Раҳбар учун маслаҳатлар


Қандай сўзлар сизга ёрдам беради?

   Баъзан ҳаттоки арзимаган нарсалар ҳам ҳаётимизга катта таъсир кўрсатади. Бир калима сўз кимнингдир турмушини бутунлай ўзгартириб юбориши ҳам мумкин! Мана, сиз ўз ходимларингизга, касбдошларингиз, оила аъзоларингиз, дўстларингиз ва барча ўзингизга яқин бўлган кишиларга ҳар куни айтишингиз керак бўлган ўша сўзлар.

"Мен шундай, деб ўйлайман"

  Сиз – раҳбарсиз, лекин бу ўз ходимларингиздан ақллироқ, донороқ ёки зийракроқсиз дегани эмас. Қарор ва буйруқлар чиқаришда амалингиздан фойдаланибгина қолмай, балки уларни мантиқан ҳам асосланг. Табиийки, қарорларингизни тушунтиришингиз билан нафақат уларнинг муҳокама ёки танқид қилиниши учун, балки шу билан бирга янада такомиллашишига ҳам йўл очасиз.

"Мен ноҳақ эдим"

     Ҳаммамиз ҳам нотўғри қарорлар қабул қилишимиз мумкин. Тилда чиройли кўринган нарса, амалда биз ўйлагандек чиқмаслиги эҳтимоли кўп. Ўз хатоларингизни, ҳаттоки ходимларингиз олдида ҳам тан олишга уялманг. Балки сиз ахмоқона кўринарсиз, лекин ҳеч қачон одамларнинг ҳурматини йўқотиб қўймайсиз, аксинча, унга янада кўпроқ эга бўласиз.

"Ажойиб!" 

   Ҳеч ким мақтовга тўймайди, уни эшитиш ҳар доим ёқимлидир. Кимдир яхшилик қилган бўлса, унга бу ҳақда, албатта, айтинг: "Қойил, сен буни зўр қилдинг!" Бироз орқароқ вақтга қайтиб, кимдир бир-икки ҳафта олдин ниманидир аъло даражада бажарганини унга эслатиб ҳам қўйиш мумкин: "Ўтган ой сен топшириқни аъло даражада уддалаганинг эсимда...". Бундай сўзлар ходимни янада юксак ишлар қилишига туртки бўлади ҳамда одамлар кўз ўнгида уларга бўлган эътиборингизни кўрсатади, ахир сиз уларнинг қилган ишини эслаб қўйдингиз. Мақтов бу шундай совғаки, уни айтаётган кишига у бепул тушади, эшитаётган одамга эса катта қувонч келтиради.

"Раҳмат ва арзимайди" 

   Шундай ҳолатлар бўладики, сиз бир инсонга совға берасизу, у инсон эса сиздан уни олишга хижолат бўлаётгандек бўлади. Шубҳасиз, бу ҳолат кайфиятингизни бироз тушириши мумкин. Худди шу вазият сизга совға бераётган одам билан ҳам содир бўлиши мумкин. Қувончли лаҳзаларни бузишнинг кераги йўқ, сиздан фақатгина у инсоннинг кўзига қараб, "раҳмат" дейиш талаб этилади, холос. Агар совға сизнинг бирор хизматингиз учун миннатдорчилик тариқасида берилаётган бўлса, унда "Арзимайди! Ёрдам берганимдан хурсандман", дейиш кифоя қилади, холос. Сиз бошқаларни мақтайсиз, совғалар берасиз, шундай экан, ўзингизга ҳам миннатдорчилик билдиришларига ижозат беринг.

"Менга ёрдам бериб юборолмайсизми?" 

   Агар сизга ёрдам керак бўлса, нимага кераклиги, кимдан сўрашингиздан қатъи назар, "Ёрдам бериб юборолмайсизми?", дея самимий сўранг. Сиз, албатта, ёрдам оласиз. Бунда сизнинг ёрдам сўраган одамингиздан бироз боғлиқлигингиз, унга ҳурматингиз ва уни эшитишга тайёрлигингиз намоён бўлади. Бу эса, буюк етакчи ва дўстларга хос бўлган сифатдир.

