МАЙМУННИНГ ИЗТИРОБИ


МАЙМУННИНГ ИЗТИРОБИ
Ёхуд ҳайвонот боғида ёзилган ҳикоя

  Деярли барча ҳикояларимни ўзимга қулай стол-стул ёки хонтахтага ўтириб олиб ёзганман. Бу ҳикояни эса хайвонот боғидаги темир курсига ўтириб ёзишга мажбур бўлдим. Шундай қилмасам ҳозиргина ўз кўзларим билан кўриб, тасаввуримда шаклланган воқеалар зум ўтмай хотирамдан ўчиб кетади. 
  Хайвонот боғига кираверишдаги маймунлар сақланадиган хонада 2 та маймун эътиборимни тортди. Назоратчининг айтишича бири эркак, иккинчиси аёл маймун экан. Урғочи маймуннинг хафалиги сабабини сўраганимда: “Буларни бир катакка солиб қўйганимизга, яъни оила қуришганига анча йил бўлди, ҳанузгача фарзандлари йўқ. Шунга аёл маймун бироз хомуш”, - деди.
  Эркак маймуннинг сочлари тўкилиб, танасидаги туклари ҳам сарғиш тусга кириб қолган. Аёлининг маъюс кўзлари, қорачиқларидаги қотган ифодасизлик одамни ўзига тортади. Тўртбурчак шаклдаги идишда турли меваларнинг бўлаклари... Эркак маймун идишдаги мевалардан бир бўлагини олиб емоқчи бўлди, аммо яна уни жойига қўйиб қўйди. Сездим, аёлининг туз тотмаётгани учун унга ҳам мевалар татимаяпди. Аёл маймуннинг оёқ-қўллари лой, хас-хашак бўлакчалари тирноқларига ёпишиб қолган. Аммо у бунга эътибор ҳам бергани йўқ.  Катак ичида маймунлар сакраб ўйнаши учун баланд-баланд сунъий дарахтлар ҳам бор. Ирмоқни эслатадиган ховузчада тоза сув жилдираб оқиб турибди. Аммо аёл маймун кирланган оёқларини унга ботириб олишни истамайди. Атрофда томошаталаб одамларнинг ҳеч бири унинг эътиборини тортмайди. Кимдир мазахлаб мева пўчоқларини отса, кимдир расмга олиш ниятида ўзига қаратиш учун хуштак чалади. Аёл маймун эса жимгина, ҳиссиз, ўйсиз ўтиради...
  Бир пайт маймунлар томонга югургилаб келаётган уч ёшлар атрофидаги болакай туртиниб кетиб, йўлакка йиқилиб тушди. Онаси келиб болакайни жаҳл билан ердан кўтариб олиб, бошига бир шапати туширди: ”Мен сенга югурма, йиқиласан, деб неча марта айтдим. Қулоқ солмадинг. аҳмоқ”. Болакай янаям қаттиқроқ йиғлаб юборди. Шу пайт аёл маймун ўрнидан туриб, катак ичида турли қилиқлар қила бошлади. Болакай катак томон қўлларини чўзиб, унга томон интилди. Маймун эса ғалати товушлар чиқариб, тинмай уёқдан буёққа югурар, худди ўзининг боласини эркалатаётгандек ажобтовур қилиқлар қиларди. 
  Жудаям ажойиб ҳолат тўғрими? Инсоннинг хўрланган боласини маймун овутяпди. Боласини кўтариб олган онанинг қўлида телефон, ким биландир суҳбатлашиш билан овора. Шу пайт томошабинлар томонидан отилган бир дона сабзи аёл маймуннинг бошига келиб тушди. Сездим у бошини инграган холатда сийпалаб қўйди. Зарб билан отилган сабзи бошини оғритган. Аммо у бунга эътибор бермади. Сезишимча одамларнинг ҳайвонларга бундай муносабатларига ўрганиб қолган чоғи. Тепадаги дарахт устида ўтирган эркакнинг аёлига меҳр кўрсатгиси келиб қолди. Пастга тушиб, идишдаги бир бўлак олмани аёлига узатди. У ҳам миннатдор холатда олмани олиб оғзига солди. Эркак маймун янаям аёлига яқинроқ келиб, унинг танасидаги битларини тера бошлади. Аёл эса қиқирлаб куларди. Аёлнинг кулгусидан эркакнинг завқи ошиб, шўхлиги ортди. Идишчадаги сувни аёлининг бошидан қуйиб юборди. Аёл эса эрини қувлай бошлади. Дарахтнинг энг учига чиқиб олган эрига етиб олганида эркак маймун аёлини маҳкам бағрига босиб, қучиб олди. 
  Хайвонот боғини айланиб бўлгач кенжатой ўғлим иккаламиз уйга қайтдик. Автобусда кетаяпману хаёлимда боласини бағрига босиб, унинг майда битларини теришдан роҳатланаётган она маймун қиёфаси гавдаланаверди. 

Нигора РАҲМОНОВА.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот