ЯХШИЛИКНИ ЕР ЮТМАЙДИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ ЯХШИЛИКНИ ЕР ЮТМАЙДИ
Ҳикоя
Бу воқеа анча йил бурун содир бўлганди.
... Туман марказида биргина китоб дўкони бор. Аксига олиб у ҳам ёпиқ.
Ўсмирнинг кўнгли ўксиди. Ҳазилми, ўн чақрим наридаги қишлоқдан яёв келди. Дўкон эса берк.
У боғ ичида, очиқ осмон остидаги ошхона ўриндиғига чўкди. Чарчаганди.
Қаршисидаги эшикдан кўз узмасди; зора очилиб қолса... Қаёқда... Кўзи илинди.
Нимадир тарақлади. Ёнидаги стол устида турган юпқа елим пакет ичидаги китобларни кўрди. Беихтиёр стол томон юрди, беихтиёр елим тўрвани очиб, қўл суқди. Китобларни кўрмоқчи.
Шу тобда йўлакнинг нариги бетида кузатиб турган икки миршаб учиб келишдими, Худо билади, шундоқ ўсмирнинг қаршисида пайдо бўлишди. Бири ўғлоннинг елкасидан маҳкам ушлади, иккинчиси қўлига кишан урди. Айни чоғда жумракдан оқаётган сувда қўл юваётган савлатдор, дароз аёл булар томон кўз қадади-да, бироз серрайди. Сўнг, айиқдай лапанглаб бу ёққа югиргилади.
– Бу нарса сизникими?– сўради миршаблардан бири.-- Ичида нималар бор эди?
– Бозорлик учун олиб чиққан пулим... яна иккита китоб бор эди. --- Аёл ҳансиради ва эсанкираб, нима қилари-ю, нима деярини билмай қалтираётган ўсмирга еб қўйгудай бўлиб ўқрайди. – Уялмасанми, ер юткур! Бўйинга қара, ўғри...
Ўсмир бир сапчиб тушди. Қўрқиб кетганидан баттар қалтирай бошлади. Ҳуши учиб, тили танглайига ёпишиб қолганди гўё.
– М...м.. мен.. мен к...к...китоб.
Икки миршаб уни ўртага солиб, йўлнинг нарги бетидаги мелисахонага олиб кетишди. Аёл ҳам ҳансираган кўйи, ноилож, ғудурданиб-судраниб уларнинг ортидан эргашди.
Миршаббоши тушликка чиқаётганди, уларга ҳовлида дуч келди. Не бир муғомбиру муттаҳамларнинг кўзига қараб ичидагини суғириб олиш синоатини эгаллаган миршаббоши икки ходим орасида тайсаллаётган ўспиринни кўриши ҳамона кўнглида бир илиқлик уйғонди;
ўғлоннинг юзида алланечук маъсумлик ва озурдалик титрар, лаблари пир-пир учиб, ўпкаси тўлиб энтикиши жоҳиллик ва қувлик кўчасига ҳали кириб улгурмаганидан дарак берарди.
– Нима гап?
– Ки... китоб... мен китоб...
Ўғлон кутилмаганда юз берган бу ҳолатдан ҳамон ўзига келмаганди. Йиғлаб юборди.
Миршаббоши уни ўз хонасига бошлаб кирди. Сўроққа тутмади, узоқ суҳбатлашди.
– Бор, ҳозирча йўлакда кутиб тур,–деди йигитга. Унинг кўнгли ёришди ва аёлни чақиртирди.
Аёл бобиллайверди. Бояқиш болани нима деса, деди. Қирдан олиб ерга, ердан олиб гўрга урди.
– Қисқароқ қилинг! – Ижирғанди миршаббоши.
– Қарасам пакетни олиб қочмоқчи. Ичида пулим бор эди. Ҳайрият-е, ходимларингиз ўғри ўлгурни ушлаб қолишди. Бор - будимдан айрилаёзувдим.
Миршаббоши аёлга синчковона назар ташлади:
– Китоблар-чи? Китобларни ҳам олиб кетмоқчи эди-ку. Улар сизникисмиди?
– Э-е-ей ўлсин-а, шу китоблариям. Меникимас, ҳамсоямиз Тўйчи малимга олвудим. Денов борсангиз, фалон китобларни об кеп беринг, деб айтвуди. Пулини ҳам бервуди. Ўзимнинг пулим ҳам шу зормандалар солинган пакетда эди-да...
– Майли бораверинг. Болани жазолаймиз.
– Албатта жазоланглар. Бундай касапатларнинг камайгани яхши.
Аёл яна нималардир деб шанғилди-да, чиқиб кетди.
