликдаги армонингиз нима?» деб сўрасангиз, «Онам ҳақида бахтиёр фарзанд шеърини ёзолмаганим», деб жавоб берардим. Менга онам билан яшаш бахти йигирма йилгина насиб этган. 48 ёшда бу оламни тарк этган волидамдан менга мерос тўртта укам ва олти ёшга кириб-кирмаган синглим қолганди.
  Онамни эсласам, биринчи кўзлари ёдимга тушади. Катта-катта шаҳло кўзлар... Уларнинг овозлари шу қадар шикаста эдики, бирор марта баланд гапирганларини эшитмаганман. Ҳаттоки оёқларидаги калишларида ҳам овоз йўқ эди. Болалигимда эмас, ҳатто катта бўлганимда ҳам уларнинг тиззаларига бош қўйиб ётишни ёқтирардим. Эрта кетишларини билармиканлар ҳечам танбеҳ бермасдилар, фақат сочларимни силаб нималарнидир хаёл сурардилар. Агар онамдан айрилишимни билганимда сочимнинг ҳар толасини силатиб олардим...
  Онам ўқишни яхши кўрардилар. Шеъриятга ҳавасмандлигим ҳам улардан ўтган. Нон ёпаётганларида ҳам тандирнинг бошида китоб турарди. Кейин бир парча газета бўлагини топсалар ҳам уни тахлаб олиб қўярдилар. Меҳрибонимнинг кўзлари нурига тўйган, бармоқлари ҳароратини неча бор ҳис этган севимли китоблари — «Меҳробдан чаён»ни китоб жа- вонимнинг пешига қўйиб қўйганман. Волидамни соғинсам уни тўйиб-тўйиб ҳидлаб оламан. Ишонасизми, ҳозиргача онамнинг суратларига қаролмайман, йиғлайвераман.
  Бир жаннати аёл бўлса мени онамдир. Неки армони бўлса ўзи билан кетган, неки орзуси бўлса қора тупроққа топширган. Туш кўрсам уларни доим ёш ҳолатларида кўраман. Ҳали ҳам болаларим деб елиб югурган, қаровчиси йўқ деб ўзга миллатлик кампирларга овқат улашган, отамнинг келишига олти болани товушини ҳам чиқартирмай дастурхон тузаган ўша хокисор аёлни...

Лайло КАРИМОВА ёзиб олди. 
Манба : "Сабо" газетаси. 2015 йил.


ОНАМ СОҒИНЧИ

Шукур этсам - бугун сабаб мўл,
Китобларим, мисол, қўлма-қўл.
Мижжаларим, аммо, жиққа ҳўл -
Онамни зор соғинганим бор.

Кимдир отлиқ, кимдир пиёда,
Бахтли одам кўпдир дунёда.
Лек онаси борлар зиёда,
Онамни зор соғинганим бор.

Дам йўқ экан бола пайтдайин,
У дамларга қандай қайтайин?!
Дардим кимга, қандай айтайин -
Онамни зор соғинганим бор.

Она зоти борки элимда,
Бари онам, мадҳи тилимда.
Меҳри бисёр жону, дилимда,
Онамни зор соғинганим бор.

Яшаб орзу ўйларида ҳам,
Кезиб ҳавас кўйларида ҳам.
Жигарларим тўйларида ҳам -
Онамни зор соғинганим бор.

Камдир ғамгин нолам дейману,
Меники кенг олам дейману.
Қизимни мен "Онам" дейману,
Онамни зор соғинганим бор...

Бобур БОБОМУРОД










Изоҳлар 1
  1. Муштипар оналар бизнинг , қанотимиз, ҳаетимиз, яшаш мазмунимиздирлар. Айниқса фарзанди учун мехргўйо бўлган онажонлар , ҳамиша сиз билан яшайдилар, уларнинг руҳлари сизни асраб- авайлаб юради, илҳом беради, куч беради, қудратга айланади. Мен Бобуржон билан бутун республика бўйлаб, барча вилоят , туман, чекка қишлоқлардаги “Маьнавият” тарғиботчилар билан биргаликдаги ҳалқимиз билан мехр ва мухаббат учрашувларида, айниқса ҳотин- қизлар билан учрашув жараенида, “Мехрибонлик” уйларидаги учрашув жараенларида, она ва бола ҳақидаги дақиқаларда Бобуржонни кўз ешисиз кўрмаганман, шунчалик онажонларига мехрдаларки, уларнинг кўз ешларини кўриб, йиғламаганлар ҳам йиғлар эди. Бобуржоннинг Аллоҳим томонидан берилган ижод неьмати ҳамиша , ҳалол ва қудратли қаламларида беғубор из қолдирсин, юз йиллар давомида ҳалқ, эл, Ватан, оила, дўстлар дийдорида бугунгидак азиз ва мунаввар бўлиб юриш насиб этсин. Уларнинг шеьрларида ҳақиқий ҳает фалсафаси , шакл ва мазмун мужассамдир. Улар билан фахрланаман, ғурурланаман. Чиндан ҳам ҳалқсевган, ардоқлаган, қадрлаган ижод намунасидаги , қалами ўткир шоир, мен буни ўзим узоқ йиллар давомида , ҳалқ билан юзма- юз учрашувларда шиҳидиман, ўзим ҳам шеьрларини мароқ билан тинглайман, ўқийман! Бобуржон билан фахрланаман, ғурурланаман! 

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот