АДИБ ТУШИ (ҳазил)
АДИБ ТУШИ (ҳазил)
Бир адиб туш кўрмиш ғалати аён,
Уни биз тахминан айлаймиз баён:
Ҳаққа топширибди охир омонат,
Жон ҳам қутулибди ундан ниҳоят.
Хуллас, амал топиб тадорик маълум,
Тайёр қилинибди сўнг йўлга марҳум.
Таъзияга келмиш танишу, ётлар,
Ҳамда алоҳида бир гуруҳ зотлар.
Саломига алик олмаган бири,
Яхши рўйхатларга солмаган бири.
Бирига ёқмаган тикка қомати,
Бирин ғашлантирган келган омади.
Шунақалар кетмай минбардан нари,
У ҳақда хотира айтармиш бари.
Бири "қалин эдик, дўст эдик" дермиш,
Бири "биз мағизу, пўст эдик" дермиш.
Кимдир "ижодда дур терган эди", дер,
Ким "халқ ўзи унвон берган эди", дер.
Мақтову, эътироф ёғилиб турли,
Билинди: Адибдан қолган из - нурли...
Эрининг эшитиб тинмай отини,
Ғоят ҳайрон эмиш шўрлик хотини.
Чинми, чинмасми деб, чимчилаб ўзин,
У ётган тобутдан узмасмиш кўзин.
Ишонмай тахтада ётган ўзига,
Кафанни сийпалаб, қарар юзига.
"Ўша, ахир!", таниб, ҳайрати ортар,
Ҳар хил савол уни хаёлга тортар.
"Тавба, шунча яхши гапларни бу эр,
Тиригида нега эшитмади?!" - дер...
Бобур БОБОМУРОД