ОҚИБАТ УСТУНЛАРИ...
Ҳаётимизда шундай инсонлар борки, сўзи ҳам, амали ҳам бир хил. Улар атрофидаги барчага, ҳаттоки бегоналарга ҳам акадек, укадек, отадек меҳр-оқибат кўрсатиб, уларнинг яхши ёки ёмон кунида далда, тиргак бўла олади....
2012 йил 2 феврал! Раҳматли онамнинг вафотидан бир кун олдин Жаббор ака реанимация бўлимида кома ҳолатида ётган онамни кўргани келдилар. Ўша пайтда у кишининг айтган гаплари ҳали ҳамон ёдимда:
— Сайёра опа, Сиз ҳаётга қайтишингиз, яшашингиз, яшашингиз керак. Синовли кунлардан кейинги роҳатни ҳам кўришингиз керак. Ҳаётга қайтиш учун ўзингизда куч топинг, опа! Биз сиз билан доим биргамиз!..
️ Ўша совуқ ва оғир кунлардаги ҳолатлар, ҳар бир айтилган сўзлар мени юрагимга ёзилган...
️ Онамнинг вафотидан кейин ҳам хотирлаб, унинг фарзандларидан ҳол-аҳвол сўраётган, ўзининг яхшилиги ва самимияти билан далда бўлаётган Жаббор акадек инсонлар ҳозирги кунда жудаям ноёб. Бундай инсонларнинг ҳар бир юрак уришида меҳр ва оқибат яшайди. Шундай инсонлар борлиги учун ҳам бу дунё бутун! Шундай инсонлар борлиги учун ҳам қалбимиз нур нима эканлиги ҳис этяпти!
️ Мен охирги кунларда шунга амин бўлдим-ки, асл ҳаётим учун аҳамиятсиз, кераксиз бўлган ишлар билан банд бўлиб қолибман! Ўйи ҳам, фикри ҳам лойқа кимсаларга қимматли вақтимни сарфлабман. Аслида мен қадрлашим, ардоқлашим, суҳбатлашишим керак бўлган ҳақиқий инсонларни ёддан чиқариб қўйибман.
️ Жаббор ака! Жамиятимиз тоза нафас олиши ва келажагимиз ойдин бўлиши учун Сиз каби меҳр-оқибатли инсонлар жудаям керак. Керак бўлганда ҳам кўпроқ, жуда кўп керак. Мен ўша оғир кунимиздаги сўзларингизни ҳалиям унутганим йўқ. Шунинг учун ҳам онамнинг руҳи, овози ва қалами яшаши учун имконим борича ҳаракат қиляпман...
️ Сиз оиламизнинг ҳурмати ва эъзозидаги инсонсиз. Сиздан меҳр-оқибат, яхшилик қарзимиз бор! Илоҳим, қилаётган барча эзгуликларингиз умрингизга умр қўшсин! Хонадонингиз доимо қувончу шодликка тўлиб турсин!
Нилуфар ЖАББОРОВА – журналист, публицист, болалар ёзувчиси, шоира.