ТОШГУЛНИ ЖИН ЧАЛДИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ТОШГУЛНИ ЖИН ЧАЛДИ
Ҳикоя
Тоштепа – тоғ тагидаги қишлоқ. Тубканинг тубида.
Хайри холаникида тадбиру тавозе – “Бўмишгул” бўляпти. Эскидан қолган аёлларнинг маросими бу. Динимизга алоқаси борми-йўқми, бунисини билмайман. (Хуллас, Сурхон томонларда “Бўмишгул”, водий ва Тошкент тарафларда “Биби сешанба”, “Мушкулкушод” дейишади...)
Хайри хола кўз қири билан разм солди – этаги бутуннинг бари шу ерда. Ойнали айвонда майнадай чуғур урган аҳли аёл бири қўйиб, бири олиб гап сотади. Хуллас, маҳалла-кўйнинг хотин-халажи жам, биргина Тошгул кам. Хола пойгакда патак калишини эндигина ечаётган келини Қирмизгулга сўроқ отди:
– Тошгулни айтмаганмидинг?
– Айтувдим эна, айтувдим. – Келин бешик тебратардай тебраниб турди. – Келмабди-да...
– Бор, яна бориб айт. Энам чақиряпти, де. Тавба, қуш беги билан шавла емабди...Сондан чиқса ҳам элдан чиқмасин. Бу гапимни ҳам айт!
Қари-қуридан иборат “момодавра”да пирпирак пиликдек нур таратиб турган Қирмизгулнинг қораси ўчди – чиқиб кетди.
– Дугон, сазайингни созойи қип нима қиласан! Барибир кемайди. – Ҳамиша фитнанинг уясига олов урадиган Турди момонинг туршак-тиришқоқ юзида киноя ўти гуриллади. Момонинг алами ичида эди; сабабки, ўтган куни неварасига “чилла чиқди” қилиб таниш-билишни чорлаб худойи қилишувди. Қаттиқроқ йўталсанг девори зириллайдиган жон ҳамсоя бўлиб шугина Тошгул чиқмади, ҳамма келди, яқин-йироқ, хешу бегона дегандай. Фақат Тошгул ўлгур...
– Холчучик момонинг, ундан сўнг Нормурод бованинг жанозасида ҳам кўринмади, – деди Раҳима хола.
– Ҳалима қиз узатди. Шуникига ҳам келмади. Тўғрими, Ҳалима? – ўсмоқчилади кимдир.
– Ойсоат опанинг қудачақирдисига ҳам келмади. Томир-помири сувга текканов шунинг, – кесатди Норой опа.
– Томирини билмадимов, боши осмонга теккани чин, – ўдағайлайди Раҳима хола.
– Нима мундай деяпсиз, овсин? – ижикилайди Норой опа.
– Бир боласи Англиями, Панглиями шу ёқларга оиласи билан кўчиб кетибди. Бизнесчи-ми, бир бало. Ҳа, анави Тошкентдаги бой парзанди (фарзанди демоқчи) бор эди-ку, Нурматми, Қулматми, шунисини айтаяпман. Яна бирови, индамасгина бўлиб юрадигани бориди, шунисининг оти...
– Ҳа, шунисини оти Нурмат. Анави Англияга кетгани Қулмат у, Қулмат, – гапга суқилади хотинлардан бири.
– Ҳа, – ишқилиб, шу Нурмати Оқтепа томонда узум завод қураман деяптимиш, – Раҳима хола ичидаги куйиндини босиш учун сопол косадаги ўрик шарбатини даст кўтарди.
– Ҳей, замонингдан айланай? Чет эл дегани ҳам катта ариқнинг нариги бетидай яқин бўп қолди. Харрак кўприкнинг нарёғи чет эл, хулласи гапи... – Ойдин момо билағонлик қилди.
Аммо... Аммо... уй соҳибаси Хайри холанинг алами ичида заҳм еб, ҳовури ҳамон босилмаганди. Шу пайтгача сухани сояда қолмаган эди-я. Ўқласа ўқлови ҳам ўқ отарди. Даврага қараб:
– Нима бало, бу Тошгулнинг элдан бети куйганмикан? Элга эт бўлмаган шайтонга кет бўлади, дегувчийди энам раҳматли, – деб юборди.
– Икки-уч ойдан бери кўчага чиқмай қўйган, – деди тўрдаги Замира хола.
– Нима бало, чиллага кирганми? – кесатди ёнидаги аёл.
Энди давранинг шамоли Тошгулнинг аъмолига қараб эсди.
– Эри ўлгандан бери одамови бўп қолди-ёв.
– Эри ўлганига бир йилдан ошди, келиб-келиб энди одамови бўладими, ўйнаб-кулиб юрувди-ку? Сиз ҳам қизиқ гапирасиз-а?
– Мен қаердан билай? Буни эри ўлганлардан сўранг, сизга қизиқчи бўлиб қолдимми-а?
– Мунча тизилламанг. Келмаса келмабди, Тошгулсиз қолдикма? Қўйинг. Сиз оғзимиз сенга бормасин...
Давранинг ўт олган ўчоғига Замира хола мой урди:
– Тошгул ҳамсоям ўзини ўқитиб-мўқитиб ташламаса бўлмайди. Ҳовлиси пешонамизда-ку, кўзим тушади: чорпояда уззукун нимагадир тикилиб ўтиргани-ўтирган. Тунов куни борувдим, мени кўриши билан шахт ўрнидан туриб қорасини ўчирди. Қўлида шапалоқдеккина бир ойнами, билмайман, шунга қараб-қараб қўйди-да, уйига кирди-кетди. Итмисан, эшакмисан, нимасан, демади-я...
– Иб-е-ей, Тошгулни жин чалибди, эмасам, – деди Хайри хола, – қўлидаги шайтоннинг ойнасидир-да. Одам бундай пайти нима кўтариб юрганини билмайди.
Шу тобда, хотинларнинг маърака-мажлиси авжига минаётган пайтда пешайвонда Қирмизгул келин қимтиниб бўй кўрсатди. Давра дими-дирс тортди. Ҳамманинг нигоҳи Қирмизгулда, ҳаммасининг қулоғи динг.
– Нима деди? – Хайри хола келинига кўз қадади.
– Боролмайман, деди...
– Энам чақиряпти демадингми? Бир уй аёл сизга муштоқ, кўзи учиб турибди, демадингми?
– Дедим.
– Хўш...
– Бетоб эканлар, – келин ийманиб бош эгди.
Шу маҳал айвонга ўн-ўн бир ёшдаги зумраша, кампирнинг эрка набираси Кенжавой учиб кирди-да, бурнини торта-торта, бада-банг арзи-ҳол этди:
– Момо, чечам алдаяпти. Тошгул хола бормайман, қишлоқнинг хотинларидай, сенинг момонгдай бекорчимасман, деди. Йиғин-пиғинингдан ўргилдим, дунёбехабарлар деб кулди. Чиндан ҳам Тошгул хола бошқача-да.
Давра муз ургандай бўлди. Кимдир иҳраб юборди.
– Чиниминан уни жин урган.
– Э-бей, ана бўлмасам.
– Сени еб-ютайин-да, ўзинг гўрда, сенинг дунёдан хабардорлигинг ер бўлармиди?!
– Бу бир нарсага йўлиққан.
Хотинлар гапининг калаваси чувалди.
Тошгулнинг “томорқаси” тошга тўлди:
– Яна нима деди? – кампир неварасига ўдағайлади.
– Ҳеч нарса демади. Менга... Менга... Айтаверайми?
– Нега каловланасан? Гапир.
– Менга қўлтилпонини кўрсатди. Айпон. Зўр. Ўғли Лондондан жўнатибди. Антинаси ҳам ўзи билан. Тилпонига кампутер улабди. Худди тиливизор дейсиз. Дунёни кўриб ётибди. Кимлар биландир гаплашяпти ҳам. Ўзим кўрдим, чачи сори (сочи сариқ демоқчи) ўрис, тағин қоп-қора негр аёллар билан ҳам тилпонда гаплашаркан. Шулар билан дугона бўлдим, деяпти Тошгул холам.
– Ҳой тирмизак, нима деб жавраяпсан? – Хайри хола набирасига анграйиб қараб қолди.
Набира ҳам дилидагини тили билан отди:
– Момо, мен жаврамайман. Сиз жавраяпсиз. Сиз, манави дугона-пугоналарингиз жаврашади. Сизлар тушунмайсизлар. Мен Тошгул холаникига ҳар куни бораман, холанинг қўлтилпонида ажойиб-ажойиб, зўр нарсалар бор. Менга ҳам кўрсатади. Хола айтади, мен бутун дунёни кўриб тураман, булар эса мана шу Тоштепа қишлоғидан нарини кўрмайди, бечоралар деб сизларга раҳми келади. Тушундингизми? Менга ҳам шундайчакин тилпон оп беринглар...
Уй ичи бир қалқиб тушдиёв. Аҳли ожиза издиҳоми ғимирлаб қолди. Қош қоққан ким, кўз учирган ким, бош чайқаган ким, лаб бурган ким... Хуллас тирмизак набиранинг вайсаши тагидаги иддаони ҳеч ким тўлиқ ҳис этмаган бўлса-да, болакай тарафдан этни жунжиктирадиган совуқ бир эпкин эсгандай бўлди. Ҳа, куппа-кундуз куни, ёзнинг айни чилласида шундай бўлди. Буни деярли ҳамма ҳис қилди. Хайри холанинг эти жунжикди:
– Тошгулга қўшиб менинг неварамни ҳам жин чалганга ўхшайди...
...Қишлоқда ҳаёт давом этаверди. Тоштепада тонг отиб, кун ботаверди.
Қулмат бобонинг кампири Норой хола бандачилик қилди. Тошгул хола эшитмади. Бормади.
Ойдин момо омонатини топширди. Тошгул хола бехабар қолди.
Сайфи тоға ҳам бу дунёни бизга ташлаб кетди. Тошгул хола уйидан чиқмади...
...
Тошгул хола...
...
Тошгул хола...