ОҚИБАТ ДЕВОРЛАРИ НУРАМАСИН


Нилуфар ЖАББОРОВА
 
ОҚИБАТ ДЕВОРЛАРИ НУРАМАСИН

   Раҳматли онам шу гапни кўп такрорларди. Бола қалбим билан бу сўзларини тушунмас, оқибат девори қандай бўлар экан, дея ўйлардим. Вақт ўтган сари бу сўзлар маъносини англагандек бўлдим.
  Бир девор қўшни, синфдош дугонам билан мактабга бирга қатнардик. Мактабдан қайтгач, уй юмушларини тез-тез бажариб, уйимиз олдидаги майдончага ўйнагани чиқардик. Бир куни ўйин авжига чиққанда Гулноза шошиб қолди:
– Уйда бобомнинг ўзи қолганди-ку! Мен тез уйга киришим керак. Хойнаҳой, бобом ошхонага кириб олиб гўшт пишираётган бўлса керак...
– Бу нима деганинг. Овқат қилмаганмидинг? – дея ажабланиб сўрадим.
– Овқат бор. Аммо неча кундан бери бобом қовурилган гўшт егим келяпти, деб юрганди. Айтганини қилиб бермагандик, ўзи пишириб ебди. Онам бобонг гўштни камайтириб қўйибди, нега қарамадинг, деб роса бақирганди. Шу бобомни деб тинчлик йўқ уйимизда. Қари бўлсаям томоғи ёмон-да ўлгурнинг. Алланималарни егиси келади. Дадам: “Бобой ўлса, шошиб қолмайлик”, деб, бир қопдан гуруч билан ун олиб қўйганди. Кўп вақт турганидан миталаб кетибди. Ноилож рўзғорга ишлата бошладик. Эртага дадам маош олса яна гуруч, ун олиб келаркан. Онам ҳам, “Саксон бешга кирсаям ўлишидан дарак йўқ. Жониям қаттиқ экан-да”, дедилар... – у тинмай гапирар, гапирган сари оёқлари уйи томон шошиб кетарди...
   Очил бобонинг қулоғи оғирроқ бўлса-да, жуда меҳнаткаш, самимий инсон эди. Қачон чиқсам, у киши доим бир нималар билан банд бўлар, оила аъзоларининг оёқ кийимларини тикиб, бутлаб ўтирганига кўп гувоҳ бўлганман. Суҳбатини эшитсангиз ёнидан кетгингиз келмас, бир-биридан қизиқарли ҳикояларни айтиб одамни асло зериктирмасди...
 Шу воқеа сабаб бўлди-ю, мактабга Гулноза келишини кутмай атайин эрта кетиб қоладиган бўлдим. У бўлса нима бўлганига ҳайрон эди...
   Бир куни эрта тонгдан “Вой, отам-ей”, деган йиғи эшитилди. Югуриб ҳовлига чиқдим, овоз Гулнозаларнинг уйи томондан келаётган эди. Билдимки, Очил бобо вафот этибди... Кечагина ҳассасига суянганча кўча эшиги олдида нималарнидир ўйлаб ўтирганди-я.
  Қўшни ҳовлидан чиқаётган овоз баландлашган сари шунчалик сохтадек туюлар, Гулнозанинг “Гуручларимиз эскириб қолди, бунинг эса ўлишидан дарак йўқ”, деган гаплари қулоғим остида жаранглайверарди...
  Энди ҳар гал Қаршига борсам бир девор наридан бақир-чақир, ур-тўполонларнинг овозини эшитаман. Укамга нима гап дегандек қарайман. Укам эса хўрсиниб, “Қайтар дунё”, дейди. Шундай пайтларда кўчамизда Очил бобонинг мунғайиб турган чеҳраси кўз олдимда намоён бўлаверади...
 Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг болалик хотираларини қоғозга тушириш мақсадида севимли ёзувчимизнинг уйига бордим. Узоқ суҳбат давомида кексаликнинг ўзига хос эркаликларию инжиқликларини сабр-тоқат, меҳр билан кўтараётган фарзанду невараларини кўриб ҳавасим келди. Бир вақтлар тарихнинг синовли ва оғир кунларини бошидан ўтказган адиб билан унинг рафиқаси Мунаввара аянинг шундай табаррук ёшда фарзандлар ардоғида яшаётганида меҳр-оқибатнинг ўрни беқиёс эканини англадим.
   Ҳамкасбим ишга келиши биланоқ қўшнисининг қилмишидан гапира кетди. 70 ёшли опа укасини кўргани унинг уйига келибди. Келин эса қайнопанинг келганини кўриб эшигини очмабди. Бечора аёл узоқ йўлдан келгани учун қайтиб кетишини ҳам билмай эшик олдида анча кутибди. Аксига олгандек ёмғир тинмай ёғар, шўрлик аёл эса пана жой топа олмай роса шалаббо бўлибди. Ойнадан кўриб қолган ҳамкасбим қўшнисининг уйига қўнғироқ қилибди. Гўшакни кўтарган қўшни аёлга:– Қайнопангиз эшигингиз ёнида турибди. Қачондан бери қўнғироғингизни босади. Нима, эшитмаяпсизларми? – деб сўрабди.
– Вой, эшитяпмиз. Жонимизга тегиб кетди-да ўзиям. Уйида ўтирса бўлмайдими?! Сиз индаманг, айланай, кутиб-кутиб ўзи қайтиб кетади, – дебди. Охири чидолмаган ҳамкасбим ивиб кетган аёлни уйига олиб кирибди. Буни ойна тирқишидан кузатиб ўтирган қўшниси икки соатлардан кейин чиқиб, “Қачон келувдингиз, опа, келин билан бозорга тушган эдик”, дея ноилож уйига олиб кетибди.
  Турфа табиат одамларни кўриб ҳайрон қоласан, киши. Ахир қайнонасининг бу хатти-ҳаракатини кўриб ўрганган келин эртага атрофидагиларга қандай муносабатда бўлар экан-а?..
  ...Автобусда юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Йўловчиларнинг кайфияти чоғ. Кимдир китоб ўқияпти, кимдир қўшиқ эшитаяпти, бошқа биров эса атрофни томоша қилган... Қўққисдан кондуктор аёлнинг бақиргани ҳаммани эътиборини тортди.
– Ҳозир тушасан. Тушундингми? Мен ҳеч нимани билмайман. Автобус тўхташи билан тушасан. Пулинг йўқ экан, нега автобусга чиқасан? Ҳе сени пулсиз жўнатган ўша ота-онангни...
– Адашиб қоламан-ку, опажон. Пулим бор эди. Ишлатиб қўйдим-да. Эртага қўшиб бераман, – автобуснинг ўрта эшиги ёнидан ҳиқиллаган овоз эшитилди. Чамаси иккинчи ё учинчи синф ўқувчиси бўлган бир болакай ерга қараб турарди. Ёши улуғроқ бир аёл кондуктор аёлни инсофга чақирмоқчи бўлди:
– Бу нима қилганингиз? Яқинда сизга ўхшаган бир кондуктор пули йўқ болани автобусдан тушириб юборган экан, уни нақ уч кун қидиришибди. Боласи топилгунича ота-онасининг бўлари бўлибди. Пул керак бўлса мана мен тўлайман. Болага индаманг, хўпми, – деди.
– Пулингиз шунчалик кўп экан бунга ўхшаган болаларнинг ҳаммасига тўлай оласизми? Ўтириб олиб мунча донолик қиласиз, – дея бақира кетди кондуктор аёл.
   Одам кўп бўлса-да, автобус сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди. Ҳамманинг кайфияти тундлашди. Ахийри ўзининг борлиги эсига тушиб қолдими ҳайдовчи амаки тилга кирди:
– Неча маротаба айтдим сенга. Болаларга индамагин. Пули бор бўлса беради, бўлмаса йўқ деб. Қанақа гап тушунмайдиган хотинсан ўзи, а? Доим бир ғалва чиқарасан... Ахир сенинг ҳам фарзандларинг, набираларинг бор-ку. Улар ҳам бир куни шундай ҳолга тушиб қолиши мумкин-ку, – асабийлаша бошлаган ҳайдовчининг гап-сўзларидан маълум бўлдики кондуктор аёл хотини экан.