"Кечиринг" 

   Ҳаммамиз ҳам ноҳақ бўлишимиз мумкин. Барчамизда кечирим сўраш учун сабаб бўладиган нимадир бор: ножоиз сўзлар, ножўя ҳаракатлар (ёки, аксинча, бефарқлик, ҳаракатсизлик) ва ш.к. Агарда айбингиз бўлса, доимо кечирим сўранг. Бироқ буни "Мен бўлиб ўтган воқеадан афсусдаман, лекин ўзинг ҳам ноҳақ эдинг ...", тарзида писандалик билан қилманг. Бундай арз билан сиз суҳбатдошингизни ҳам ўзини айбдор ҳис қилишига ҳаракат қилаётган бўласиз. Шунчаки кечирим сўранг, ноҳақ эканлигизни айтинг. Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Шундагина сиз ўз муносабатларингизни яна оқ варақдан бошлашингиз мумкин.

"Илтимос, менга кўрсатиб юборинг". 

   Маслаҳатлар вақт ўтиши билан унутилади, билимимиз эса биз билан абадий қолади. Нима қилиш кераклигини билиш, албатта, яхши, бироқ нимани қандай ва нима учун қилишни билиш бебаҳодир. Сиз бирор одамдан ниманидир қилишни ўргатишини, кўрсатишини сўраб мурожаат қилганингизда иккита ҳолат рўй беради: биринчидан, сиз амалий ёрдам сўраб мурожат қилган кишингизга бўлган ҳурматингизни кўрсатасиз, унинг тажрибасига ва устамонлигига ишончингизни билдирасиз. Иккинчидан эса сиз ўзингиз учун кўпроқ даражада қийматга эга бўлган билимларни қўлга киритасиз.

“Келинг, ёрдам бериб юбораман”

   Кўп инсонлар ёрдам сўрашни ўзларига эп кўрмай, тишларини-тишларига қўйиб бирор ишни ўзлари ҳал қилишга уринадилар. Бироқ ҳаммага ҳам ёрдам керак. "Нима биландир ёрдам беришим мумкинми?", деб сўраш керак эмас. "Ҳа", деган жавобдан кўра, "Йўқ, ҳаммасида жойида", деган жавобни эшитишингиз эҳтимоли кўпроқ. Зийракроқ бўлинг. Ўзингиз бирор одамга нима билан ёрдам бера олишингизни билишингиз лозим: "Бир неча дақиқа бўш вақтим бор. Хоҳласангиз, ёрдам бериб юбораман". Бу тариқа айтилган ёрдам сўзлари ҳомийликдан кўра, кўпроқ ҳамкорликка ундагандек бўлади. Бироқ бундан сўнг енгларингизни шимариб, айтган сўзларингизни амалда ҳам исботланг.

"Мен сени яхши кўраман".

    Иш жойида бу ифодани, албатта, ишлатиш ножоиз. Бироқ оилада яқинларингизга ушбу сўзларни такрорлашдан чарчаманг.

 "Ҳечқиси йўқ"

   Баъзида, "ҳечқиси йўқ" дейишдан бошқа иложингиз қолмайди. Агар жаҳлингиз чиққан, хафа бўлган ёки дилингиз хира бўлиб турган ҳолатда бўлсангиз, яхшиси индаманг, жим туринг. Агар сиз ҳамма салбий ҳис-туйғуларимни очиб ташлаб, енгил бўламан, деб ўйласангиз хато қиласиз, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Ходимларингизни танқид қилаётганда шуни эсдан чиқармангки, ишлар вақт-соати билан изига тушиб кетади, бироқ кўнгил ранжиши ёдда қолади. Бирор нарса айтишдан олдин, вазиятни яхшилаб ўрганиб чиқинг. Балки сиз нотўғри маълумотлар ёки бошқа бир сабабларга кўра кераксиз хулосалар чиқараётгандирсиз. Сиз айбламоқчи бўлган одам нималарни ҳис қилишини бир ўйлаб кўринг. Сиз нима дейишни ва айтган сўзларингиз келажакда вазиятга қандай таъсир этишини билмагунингизгача фикр билдирманг.

Интернет хабарлари асосида тайёрланди. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот