Хосиятсиз фол


   Ўғли ва келини ишга кетгач, Холпошша хола бирозгина телевизор қаршисида ўтирди, икки ёшнинг севгиси тўғрисидаги сериални томоша қиларкан, кеча қизиникига келган совчилар эсига тушди. 26 ёшга тўлган невараси Саиданинг бахти очилишини доимо худодан сўраган холани яна ғам босди. Наҳотки шундай қиз "ўтириб” қолса-я. Бироқ "қари” қизни сўраб келганларнинг ўзи қандай одамлар экан? Шуларни ўйларкан  вақтни ўтказмай анчагина ишини ўнглаган  қўшни маҳалладаги  фолбинга бориб, совчилар ҳақида суриштириб келмоқчи бўлди.
—  Э-э-э холажон, келинг, келинг, нега камнамо бўлиб кетдингиз? —  дея қарши олди очиқ чеҳра билан фолбин.
—  Келдим яна, ёрдамингизга муҳтож бўлиб Каримахон. Мана бу сизга  муборак Ҳаж сафаридан. У ерларга бориш мендек сизга ҳам насиб этсин айланай, табаррук, мозор босиб келган. —  Хола  сумкасидан совға сифатида тасбеҳни олиб Карима фолбинга узатаркан, у солган кўрпачага ҳорғингина ўтирди. 
   Бирор юмуши бўлмаса одамлар уни йўқламаслигини билса-да:  
— Нима ташвишлар билан юрибсиз хола? -  дея сўради фолбин.       
— Шу десангиз, набирамга  совчилар келганди, ҳаммамиз иккиланиб турибмиз, шуларга узатайликми ёки йўқми деб, бир тақдирини кўриб берсангиз айланай...
— Набирангизга йигит ёқдими, ўзи?
— Қаёқда, париваш озгина ноз қилгандай бўляпти.
— Ҳм, тушунарли, мана ҳозир кўрамиз у йигитнинг кимлигини. Фолбин шундай дея дастурхон устидаги тасбеҳни кўзи юмилган ҳолда айлантириб, аллақандай дуоларни пичирларкан, гоҳ-гоҳ  онахон томонга кўз ташлаб қўярди. Холпошша хола эса шу аёлнинг бир сўзи билан невараси бахтли бўлишига чиндан ишониб бошини хам қилиб турарди. 
— Оббо холажон, тезгина ҳаракатни бошламасангиз куёвдан қуруқ қоласиз, набирангиз шу йигитга тегмаса бошқа уни совчи йўқлаб келмайди. 
— Йўғ-е? —  деганча шошиб қолди хола. Шу қизнинг бахти учун на бир онаси, на бир бегонаси югургиламади. Ўзим ҳар доим кимдир унинг бахтини боғлаб қўйган деган гумонга борардим. Энди тугунлар ечилганида мен бориб дарров ишни пишитай, яна афсус қилиб юрмайлик...Ҳадеб куёв танлаган билан бирор нарса ўзгарармиди? 
   Фолбиннинг гапидан қувонишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай кўчага чиқаркан, шу  етмай тургандай  кўча эшик олдида катта келини Санобарга дуч келди.                        
— Ассалому алайкум ойижон, —  дея ҳол-аҳвол сўради келин.
— Ва алейкум ассалом, тинчликми, нима қилиб бу ёқларда юрибсиз?
— Шу кўчага мени маҳалла вакили қилиб сайлашибди. Энди мактабдан ортган пайтим ҳар бир хонадоннинг туриш-турмушини ўрганишим керак экан. Шунга айланиб юргандим.
   Энди келиндан яширадиган сир қолмаганини билган қайнона ҳам борини тўкиб солди.      
—  Мен ҳам Саиданинг бахтини "кўрсатиб” кетяпман. Кечаги  совчиларга беринг деди, соддадил неварам ҳеч уйдан чиқмаган, камтар. Ўзингиз биласиз, йигитлар билан гаплашишни ҳам билмайди, шунга ўзим суриштирай деб келгандим. Шундай деганча хола келини билан хайрлашиб ўз йўлига кетди. Санобарни кўрган фолбин: "Нима бало қайнона-келин келишволганмисизлар, олдинма-кейин келдинглар”, - дея уни қарши олди. 
