Ғийбатга тобингиз қалай?
Феруза ОРИПОВА
Маънавият сабоқлари
Ғийбатга тобингиз қалай?
Ҳар куни эрталаб ишга шошаман, оқшом кетмон чопган одамдай оёғимни зўға судраб уйга қайтаман. Мени уй олдида ҳар куни бир ҳил манзара кутиб олади, уч-тўрт чоғли қўшни аёллар – ҳа, қўшни ишдан қайтдингизми, бир зум дам олинг, ғийбатга тобингиз қалай, келинг ғийбатлашамиз – дейди.
Мен уларга жавобан, - рахмат овқат қилишим керак, ҳали замон турмуш ўртоғим ҳам ишдан қайтиб қолади, ишлар кўп – дея, уйга шошаман. Ғийбатни хуш кўрувчи қўшниларим эса мен кечки овқатни тайёрлаб, оила аъзоларим билан дастурхон атрофида бугунги кун қандай ўтгани-ю, эртанги кун режалари ҳақида суҳбатлашганимиздан кейин фарзандлар дарс тайёрлаш учун хонасига кириб кетган, турмуш ўртоғим телевизор кўриш билан овора бўлган бир пайтда ташқарини кузатсам қўшниларим ҳалиям - ким уйига эрта келди-ю, бугун қайси қўшниникида меҳмон бор, кимникида кеча жанжал бўлди-ю, қайси қўшни эридан аразлади, ким бугун маош олди-ю, ким-кимдан қарз сўраб чиқди каби миш-мишлар билан суҳбати жононни олаётганликларининг гувоҳи бўламан.
Уларга қарата – эй барака топгурлар ғийбат кишидаги қабиҳ феъллардан бири. Бирор кишининг орқасидан гапириш айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат ҳисобланади. Ғийбат оз бўлсада унинг келтирадиган зарари денгиз каби бепоён, у қанчалар кўнгиларни синдиради, қалбларга озор етказади, ҳаттоки отани боладан айиради, оналарни сочига эрта қиров қўндиради, қизларни бахтсизлик сари етаклаб боради. Биргина ғийбатчининг ғийбати сабаб қанчалаб гуноҳлар содир бўлади. Нега ўзингизни ўзингиз абгор қиласиз, билиб-билмай, ҳақ-ноҳақ айтган гапларингиз гуноҳини ўз елкангизга оласиз – дегим келади. Аммо иложи йўқ, улар шу ғийбат учун яратилган инсонлар назаримда. Ғийбат қилмаса яшолмайди, ғийбат қилиб роҳатланади. Ғийбатчилар ҳаттоки ўзлари билан ҳамсуҳбат бўлган шериклари ёнидан кетса у ҳақида ҳам ғийбат қилишдан қайтмайдилар.
Абдулла Ориф қаламига мансуб қуйидаги шеърни ҳофиз Шерали Жўраев шундай хониш қилади:
Ғийбатчининг миш-мишидан ранжиманг асло,
Нима бўлса асли, наслида бўлган.
Онасининг қорнидан ўзи ҳам ҳатто,
Турли миш-миш билан дунёга келган.
Бир аёлни биламан, у шифокор бўлишни орзу қилиб бир неча йил омади чопмай охири ўзи истаган тиббиёт ўқув юртига ўқишга киради. Кеч бўлсада орзулари ушлагани учун фақат илм билан шуғулланиб турмуш қуриш масаласини кейинга қолдиради. Ўқишни тамомлагач шаҳардаги марказий шифохонада ишлашга йўлланма олади. Қишлоққа қайтишни кейинга қолдириб мазкур шифохонада шифокор бўлиб иш бошлайди. Бу орада отаси оламдан ўтади, онасининг биргина орзуси шу қизининг турмушга чиқиши, бахтли бўлиб набиралар кўриши бўлади.
Орадан йиллар ўтади. Опанинг ёши ўттизни қоралаб қолгани сабаб унга муносиб йигитни учратиш қийин эди. Шаҳарда ака-укаларининг ёрдами билан уй-жой қилиб, иш жойида ҳурмат топиб яшаётган опа энди турмуш қуриш орзуси армон бўлиб қолгани ҳақида ўйлаб оиласидагилар билан маслаҳатлашиб ҳарбий хизматчи бўлган акасининг кенжа фарзандини ўғил қилиб олади.
Қишлоғига ўғилчаси билан бир олам қувонч билан борган опани ҳамқишлоқларининг – қайдан акасининг ўғли бўлади, болани ўзи бировдан туғиб олган. Бу бола ҳароми, ўзи ҳам шу ёшгача иболи бўлиб юрармиди, “шаҳар кўрган эчкидан қўрқ” деб шунақаларга айтилади-да, - деган ғийбат гапларини эшитиб қалби вайрон бўлиб уйига қайтади. Тушкун кайфиятда юрган кунларининг бирида шифохонага янги раҳбар келади. Маълум бўлишича раҳбар хорижда ўқиб, илм билан шуғулланган, олим бўлган-у аммо оила қилишга вақт топмаган киши бўлади. Ҳамкасблар таклифи билан ўттиз икки ёшли опани қирқ ёшли раҳбарга унаштиришади ва тўйлари бўлиб ўтади. Уларнинг бугун уч нафар ўғли бор. Ҳадемай келин туширади, ҳаётидан, бахтидан, тақдиридан миннатдор аёл ёруғ юз билан тез-тез қишлоғига бориб туради. Ғийбат қилган ўша ҳамқишлоқлари эса ўз ҳатоларидан уялиб қолганлар. Чунки ҳақиқат аллақачон юзага чиққан эдида.
Ривоят қилишларича, бир олим одамнинг ёнига бегона биров келиб “сизни фалончи ғийбат қилди” – деб айтади. Олим одам дарҳол ғийбат қилган кишига бир товоқ хурмо юборади. У киши хурмони олгач, унинг ёнига келиб “мен сизни ғийбат қилган эдим, сиз бўлса менга хурмо юборибсиз, сабаби нима?” деб сўрайди. Олим одам “сиз менга яхшилик юборган экансиз, эвазига мен сизга хурмо юбордим” деб жавоб берибди. Бундан маълум бўладики, ғийбат ғийбат қилинувчи учун тўғри йўл кўрсатиши мумкин, аммо ғийбат қилувчига зарар келтиради.
Ҳамкасбимиз Муҳаббат опанинг тўрт нафар қизлари бор. Фақат биргина каттаси Санобарни узатган, яна учтаси бўй етиб турибди. Аммо опанинг фиғони фалакка чиқади-ки, қизларини сўраб келувчи совчиларга маҳаллада кимдир ёмонлаб қўяркан. Биз инсонлар табиатан шундаймиз, ким нима деса ишониб кетаверамиз, неча йиллик қўшниси у яхши биладида, демак айби борки ижобий баҳо бермаяпти – деймиз. Йўқ, бу хато. Ахир яхши қизни харидори кўп бўлмайдими, яхши қизга кўп тош отилмайдими, ёмон одам яхши фикр айтишни билмайди-ку, ғийбатчига барибир эмасми, ғийбатчи нима бўлса ҳам, ким бўлса ҳам ғийбат қилиб роҳат олса бас-ку, демаймиз. Биз наҳотки хулосага шунчалар шошиламизу, мулоҳазага шошилмаймиз. Бир ғийбатчининг фикри билан орқага қайтиб кетаверамиз.
Муҳаббат опанинг қон босимлари ошгани ошган, чунки учта қизи бўй етиб турибди, битта тўй қилишни ўзи осон эмас, “ғийбатчининг уйи куйсин, ғийбат қилганга ҳам бало бордир” – деб баъзан алам билан қалбидаги озорларини дилидан тилига чиқариб юборади. Турмуш ўртоғи билан ўттиз йилдан буён бахтли ҳаёт кечириб тўрт қизни вояга етказди, қизларни барчаларини аввало ҳунарли қилдилар кейин мана учта қизларини олий маълумотли қилди, кенжатойи эса коллежда ўқийди. Қизлари жуда аҳил-иноқ, кўп китоб ўқиган, изланувчан, аниқ мақсадли, келажаги порлоқ. Аммо бир қалби сўқир инсоннинг ғийбати сабаб бир оилани гуллатадиган қизлар ўз бахтини учрата олмаяптилар.