– Яхши бўлибди. Йўлингизга қаранг. Мен ҳеч қачон фарзандларимни пулсиз кўчага чиқармайман, тушундингизми... – аёлнинг борган сари овози баландлашар, йўловчилар манзилига етдими ёки йўқ тез-тез тушиб кета бошлашди.
  Автобусдан тушар эканман, кўз олдимдан “Сен етим эмассан” кинофильмидаги кадрлар бирма-бир ўта бошлади. Унда Маҳкам ота оиласининг оч-наҳор аҳволида ҳам турли миллат болаларига ғамхўрлик қилганликларини бир эслаб кўринг-а! Бу шунчаки кино эмас – бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз! Ўша ночор замонлар олдида ҳозирги ўтаётган тўкин ва осуда кунимизни қиёслаб бўлмас даражада қадри, қиймати борлигини нега тушунмаймиз. Ахир ўзбек миллати, боланинг бегонаси бўлмайди, дея душманининг боласигада меҳр-оқибат кўрсата оладиган буюк халқ эмасмиди!? Энди эса атиги минг сўм пул учун кондуктор болани дуч келган ерда автобусдан тушириб юборса-ю, ота-она, милиция ходимлари уни уч кун қидиришса...
  Яшайверсанг кўраверасан деганларидек, айрим эр-хотинларни кўриб ажабланасан, киши. Шифохона эшиги олдида бир келинчакнинг зориллаб йиғлагани ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди. Икки томонлама пневмония (ўпка яллиғланиши), баланд иситма билан келган бу ҳомиладор келинчакнинг эри хотинини шифохонага ётиши учун рухсат бермабди. Устига-устак аёли ичиши лозим бўлган дориларни ҳам беркитиб қўйган экан. Нима эмиш, дорилар унинг пулига келганмиш. Керак бўлса ўзинг ишлаб топ, дебди. Шифокорлар келинчакнинг эрига гап уқтиролмай боши қотган...
   Минг афсуски, орадан нима гап ўтиши, қандай вазият бўлишидан қатъий назар шу аёл вужудида ўз зурриёди борлигини, бу митти жон меҳр-муҳаббатга, эътиборга муҳтож эканлигини унутиб қўйўвчи шафқатсиз кимсалар ҳам орамизда учраб турибди.
   Иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судига бордим. Эшик олди шунчалик тирбанд эдики, кўрсангиз, “Ўҳ-ҳў, ҳамма меҳр-оқибат шу ерда экан-ку”, дейсиз. Керакли ҳужжатларни олишим учун 30-40 дақиқа кутиб туришимга тўғри келди. Шу вақт давомида эшик олдини тўлдириб турган одамларни кузатдим. Бир-бирига нафрат кўзи билан қараган, жиддий, асабий, тунд юзлар... Ёнида набираси билан турган кекса аёлнинг айтишича, қўшниси “Набиранг эшигим панжарасига осилиб, ўғирлик қилмоқчи эди”, дея судга ариза берибди. Эътиборимни бурчакда бошини чангаллаганича ўтирган аёл тортди. Шўрлик эрининг ситамларига чидолмай уч ўғли билан ажрашган, йиллар ўтиб, болалари бўйи тенги бўлганида қайнонанинг, яъни “меҳрибон бувижон”нинг набиралари яшайдиган икки хонали квартираси ёдига тушиб қолибди. Шунча яшаганларинг етар, уйни бўшатиб қўйларинг, дея ҳар куни тўполон қилармиш. Қўшнилари “Ахир набираларингиз-ку”, дейишса, “Отасини тан олмайману, болалари нима бўларди”, дермиш... Хуллас, “деди-деди” билан умрини ўтказаётган одамларга қараб ачиниб кетдим. Гўёки бирор бир мақсадсиз йўлга чиққан йўловчига ўхшашади...