— Шуни айтинг, худди атайин қилгандек ўзим ҳам хижолат чекдим. Қайнонам нега келибдилар, ўзи? 
— Қайнсинглингизнинг қизини келган совчиларга берсакмикин, йўқми деб суриштиряптилар.
— Ҳа, ўзиям 26 ёшга чиққунча бирорта совчи эшик ҳатламади, бирорта йигит Саидани ёқтириб қўлини сўрамади, жуда одамовида бу қиз тушмгур.
 — Жиянингиз сиз айтганчалик жуда содда, йигитларни танимайдиганлардан эмас, ўртоқжон.
—  Ростданми? — қувлик билан кўзларини ўйнатди Санобар.
— Ҳа, тунов куни бир талай йигитларнинг расмини олиб келиб қўйди, "Ким булар?”,  десам, "Йигитларим, бирорта мосини менга танлаб беринг”,  деди. "Шунчаси билан қандай гаплашиб улгурдинг?”, деб сўрасам, "Телефонда гаплашаман”, деганди, йиқилиб тушай дедим.
— Вой писмиқ, йигитлар билан гаплашгунча уй тозалашни ўрганса-чи, онаси иккиси ҳаммани бир-бирига иситма-совутма қилишнинг ўрнига.
—  Шуларни қўйинг, қайтармани ичирдингизми?
— Ичирдим, хўжайиним бирам ювош тортиб тинчиб қолдилар.
— Мен сизга айтгандим-ку, эрингизнинг синглиси роса илми амал қиларкан, деб. Шунинг орқасидан эрингиз сизни уришиб сўкаверади-да. Қалай, энди гапларим тўғрилигига ишондингизми? Қайнсинглингиздан узоқроқ юринг, у ҳеч қачон сизга дўст бўлмайди.
— Афти қурсин, ҳамма айтганларингиз тўппа-тўғри чиқди, сизни бекорга мақташмас экан. Энди ҳаммаси ўзига қайтсин.
   Тўй дегани бир кунда ўтса-да, ташвиши неча кунни олади. Холидахон Саидани  узатиш   учун неча йилдан буён тайёргарлик кўрса-да, бир ўзи сарпо-суруқнинг камини ёполмасди. Ёнида эри бўлганда балки бунчалик қийналмасди. Умиди биттагина ўзига тўқ акасидан эди. Бироқ мана тўй куни белгиланганига неча кун ўтибдики, ҳолинг не деб  на бир марта қўнғироқ қилди, на бир келиб–кетди.  Бир ўз жигаридан хафа бўлиб кетди. Бироқ  фолбиннинг "Янгангиз  акангиз билан иноқлигингизни кўролмаганидан сизларни иссиқ-совуқ қилдираркан. Иложи бўлса, у олиб келган ҳеч нарсани еманг. Бунга қарши чора кўрмасангиз акангиз билан юзкўрмас бўлиб кетишингиз мумкин”, деган сўзлари яна қулоқлари остида жарангларди. У буюрган  туз, бир бўлак гўшт ва рўйхатдаги яна бошқа нарсаларни олиб қўшни фолбинникига югурди. 
   Холпошша холанинг қистови, тўғрироғи, қўрқуви билан бошланган тўй ҳам ўтди-кетди. Саида келин бўлиб тушган хонадон бекаси Зебо опа  уларнинг башоратчисига айланган Карима фолбин айтганидек, тили-жағи ботир жодугар  эмас, балки  диний ва  дунёвий илмдан хабари бор оқила аёл экан. Секин-аста Саиданинг камчиликларини тузатиш учун ҳаракат қилди. Келинининг билмаган ишларини ўргатди, турмушдаги эр-хотин муносабатларини ётиғи билан тушунтирди. Келини тайёрлаган салат ва овқатларни мақтайдиган бўлди. 
