БИР КУНИ..
ЮРТ БАЙРОҒИ
Хориждан юртга қайтаётган эдик. Илонизи қилиб тортилган ҳимоя ленталари орасидан ўтиб, қайд қилиш дарчаси олдига етиб олишнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Менга яқин йўлакда қора либос кийган аёл борарди. Ёнида икки қизалоқ, қўлида гўдаги билан каттагина сафар сумкасини судраб олган, кўмаклашгим келиб, у аёл томонга илдамладим. Кутилмаганда қизалоқларнинг бири йиқилиб, оёқ-қўлларини ерга уриб типирчилай бошлади. Ёрдамга югурдим. Қизалоқни бошини силаб жони ҳалак бўлаётган онанинг қўлидан гўдагини олдим. Йўловчилар орасидан бир одам (шифокор бўлса керак) келиб бемор қизчага ёрдам кўрсата бошлади. Қўрқувдан йиғлаётган гўдакни маҳкам бағримга босиб, аёлнинг сумкасини судраб бир четга ўтдим. Ўз тилимда: “Йиғлама, болажоним, онанг ҳозир келади, опачанг опоқ бўлиб қолди, қара”, деб эркалаганимни тушунгандек бирпасда юпаниб қолди. Ҳужжатларни тезроқ қайд этмасам, йўлдан кеч қолишим мумкинлиги, олис юртда мусофир йўловчи эканлигим ёдимдан кўтарилгандек, ўша тобда мен бутун вужудим билан ОНА эдим, холос...
Кейин, кейин ўша кўзлари йиғидан қизарган она ҳолсизгина қизалоғини бағрига босиб ёнимга келди. У ўғилчасини қўлимдан оларкан, елкамни силаб миннатдорлик билдирди. Мен эса унинг кўз ёшини артдим. Кейин мен тушунадиган тилда дудуқланиб қаердан келганимни сўради. “Ўзбекистонликман, Бухорони, Самарқандни биласизми?” –дедим. У бошини сарак-сарак қилиб, “билмайман” дегандек ишора қилди. Қадрдонлардек хайрлашдик. “Чиғириқ”дан ўтгач, яна йўлда бир-биримизга рўпара бўлдик. Улар турган жойда кўп давлатларнинг байроғи ҳилпираб турарди. Байроқлар орасида кўзимга чўғдек кўринган байроғимизни кўрсатиб: “Бу меники, менинг юртимнинг байроғи”, –дедим. У эса секин бориб байроқ илинган дастага пешонасини қўйди. Аёл менга қараб жилмайиб турарди, мен эса: “Ҳа, бу менинг байроғим, уни ҳамма таниши керак, ҳамма билиши керак. Бармоқларини чопиб ташласа ҳам боболаримиз ёғийлар қўлига бермаган туғ каби табаррук бу, олтин мерос бу”, – дея ғурурландим.
Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали бош муҳаррири.