Ақлли одам ёнига биров келиб ўзга бир инсон ҳақида ғийбат гапларни гапирса ишонмайди. Афсуски, айрим одамлар ғийбатчининг гапларига лаққа тушади ва ҳаётида қанчалар кўнгилсизликлар содир бўлишига сабаб бўлади.
Сожида холанинг қулоғига келини Сарвинозни қўшниси Икромжон билан яқин алоқада эканлиги ҳақидаги миш-мишлар чалинди. Ўғли хотин, болам-чақам деб хорижда ишлаб меҳнат қилаётган бўлса, набиралари бўй чўзиб қолган бўлса, келинининг бу иши..., йўқ, адашаётгандирлар. Аҳир келини ақилли-хушли аёл, алоҳида ховли-жой қилиб, бир оилани рисоладагидек асраб келаяпти-ку? Шу кунгача эр-хотин ўртасида ҳам сен-менга боришмаган бўлса?
Бу нима деган гап, эшитган қулоққа яхши гапмас-ку? Ўзига бу ҳақида айтсам дили оғриб қолса-чи? Борди-ю бу ҳақида ўғлимга хабар етиб борса нима бўлади? Балки бу шунчаки айрим оғзига кучи етмаган ғийбатчиларнинг миш-мишидир.
Сожида холанинг сабри чидамади, воқеага аниқлик киритиш мақсадида келининикига йўл олди. Ховлида ўша қўшни Икромжон набираси Шохбоз билан темир дарвоза ясатаётган экан. Келини Сарвиноз эса қизи Саида билан бозорга кетибди. Сожида хола ховлини кузатиб ўтириб хайратини яширолмади. Келинининг тадбиркорлигига, тежамкорлигига қойил қолди. Ўғлини ишлашга кетганига энди икки йил бўлди. Мана шу икки йил ичида эрининг юборганини маҳкам тутиб мана ёзги ошхона қурилиши, чала қолган икки хонали уйнинг томи ёпилиши, ҳовлидаги узумга сўриток, ҳар бир уйнинг кираверишига темир тутқичлар ва мана ниҳоят темир дарвоза каби ишларни амалга оширибди. Набираси Шаҳбознинг ёрдам беришига қараганда шу уста йигитга шогирд қилиб берган кўринади, чунки анча қўли ҳам келиб қолибди. Агар ўша айрим нокас одамларнинг ғийбатларига ишониб ҳозир келинимга бирор гап айтсам адолатдан бўлмайди. Уста йигитни диёнатли эканлиги шундоғам кўриниб турибди-ку, қандай қилиб шундай оқила келинимни ғийбатчиларнинг гапларига ишониб ранжитаман. Ўзгаларнинг келинлари эри ўзга юртларда қийналиб топган пулларини ҳавога совурмоқда, айримлари ишлашга кетган эри туриб хиёнат қиляпти, яна айримлари қандай ноҳақликлар қилмоқда... Менинг келиним тилло, у оилапарвар, уйим-жойим дейдиган аёл. Унинг бахтини асрагин, илоҳим.
Ғийбат билан кимдир роҳат топар. Аммо ўша роҳат қачонгача, қисқагина берилган умримизни алақандай ғийбату, миш-мишларга андармон қилиб эмас балки бир-биримизни асраб-авайлаб яшасак ҳаётимиз янада гўзал, умримиз чароғон бўлмайдими? Яна бир гап, ўша ғийбатчининг ғийбатлари таъсирида вояга етаётган фарзанд эртага гуруч ичидаги курмак бўлиб яна қанчалар хонадонларда дилхираликларга сабаб бўлиши бежиз эмас-ку? Демак, келинг умримизни яхшиликлар билан безайлик. Ғийбат умримиз заволи бўлиб қолмасин ва бизни шу балои-офатдан асрасин.