— Саидахон, мен опангизни бирров кўриб келай, кечаги пишириғингиздан солиб берақолинг, жуда ширин бўлибди, яхшиям ўқув курсларига сизни олиб борганим, ҳаммага тайёрлаган нарсаларингиз ёқяпти. Барака топинг, – дея Зебо опа тугунини кўтариб, тўнғич қизи Розияни кўриб келиш учун йўлга тушди.
   Кўчага чиқиб 50 метр юрган ҳам эдики, қўл телефони уйда қолгани ёдига тушди.
   "Эринмасдан олиб чиқа қолай, яна мени қидириб юришмасин” дея ортига қайтди. Уйга қайтиб кирганида келинининг баландроқ овозда ким биландир телефонда сўзлашаётгани қулоғига чалинди. Эътибор бермасликка шунча ҳаракат қилмасин, овоз барибир баралла эшитилиб турарди.
—  Ойи, анави фолбинингизга бориб кўрсатинг-чи, қайнонам, эрим  тинмай қайнопамникига қатнайверади. Нима бало, ўзига иситиб олганми  дейман, ҳозир ҳам қўлига тугунини тутқазиб ўша ёққа жўнатдим. Агар шундай бўлса, қайтарма қилиб шу бугуноқ менга укамдан юбортирворинг.  Вой, сенга нима дейсиз-а, эртага эрим уларга оғиб кетса, мен қуруқ қолиб ўтирайми? Ҳайронман, қайнонам ҳам тинмай ишларимдан камчилик топаверади. Мендек яхши иш қиладиган келинни қаёқданам топарди?! - Онаси бир нималар деди, шекилли, Саида 3-4 сония жим туриб қолди. - Иш қилишни ўша ерда ўргандинг-ку деганингиз тўғрику-я, лекин хизматини қилганимдан кейин ўқитади-да. 
   Хандон отиб кулаётган келин қайнонасининг келганини сезмади ҳам. Ортиқ гап пойлашга хижолат чеккан Зебо опа бирон сўз айтишга андиша қилганча кўчага чиқиб кетди. Кечки пайт ишдан қайтиб онаси билан саломлашгани кирган ўғлига бўлиб ўтган воқеани ётиғи билан тушунтирди.
— Хотинингни сендан ажрашишини истамайман, фақат келинимни тўғри йўлга солишни хоҳлайман, гапим ростлигини ҳали қайнонангникидан одам келганда кўрамиз.
— Онажон, агар гапларингиз рост бўлса мен у билан ажрашаман, менга бунақа фолбинма-фолбин юрадиган хотин керакмас.
— Йўқ болам, сен шошилиб қарор чиқармагин, эҳтимол хотининг бу ишлар гуноҳ эканлигини билмас, унга аста тушунтириб, бу йўлдан қайтарайлик.
   Ҳеч қанча вақт ўтмай Саиданинг укаси Жавоҳир кириб келди. Зебо опага қўлидаги халталарни ойим бериб юбордилар, дея тутқазди. Бошқа қўлидаги халтани эса бу поччамга экан, ўз қўллари билан анор шарбати тайёрлагандилар, уларни анор шарбати яхши кўришларини опам айтган эканлар, дея Саидага тутқазди. Зебо опа ўғли билан маъноли кўз уриштириб олди. Саида укасини кузатиб қайтгач "Келин, сиз билан гаплашиб олсак майлими?" дея уни чақирди. Эрининг авзойи ўзгарганини сезган Саида лаббай, деб пинагини ҳам бузмай қайнонаси олдига келди. 
— Ойингиз бериб юборган шарбатни эрингизга бермай тура қолинг, сабаби, озгина қабзият бўлаяпти дегандай бўлди, анор шарбати яна кучайтириб юбормасин. Ўзингиз ичиб қўя қолинг. 
– Вой ойижон, мева шарбати ични юмшатади-ку, ойижонимга атайин илтимос қилгандим. 
– Илтимосингиздан ҳам, буюртмангиздан ҳам хабарим бор, - мийиғида кулди қайнона, эрталаб телефондаги гапларингизни ногаҳон эшитиб қолдим. Яна ойим гап пойлар экан, деб ўйламанг, телефоним қолиб кетган экан, шуни олгани кирсам, сиз ойингиз билан чақчақлашаётган экансиз.
   Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган Саида аввалига довдираб қолди, сўнгра "Мен шунчаки ҳазиллашувдим”, - дея ўзини оқлашга тушди. Мунозара устига кириб қолган ўғлига сен жим тур, дея ишора қилди Зебо опа ва келинига насиҳат қилишга тушди. Бундай ишлар Аллоҳга ҳам хуш келмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилган қайнонанинг кўзларига тик қараган Саида гап қайтаришга бошлади: 
- Ўзингизнинг қизингиз ҳам шунақа ишлар билан шуғулланади-ку, нега бўлмаса ўғлингиз ҳадеб уларга меҳрибончилик қилаверади?.. Мен қилган бўлсам ўғлингиздан ажрашай деб эмас, биздан узоқлашиб кетмасин, деяпман.
– Сен онамга тик боқма, ҳали ҳеч ким бизникида бунақа ишларга ружу қўйган эмас, агар бу қилиғингни ташламасанг, сен билан бирга яшай  олмайман! —  дея Зоҳид унга бақира кетди. 
– Ўзи сизларга нима ёқади, ҳали у ишимдан, ҳали бу ишимдан камчилик топасизлар, тинмай нималарнидир ўргатасиз, жонимга тегиб кетди. Шу уйдан кетсам сизларга маъқул бўладими? - деганча силтаниб хонасига кириб кетди ва кийимларини апил-тапил йиғиштира бошлади. ”Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”, деган мақол эсига тушган Зоҳид хотини қилғиликни қилиб қўйиб, энди шаллақилик қилаётганини тушунди ва унга "Агар кетсанг қайтиб келма”, дея бақирганча қолди. Саида дарвозани қарсиллатиб ёпганча чиқиб кетди.
   Келинини қайтариб олиб келишга уринган қайнонанинг барча уринишлари зое кетди, Саида ажрашаман деб туриб олди. Шу тарзда улар ажрашишди. 
   Орадан кўп ўтмай фолбин тавсиясига кўра, у оиласидан ажрашган, уни бахтли қила оладиган бошқа эркакка турмушга чиқди. Орадан 3 йил ўтиб, вилоят газетасида  ишлаётган Розия муҳаррирнинг топшириғи билан шаҳар ОИТС марказига мақола тайёрлагани борди. Беморлар билан учрашиб, у ерда кўнгилли интервью бермоқчи бўлган аёл хонасига кирди. Озғин ва ранги бир ҳолдаги Саидани аввалига кимгадир ўхшатди. Саида эса ўзини Розиянинг бағрига отганча унсиз йиғлар, кўз ёшлари дув-дув оқар, тили эса фақат ”Мени кечиринглар”, дея айланарди. Суҳбат давомида шу нарса аниқ бўлдики Саиданинг иккинчи эри қўшни давлатларга мавсумий ишлаш учун бориб келаркан. Охирги  марта уйга бирга қайтамиз деб Саидани ҳам ўзи ишлаётган мамлакатга олиб кетибди. Эр-хотин Ўзбекистонга келишганида иккаласида ОИТС касаллиги маълум бўлибди. Айбсиз айбдорга айланган неварасининг бундай дардга чалинганини эшитган ҳожи она унвонини олган бувиси эса Саиданинг доғини кўтара олмай қон босими ошиб инсультга чалинибди. Фолбин эса ҳали ҳам ҳаммани алдаб пулини олиб юрган эмиш.  
   Розиянинг бир пайтлар ёмон кўрган келинига шу дамда жуда раҳми келди. Агар у кимларнингдир ёлғонларига ишонмаганида бугун укаси билан бахтли ҳаёт кечираётган бўларди. Фолбиннинг хосиятсиз фоли амалга ошди. Саидада бу касаллик борлигини эшитган жуда кўпчилик  ўзини ундан олиб қочадиган бўлди.                                                                                                                                     
МУХЛИСА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот