Етиб келган шифокор Ойсулув холани текшириб кўргач, Шокир ота боядан бери эшитишдан қўрқиб турган сўзни айтди: - Бардам бўлинг, отахон, хотинингиз бандаликни бажо келтирибди.
Шифокорнинг мулоҳазасига кўра, Ойсулув хола дориларни меъёридан ортиқ ичиб юборган. Натижада, заифлашган юрак бунга дош беролмаган. Хола оғриқ қолдирсин, деб кўпроқ дори ичганми ёки бирваракайига ҳамма азоблардан қутулиш учун ўз жонига қасд қилганми — буниси қоронғу эмиш. Бундай бўлиши мумкин эмас, — деб ўйлади даҳшат ичида Шокир ота.
— Ўзини атай ўлдирганлар дўзахий бўлишини Ойсулув биларди-ку. Ахир, у имонли, мўмина аёл эди. Йўқ, йўқ, ҳойнаҳой, унга дорини келини Наргиза ичирган...
Эрталаб ишга кетган жияннинг хизмат жойига қўнғироқ қилишиб, холасидан жудо бўлганини маълум қилишди. Зудликда етиб келган Мансур остонадан-оқ айюҳаннос солиб, ўкириб йиғлади:
— Вой, холам-ей, меҳрибон холажоним-ей, сиз ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди, холажоним-а! Бизни кимларга ташлаб кетдингиз, холагинам! Сизсиз энди қандай яшайман, хола-а-а!..
Кўнгилга ўрнашиб олган шубҳа ёмон экан. Рафиқасини дафн этиб келишди ҳамки, Шокир отани қийнаётган гумон унга тинчлик бермади. Ота хотинидан бўшаб қолган каравотга ётиб, унинг деворга осилган суратига тикилганча, юм-юм йиғларди.
Бу оқшом ҳам анчагача отанинг кўзларига уйқу илинмади. Ёстиққа бошини қўйиб ётаркан, ниҳоят кўзи қачон илинганини сезмай қолди. Тушига хотини кирибди.
— Унда келининг ичирдими? — дебди жон ҳолатда Шокир ота.
Шунда Ойсулув хода ғамгин қиёфада:
— Қўйинг, дадаси, энди фойдаси йўқ, нима, шу аниқ бўлгани билан мен тирилиб келармидим? Ҳаммадан мингдан-минг розиман! — деганча ҳавога сингиб, кўздан ғойиб бўлибди..
Чўчиб уйғонган Шокир отанинг уйқуси ростманасига ўчиб кетди. Ота қандай бўлмасин, бу жумбоқнинг тагига етишга аҳд қилди.
Тўғри, Шокир ота осон йўлни танлаб, шубҳасини прокуратура ходимларига айтса ҳам бўларди-ю, лекин улар келинини олиб кетишиб, сўроққа тутишлари, гумондор шахс сифатида вақтинчалик ҳибсхонада сақлашлари ҳам мумкин. Умуман, бундан бирор-бир натижа чиқармикан? Борди-ю айблов ўз тасдиғини топмасдан, келини айбсиз, деб топилса-чи? У ҳолда, жияни ва келинининг кўзига қандай қилиб тик қарай олади? Ахир, "Гумон — имондан айиради", дейишади-ку. Яхшими, ёмонми, хотини оғир ётганда, унга қараб, ҳожатигача тозалаган келини-ку. Ҳар кун ишга кетадиган Шокир ота негадир ўша куни кўнгли алланечук нохушликни сезгандай, ишга боришга оёғи тортмаганди-я. Бежизга эмас экан-да. Энди шу ўринда озгина изоҳ бериб ўтайлик.
Шокир ота билан Ойсулув хола, афсуски, бефарзанд ўтишди.
Ниҳоят кексайганларида Шокир ота кимларникидадир ижарада яшаб юрган жияни Мансурни оиласи билан ҳовлисига кўчириб келди. Мансур яқинда уйланган. Ажаб эмас, бир-икки йил ичида фарзандли бўлиб қолса, чол-кампирга ҳам эрмак топиларди-қоларди.
Бироқ бу умид амалга ошмасидан бурун Ойсулув хола ўрнидан туролмайдиган даражада оғир касал бўлиб қолди. Олти ойки, аҳвол шу. Ҳалиям келин ақлли-ҳушли, одобли экан. Шу пайтгача миқ этмасдан касал кампирга қараб келди: вақтида дорисини берди, вақтида тувагини олиб келиб турди... Ҳолбуки, Ойсулув хола жуда оғир, жисмоний азоб берадиган дардга чалинганди. Шўрлик кечалари тинмай юм-юм йиғлаб чиқар, Худодан тезроқ ўзига ўлим тиларди. Ахир, азоб кампирнинг жонидан ўтиб кетганди-да.
Аммо.. Шокир ота ўйлай-ўйлай ахийри инсон гипноз ҳолатига туширилса берилган ҳар қандай саволга рўй-рост жавоб бериши ҳақида, онг ва ботиний онг тўғрисида аллақайси газетадан ўқиб қолганини эслади. Қандайдир гипнозчи эса шу усул билан гумондорлар орасидан ҳақиқий жиноятчини аниқлашга муваффақ бўлганини ҳам ёзишганди.
Аниқ бир тўхтамга келган Шокир ота ўша газетани қидириб топди. Газетада кўрсатилган таҳририят манзилига сим қоқиб, гипнозчининг телефонини айтишларини илтимос қилди. Гўшакни олган ходим отанинг дардини батафсил эшитиб бўлгач:
— Бизни маъзур тутасиз. — деди одоб билан, - лекин нотаниш кишиларга гипнозчига тааллуқли маълумотни ошкор қилолмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ.
Шокир ота ялиниб-ёлворишга тушди. Ниҳоят ходимнинг кўнгли юмшади шекилли:
— Фақат бир иложи бор. — деди. - Сиз таҳририятимизга шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз билан келинг. Биз қўнғироқ қилиб гаплашамиз. Агар гипнозчи розилик берса, у кишининг манзилини борамиз.
- Мабодо, сиз унга қўнғироқ қилиб, менинг телефонимни берсангиз-чи, ўғлим. У кишининг ўзи вақт топиб, менга сим қоқса бўлмайдими? — деб сўради Шокир ота илинж билан.
— Маъқул.
Шокир ота кечгача гипнозчининг қўнғироғини интиқиб кутди. Ахийри кечки соат саккизлар чамаси қўнғироқ бўлди. Уйда жияни ва келини, қариндошлари борлиги учун отахон телефон орқали кўнглидаги гапларни очиқ-ойдин айтолмади ва бирор тайинли жойда учрашишни илтимос қиларкан, атай баланд овозда: Бу иш жойим билан боғлиқ масала, — деди. Шокир ота гипнозчи билан келишилган жойда учрашиб, кўнглидаги борини тўкиб солди. Шундан сўнг улар қилинадиган ишларни ўзаро келишиб олишди.
Эртаси куни ўтказилаётган маросимда ўзини азадор хонадонга ҳамдардлик билдириш учун келган қариндош сифатида тутган гипнозчи Шокир ста билан алоҳида хонага кирди. Чой олиб кирган келин гипнозчининг ўткир нигоҳига дош беролмай, негадир бошқача бўлиб кетди. Гипнозчи ундан кўз узмаган ҳолда паст, аммо эътирозга ўрин қолдирмайдиган буйруқ оҳангида амр қилди:
— Ўтиринг! Яхшилаб жойлашиб олинг. Кўзларингизни юминг. Яхши. Ҳозир санашни бошлайман. ўнгача санаб улгурмасимдан-оқ қаттиқ ухлаб қоласиз. Бир… икки... дарҳақиқат, у тўққиз деганидан жувоннинг кўзлари ўз-ўзидан юмилиб, боши пастга осилди.
— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ, — дея жавоб қайтарди келин кўзларини очмаган ҳолда оҳиста.
— Унда ким қилди бу ишни?
— Билмайман.
— Рост гапирмасангиз, ўзингизга қийин бўлади. Ана, сезаяпсизми, миянгизда чидаб бўлмайдиган даражада қаттиқ санчиқ пайдо бўлди. Агар айтмасангиз, оғир оғриқдан ўласиз.
— Во-ой, бошим-м, им-м. Онамнинг оқ сути кўр қилсин, агар ёлғон гапираётган бўлсам. Мен холамни бошимга кўтарардим. У киши бизга уйининг тўридан жой берди. Шундай одамни... Нонкўрлик қилмайман... Холам... вой бошим… чидолмаяпман… ўзи вафот этди...
— Яна ўнгача санагунимча ҳозирги гап-сўзлар хотирангиздан бутунлай ўчиб кетади ва сиз уйғонганингизда орамизда бўлиб ўтган гап-сўзларни мутлақо эслолмайсиз. Бир, икки, уч...
Бироз фурсат ўтмай, келин кўзларини очди ва нега кўрпачага ўтириб олганининг сабабини тушунолмай, ҳижолат чекканидан кизариб-бўзарган кўйи шошиб оёққа қалқди.
— Вой, ўлмасам, чой қуйиб узатаман, деб ўтириб олибман, шекилли, — деди келин баттар ҳижолат тортиб.
- Ҳечқиси йўқ, чойни ўзимиз қуйиб оламиз, келин, — деди нимагадир енгил тортган Шокир ота. - Сиз бориб бемалол ишингизни қилаверинг.
Келин илдам юриб чиқиб кетди.
— Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, – деди Шокир ота. – Сизга минг раҳмат, кўнглимдаги шубҳа илонини ўлдирдингиз. Одам қаригандан кейин шунақанги инжиқ, бировга ишонмайдиган бўлиб қолади шекилли. Буни қаранг, гулдай келинимдан гумон илиб юрган эканман.
Шокир ота қўл силтади.
— Жияним Мансур. Лекин ундан шубҳаланмасаям бўлади. Холаси деганда ўлиб қоларди ўзиям. Жаноза куниям йиғлайвериб шишиб кетди, бечора.
Гипнозчи дастурхонга тикилган кўйи бир муддат ўйланиб олди, Сўнг Шокир отага ўгирилди:
— Шу йигитни бир дақиқага чақириб юборсангиз.
Шокир ота гипнозчига ҳайрон бўлиб қаради:
— Айтдим-ку, у хотинимни ўз онасидай кўрарди...
— Шундай бўсаям. Илтимос...
Шокир ота сал оғриниб ўрнидан турди ва деразадан ташқари бўйлаб, ҳовлида елиб-югуриб хизмат қилиб юрган жиянини чақирди:
— Мансуржон, бир минутга бу ёққа қаравор...
— Хўп бўлади.
Шундан кейин Шокир ота гипнозчига саволомуз боқди. — Мансурни чақиришнинг не ҳожати бор? Ёки ундан ҳам гумон қилаяпсизми? Ахир, айтдим-ку, у холасини онасидай кўрарди деб...
Отанинг гапи оғзида қолди. Худди шу лаҳзада ғамгин қиёфада ичкарига кириб келган Мансур ўтирганларга салом берди:
— Ассалому алайкум.
— Бундоқ ўтиринг, Мансуржон, — деди гипнозчи унга ёнидан жой кўрсатиб. — Бу ёғи бандалик экан, ўғлим. Ўлим ҳақ. Қазо ҳаммамизнинг бошимизда бор. Вақти-соати келиб, ҳаммамиз ҳам Яратган Эгамнинг ҳузурига борамиз. Ҳадеб ўйлайвериб, сиқилманг. Кўзингизни юмиб, ўзингизни қийнаётган ташвишлардан холи бўлинг.
Яна бояги манзара такрорланиб, гипнозчи то ўнгача санагунга қадар киприклари чўян қуйилгандай оғирлашиб, кўзлари ўз-ўзидан юмилиб бораётган Мансур уйқуга кетди.
— Хўш, холангизни ўлдиришга сизни нима мажбур қилди?
Мансур нималардир деб ғўлдиради ва... кутилмаганда йиғлаб юборди:
— Ўлдирмоқчимасдим. Йўқ-йўқ, ўлдирганим йўқ. Шунчаки, холамни касалликдан, мислсиз оғриқ, азоблардан, дунё ташвишларидан халос қилмоқчийдим, холос.
— Бас қилинг. Акс ҳолда, ўзингизни ҳам ухлатиб қўяман ёки ҳозироқ бу ердан кетаман. Яна бир қотилликка гувоҳ бўлишга тоқатим йўқ.
Ноиложликдан инграб юборган Шокир отанинг итоат қилишдан ўзга чораси қолмади.
— Буни қандай амалга оширганингизни бир бошдан гапириб беринг-чи? — буюрди гипнозчи.
— Ўша куни холам ётган хонага кирсам, у ердан таралаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмасди. Холам хотинимга тувакни олиб кел, деса бўларди-ку. Ким билади, балки, холам касаллигидан ҳожатини тутиб туролмагандир. Хуллас, қарасам, хотиним холамнинг нажосатини тозалаб, лозимини юваётган экан. Холам бўлса иҳраб-сиҳраб, вой-войлаб ётганди. Тўғриси, холамгаям, хотинимгаям ачиниб кетдим. Холамнинг дастидан, очиғи, ҳаммамиз қийналиб кетдик. Хотиним холамнинг кийимларини юваётганда... Мен икки томчисини ярим пиёла қайнаган сувга аралаштириб ичиладиган доридан... Пиёлага ўттиз-қирқ томчи қуйдим-ов. Кейин... холамнинг оғзига пиёлани тутиб, дорининг ҳаммасини ичирдим... Кейин холам билан бирпас суҳбатлашиб ўтирдим. Тўғрисини айтсам, холамга дори миқдорини керагидан ошиқча ичирганимдан афсусландим. Лекин бўлар иш бўлганди. Қолаверса, холам ё тузалиб кетар, ё ҳаммасидан бир йўла қутулади-ку, деган ўй тасалли берди менга. Холам ҳам худди ўлимини кутиб ётгандек эди-да... Ўзи неча маротаба менга айтганди: Қачон ўламан, а?, - деб... Ахир бунинг нимаси қотиллик? Ўлимни бўйнига олиб турган кампирнинг илтимосини бажарган бўлсам... Уни азоб-уқубатлардан қутқарган бўлсам... Меҳрибон холажонимга меҳрибонлик кўрсатган бўлсам... Шундай бўлсаям, ўрнимдан турганимда худди охирги кўриб турганини сезгандек "Хайр, Мансуржон!", - деди мунғайиб. Ғалати бўлиб кетдим. Чунки олдинлари ‘Ишга яхши бориб кел, эсон-омон қайт”, - дея дуо илиб қоларди. Кўзларимга қуйилиб келаётган ёшни кўрсатмаслик учун зўр-базўр: Хайр’, - дедим-у, ташқарига отилиб, ишхонамга жўнадим.
— Етар...
Кўзларидан дув-дув ёш оқаётган Шокир ота беихтиёр инграб юборди.
Гипнозчи ялт этиб отахонга қаради. Сўнг таъкид оҳангида деди:
— Келишганимиздай, бу ерда айтилган ташқарига чиқмай, шу ерда қолади. Бу гаплар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмаслигини олдиндан айтгандим.
Шокир ота беҳол бош ирғади. Гипнозчи дарров Мансурни ўзига келтирди. Ҳушига келгач, бир муддат ҳайрон бўлиб туриб қолган йигитга гипнозчи бўш чойнакни ишора қилди. Шундагина нимага келганини эслагандай суюниб кетган Мансур чойнакни ола-сола ҳовлига шошди...
Орадан бир ойга яқин вақт ўтди.
Кампирининг қирқини ўтказганидан сўнг кутилмаганда Шокир ота йўқолиб қолди. Мансур излай-излай ниҳоят тоғасини шаҳар чеккасидаги қариялар уйидан топди. Аммо нимагадир Шокир ота жияни билан учрашишни истамади... Мансур кўп ялиниб-ёлворди, орага бош шифокорни ҳам қўйди. Бироқ отахон кар ва соқов сингари индамай, оппоқ деворга тикилган кўйи ўтираверди...
Орадан яна бир ой ўтгандан сўнг эса Шокир ота Мансур бош шифокор орқали киритган бир даста қоғозларга имзо қўйиб берди. Бу Шокир ота ўз ҳовлисини Мансурга ҳадя қилиб берганлиги ҳақидаги нотариус ҳужжатлари эди..
2004 йил.