   Бугун шаҳар оралаб юрсангиз бир-биридан баланд қилиб барпо этилган ҳовлиларга кўзингиз тушади. Худдики уйлар ҳам кимўзарга қурилаётгандек, гўёки эртаклардаги подшолар маконига ўхшайди-я. “Тавба, одамзод учун бунча ҳашамнинг нима кераги бор экан-а?” дедим ҳайратимни яшира олмай. Гапимни эшитган ҳайдовчи амаки қўли билан чап томонни кўрсатиб шундай деди:
– Синглим, мана шу кўчанинг орқасида бир аёлнинг уйи бор. Ишонасизми, икки йилда уйини тўрт маротаба бузиб қурдирди. Уй қурилиши энди тугай деганда бошқа бир ҳашамдор уйини кўриб, буникидан ҳам зўр қиламан, деб уйни бошқатдан қурдиради. Яқин ўртоғим ўша кўчада туради. Унинг айтишича бир ҳовли учун кетган маблағга камида ўртача саккизта уй кўтарса бўларкан. Ачинарлиси, ўша аёлнинг уйидан сал нарида икки боласи билан ночор оила яшайди. Эри ногирон, аёл эса фаррош бўлиб ишлайди. Болаларини боғчага беришгаям пули йўқ... Кўзи очиғу қалби сўқир, деб шундайларни айтишса керак-да. Шунчалик пулинг кўп экан, ёнингдаги қўшнингга ёрдам қилмайсанми?..
   Икки ҳафта олдин бир тўйга бордим. Келин-куёв ўтирадиган жойни безатиш учун 67 миллион сўм харажат қилишибди. 4-5 соатлик базм учун шунча исрофгарчилик. Дастурхонни гапирмаса ҳам бўлади. Тўйдан чиқиб дўконга кирдим. Қўлида боласи билан бир аёл сотувчига қарзга битта нон беринг, деб ялиниб ўтирибди. Сотувчиям, “Қарзингиз кўпайиб кетди. Мен бир кичик одам бўлсам, хафа бўлманг, опажон, бошқа қарзга нон беролмайман”, деди. Мана сизга ҳаёт! Кимдир бирпасда 67 миллионни ҳавога совуриб юборди, кимдир эса 650 сўмлик бўлка нонга зор бўлиб яшаяпти... – ҳайдовчи амаки куйиниб гапирар, асабийлашганидан пешонасидан дув-дув оқаётган терни дастрўмолчаси билан дам-бадам артиб қўярди...
   “Ўзингга яхши кўрган нарсангни бошқа одамлар учун ҳам раво кўргин! Оллоҳ Таоло қиёмат куни икки тоифа киши: қариндошлик алоқасини узувчи ва ёмон қўшнига назар қилмайди”, дейилади Байламий сўзларида.
   Муҳаммад с.а.в. айтадиларки: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз шубҳасиз Оллоҳ уни билгувчидир”. (Қуръони карим, Бақара сураси 215 оят).
   Бир инсонни биламан. Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Гуматак деган чекка қишлоқда истиқомат қилади. Кўп йиллар давомида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Бундан бир неча йиллар муқаддам қишлоқ болаларининг узоқ мактабга қатнаши, айниқса, қишда, совуқ қорларда лой кўчаларни кечиб бориши мушкуллигини кўриб ўз ҳисобидан мактаб қуришга киришибди. Аввалига қаердан пул топишни билмай боши қотибди. Кейин бор қўй-қўзисини сотиб пул тўплабди. Мактаб қурилиши бошланганидан сўнг атрофдагилар ҳам фарзандини яқин мактабда ўқиши мумкинлигидан қувониб, ушбу хайрли ишга бош қўшишибди. Қарабсизки, қисқа муддатда мактаб қурилиши ниҳоясига етказилибди. Давлатимиз томонидан мактабга компьютер жамланмасини совға қилинибди. У пайтда ҳали туман марказидаги мактабларда ҳам компьютер бўлмаган экан. Ҳар гал таҳририятга ўқувчиларнинг даста-даста шеърини кўтариб келадиган бу устоз “Бизнинг ўқувчиларимиз ҳам иқтидорли. Шеърлари чоп этилса руҳи кўтарилади, бундан-да яхши ўқишади”, дейди тўлқинланиб...
   У киши “Ҳар бир инсон ўзига “Эл-юртга нафим тегяптими? Бу оқар дарёдек ўтаётган ҳаётда ўз ўрнимни топдимми? Одамларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиб, оғирини енгил қила олдимми? Умрим поёнида ортга боқсам, қалбимга таскин берувчи бирон-бир хайрли ишим кўринадими? Ўтган умримга ачинмайманми? деб хаёлан кечмиш йилларига назар ташлаб туриши керак”, деди. Назаримда бу чорлов барчамизга қаратилгандек.
   “Яхши ишларнинг яна бир афзаллиги шундаки, у қалбни юксалтиради ва уни янада эзгу ишларга мойил қилади”, деган эди Жан Жак Руссо. Эрта тонгдан кўнғироқ бўлиб, “Сизга жўнатма бор”, дейишди. Бу ҳақида ҳеч ким огоҳлантирмагани учун ҳайрон бўлдим. Жўнатмани олгач шошиб очиб қарадим. Қалин қилиб тўқилган бежирим рўмол. Ичидаги хатда “Ўзингизни эҳтиёт қилинг, опажон! Менга ҳали кўп керак бўласиз! Укангиз Фарҳод”, деб ёзилган экан. Кўзларимга беихтиёр ёш келди. Оқибатингдан айланай, укажон, дедим. Совуқ кунларда елкамга ташлар эканман мени рўмол эмас, гўёки укам меҳрининг тафти иситаётгандек бўлаверади. Меҳр инсонга шунчалар хуш ёқувчи туйғу эканлигини ҳис этаман.
   Айрим жойларда ака-ука, опа-сингилларнинг келишмовчиликдан ҳаттоки вафот этган жигарини сўнгги манзилга-да кузатишга келмаётганини гувоҳи бўляпмиз. Бундай одамларга, “Худо хайрингни бергур, марҳумдан ҳам хафа бўласанми? Ҳеч бўлмаса шундай пайтда гина-кудратни унутгин”, дегинг келади.
   Яқинда бир дугонамнинг онаси саратон хасталигидан вафот этди. Қанчадан-қанча елиб-югуришлар, муолажалар ҳеч қандай натижа бермади. Таъзияга келган қўшниларидан бири, “Айланай, қўшни аёллар нега буларнинг овози чиқмайди, дейишяпти. Овоз чиқариб жонлироқ йиғланг. Ахир онангиз ўлди-я, онангиз”, деса бўладими. Оғир жудоликдан карахт бўлиб қолган, неки ташвиши бўлса ичида, дардини достон қилишни билмайдиган дугонам кутилмаган гапдан қотиб қолди. Дабдурустдан шундай чинқириб юбордики, бу овоз гўёки фаҳмсиз, дилозор одамларга қаратилган фарёддек туюлди менга. Энг қизиғи бу аёлларнинг ҳеч бири бемор қўшнисини кўргани бирор марта йўқлаб ҳам чиқмаган экан...
   Яхшилик тилда эмас, юракларда яшасин. Унинг нури ҳар бир ишимизда, амалимизда ўз аксини кўрсатсин. Қалбимизда меҳр-оқибатнинг куртаклари бўй кўтарсин. Бир шоир “Агарки дунёда яхшилик ва меҳр-муҳаббатнинг нурлари қанчалик кўп таралса, ёмонлик, фалокат ортга чекиниб, йўқолиб бораверади...”, деган экан.
   Шундай экан келинглар азизларим, ОҚИБАТ деворларини баланд қилиб кўтарайлик!
2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот