БИЗ КИММИЗ?
Қўчқор НОРҚОБИЛ
БИЗ КИММИЗ?
Қайдлар
***
Агар одамзот ўзини фақатгина ҳайвондан ҳимоя қилишни ўйлаб, хавотирга тушганда эди, бунчалик даҳшатли қуролларини яратмасди.
Уйингни ё оилангни айиқ ёки бўридан қўриқлаш учун танк, замбарак, атом бомбасининг кераги йўқ-ку!?
Биз киммиз?!
***
Отилган ҳар бир ўқ ердан ташқарига чиқиб кетмайди. Отилган ҳар бир ўқ ўлжасига тегмаслиги мумкин, лекин у заминни ярадор қилади --- замин бағрига санчилади.
Одамзот яраланган замин устида яшаяпти. Ярадор заминнинг бардоши тугаб бораётганини сезмаяпти. Унинг сабр-тоқати, чидами чилпарчин бўлган лаҳзада эса, инсоният ўз хатосини англаб улгуришга ҳам фурсат тополмай қолади --- ҳаммаси ониятда юз беради.
Хўш, биз киммиз?!
***
Ўқувчи асримиз ҳақида бор йўғи бир жумлагина иншо ёзди:
"XXI аср - одамзотнинг бир қўлида гул, бир қўлида қурол..."
Иншо танловда ғолиб бўлди. Уни баҳолаган муаллим жумла тагига шундай изоҳ ёзди: "Катта бир асар ўқидим..."
Мени эса ўй босмоқда. Нега шундай?! Биз киммиз?!
***
Одамиёт уруш қилади, бир-бирини қиради, ер устида ер талашади, ер усти унга торлик қилади. Ер усти инсонга торайган сайин ер ости кенгайиб бораверади.
Биз шуни тушунмаяпмиз.
Биз киммиз?!
***
Фаришта заминга тикилиб турибди; Ерда уруш.
Фаришта қайғуга чўмди: "Булар Ердан ҳам қувилса, қаерга сиғишаркан?"
Бу саволнинг жавоби борми?
Биз киммиз?!
11.10.2022 йил.