Миршаббоши ўз ходимлари, ҳалиги икки швввозни чақирди. Чўнтагидан пул чиқарди:
– Мановни ол, Жўраев!, – деди улардан бирига. – Ҳозир бола билан китоб дўконига борасан. Агар очиқ бўлмаса, сотувчини ернинг тагидан бўлса ҳам топ. Йигитчага хоҳлаган китобларини олиб бер. Мендан совға бўлсин. Кейин машина тўхтатиб, уйига жўнатворасан. Тушиндингми? -- Бошлиқ ҳардамхаёл бўлиб турган ходимларига ачиниш ҳисси билан қаради ва давом этди:
– Иккаланг бугундан бошлаб ҳар ой маош олганингда ўша боланинг уйига галма-гал бир донадан китоб олиб борасан. Майли, мени ҳам қўшинглар сизларга шерик бўламан. Қандай китоб олишларингни ўзим айтаман. Билиб қўйинглар, яхшиликни ер ютиб кетмайди. Тушунарлими?!
– Т.. т... тушинарли.
Бошлиқ ўзига бақрайиб қараб туришган иккала “тутонғич азаматга”га ўкинч билан термулди.
– У бизни, ҳамамизни, дунёни қутқармоқчи. Сенлар умрингда бирорта китоб ўқиганмисанлар? Айтларинг, мен ўша китобдан савол бераман.
Икковлон лол. Икковлон без. Икковлон тош. Икковлон жим.
– Демак, аввал ўзларинг ўқийсанлар, кейин болага обориб берасанлар. Бу -- буйруқ!
Икковлон карахт. Икковлон
тил-забонсиз.
Миршаббоши иккисига ачиниб қаради. Хўрсинди:
– Ҳа, у бола бизни қутқармоқчи. Сенлар эса буни тушунмайсанлар.
...Биласизми, миршаббоши машҳур ўзбек адибининг ўғли эди. Отасини кимлигини айтсам, танийсиз. Балки, ўзингиз билганддирсиз. Аҳамияти йўқ; билсангиз нима-ю, билимасангиз нима ...
Яна бир гап айтайми?
Ўспирин ҳам ўзи излаб юрган китоблардан бирининг муаллифи миршаббошининг падари бузрукворни эканлигини билмасди. Билса нима-ю, билмаса нима...
...Орадан йилар ўтди. Йиллар кечди. Йиллар учди. Вақт парвози фалакни қучди– ўртада ўттиз беш баҳор қанот қоқди.
Вилоят марказидаги муҳташам маскан --- Маданият саройида китобхонликка бағишланган маънавий анжуман бўляпти. Ҳукумат қарори билан ўзтказилаётган бу тадбирда воҳанинг меҳнат фахрийлари, айниқса, ёшлар жамулжам. Куй-қўшиқ орасида шу замин фарзанди, таниқли адиб, халқ ёзувчисини минбарга таклиф қилишди. Адиб давра аҳлига, айниқса, ёш-ялангларга қарата инсон камолотида китобнинг ўрни ҳақида сўзлашга чоғланди-ю, туйқус ўспиринлигини ёдга олди, беихтиёр хаёлида жонланган манзара --- юқорида мен сизларга ҳикоя қилган воқеаларни сўзлай бошлади.
Шу онда биринчи қаторда, рўпарасида жилмайиб ўтирган қарияга нигоҳи тушиб, юраги жиз этди. Ундан бир муддат кўз узмай тош қотди. Юраги ҳапқириб кетди. Гапи чала қолди. Гапини йўқотиб қўйди. Бироз довдиради. Тадбирда, йиғин аҳли қошида турганини ҳам унутган каби минбарни тарк этиб, қария томон юрди. Анжуман аҳли ҳайратда.
– Бу киши узоқ йиллар ҳуқуқни мухофаза қилиш идорасида ишлаган. Билсангиз керак, у кишининг ҳам дадалари ёзувчи ўтган,---изоҳ берди унга эргашган тадбир ташкилотчиларидан бири.
--- Биламан, биламан...,--- деди ёзувчи оғир ютиниб.
Юзида табассум балққан оқсоқол ҳам ўрнидан турди.Улар бир зумгина тик қотишди. Адибнинг мижжаларида ёш қалқди. У бундан ўттиз беш йил олдинги меҳр ва одамийлик чўғи йилтиллаган қадрдон нигоҳни, ўша миршаббошининг нигоҳини ёзувчига хос синчковлик билан таниб олганди. Кўнглида: "Қанча йиллар ўтса-да, инсоннинг кўзлари ҳеч қачон ўзгармаскан...", деган ўй шулъа таратди.
Улар бир-бирларига қучоқ очишди.
Шу тобда икки буюк инсоннинг қалбида қандай туйғулар мавж ураётганини тасвирлашга ожизлик қиламиз. Бироқ қачондир, кимгадир қилинган яхшиликни ер юриб кетмаслигига амин бўлаётган экансиз, бизга шу етарли.
Ҳа, яхшиликни ер ютмайди. Шундай эмасми, нима дедингиз?
4.01.2023 йил.