ИНТЕРНЕТ ФИРИБГАРЛАРИ ЁКИ ОНАМНИНГ КЎЗ НУРЛАРИ ҚАЙТИШИ...
Ҳаммаси синглимни уйига меҳмонга келган онамни кўргани борганимдан бошланди. Борсам, онам нимадандир безовта бўлиб ўтирибдилар. Қўлларида 1,5 миллион сўм пул бор. Шу пайт қўл телефонлари чақириб қолди. – Уйингни манзилини тушунтир, куръер мени доримни олиб келибди, – дедилар синглимга.
Синглим телефонни олиб, уй манзилини кимгадир тушунтирди.
– Қанақа дори, нимага дори оляпсиз? – сўрадим мен.
– Шу кўзимни ўткир бўлишига ёрдам берадиган дори экан, – дедилар онам.
(Онамнинг чап кўзлари охирги йилларда хира кўрадиган бўлиб қолганди. Неча марта операция қилиб қарайлик, десам, операциядан қўрққанлари сабаб, ҳеч кўнмасдилар.)
– Дорини қаердан оляпсиз? – сўрадим яна.
– Интернетдан буюртма қилдим, – дедилар онам.
– Дорини номи нима экан?
– Тауфон, – жавоб бердилар онам.
– Тауфон бир ярим миллион турар эканми? – ишонмай сўрадим яна.
– Ҳа.
Интернетга кириб излаб кўрсам, 153 рубль турар экан. (Ўзбекистондаги нархи 6,5 – 7 минг сўм атрофида.)
– Сизни алдашибди, пулларингизни олишмоқчи, – дедим жаҳлим чиқиб. – Қани, менга ўша куръерни рақамини беринг-чи.
Шу пайт онамнинг телефонлари яна чақириб қолди.
– Сиз нега 7 минг турадиган дорини 1,5 миллионга сотмоқчи бўляпсиз? – жаҳлим чиқиб савол бердим.
– Мен дорини сотмаяпман. Менга шу дорини Тошкентдан Бухорога етказиб беришимни айтишди. Дорини олиб келдим. Нима гапингиз бўлса, дорини буюртма қилган фирмага айтинг, – дедиди нотаниш эркак киши.
– Фирмангизнинг номи нима?
– Билмайман. Менга айтишди, дорини келтирдим.
– Биз дорини олмаймиз, ёлғончилар! Қайтиб бу рақамга телефон қилманглар.
Шундай деб телефонни ўчириб, ҳалиги куръерни рақамини «қора рўйхат»га тиқдим.
– Сиз нимага интернетдан дори буюртма қиласиз? Қани ўша фирма? Қаердан олдингиз? – сўрадим яна.
– Билмайман, фейсбукда ҳикоя ўқиб ўтирганимда реклама чиқиб қолди. Кўзим яхши кўрмаслиги учун буюртма қилгандим.
Қисқаси, қанча урунишимга қарамай, онам айтган ўша дори фирмасини фейсбукдан тополмадим. Ўтган йили сингилларимдан бири инсон танаси учун ҳар томонлама фойдали, соғликни тикловчи қандайдир дорини интернет орқали буюртма қилиб, 200 долларга олган, ҳеч кимдан сўрамай ичиб, ранги сарғайиб кетганди. Синглим анча пайт даволаниб, зўрга ўзига келганди. Онамга шуни эслатдим.
Ҳозир интернетда ёлғончилар, одамларни алдаб, фирибгарлик қилиб пулини шилаётганлар кўпайганини тушунтирдим.
– Унда мен нима қилай? Кўзим кундан-кунга хиралашиб кетяпти, – дедилар онам. – Шу дорини солсам, кўзим яхши кўрадими, дедим-да.
– Мен сизни ҳозироқ «Шифо нур»га олиб бораман. Кўзингизни текширтирамиз. Кейин шифокорлар нима дейишса, шуни қиламиз, – дедим.
Онам билан Бухоро шаҳридаги «Шифо нур» клиникасига бордик. Кўзларини текширган шифокор аёл операция қилмаса бўлмаса, катаракта натижасида кўзлари икки-уч ойдан кейин бутунлай кўрмай қолиши мумкинлигини айтди.
– Операция фойда берармикан? Қўшниларимиздан иккитаси айнан шу операцияни қилдиришди. Аммо ўзгариш бўлмаган, – дедилар онам.
– Холажон, сиз яхшилаб ўйлаб кўринг. Ҳамманинг организми ҳар хил. Кўзингиз очилишига ишонсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, – жавоб берди шифокор аёл. – Агар операция қилдирмоқчи бўлсангиз жума куни Тошкентдан шифокор келади ва сиз каби кўплаб беморларни операция қилади.
Операцияга онамни бир илож қилиб кўндирдиму, ўзим «бирор натижа бўлмаса, кўзларининг кўриши тикланмаса, нима қиламан?» деб ўйладим. Охири Яратганга таваккал қилиб, операцияга бордик. Унгача кўз операциясини қилдирган икки-учта танишлар билан гаплашдим. Бахшанда номли дугонам операциядан олдин кўзга укол қилинишини айтганида, тўғриси, бироз қўрқдим.
Операция куни онам билан бирга бордик. Албатта, унгача операция учун айтилган маблағни тўладик, онам керакли таҳлилларни топширдилар. Жума кунига операция белгиланди. Операцияни корейс шифокор ПАК амалга оширди. Энг қизиғи, у ўзбек тилида бемалол гаплашар экан. Онамни ичкарига олиб кириб кетишди, мен эса юрак ҳовучлаб ўтирибман. Билган сураларимни айтиб, Аллоҳдан мадад ва онамга шифо тилаб ўтирдим.
Онам операциядан тез чиқдилар. Менимча, ўн минутлар ичкарида бўлдилар. Уларни тоза палатага ётқизиб қўйишган экан. Ёнларига киришим билан йиғлаб юбордилар.
– Нимага йиғлаяпсиз, сизга мумкин эмас... Илтимос, онажон, йиғламанг. Ё кўзингиз оғрияптими? – деб сўрадим.
– Ҳеч нарсани сезмадим. Оғриқни ҳам, операция қандай ўтганини ҳам билмайман. Сенга раҳмат, болам. Илоҳим, болаларингни ҳузурини кўр. Сен қўймадинг, бўлмаса ўзим ҳеч қачон юрак ютиб келолмасдим, – дедилар онам.
Онамни ўғлим билан бирга уйга олиб келдик. Кўзларига томизилиши керак бўлган дорилар ичида Тауфон ҳам бор экан. 😄 Айтилган схема бўйича кўзларига дориларни томизиб, жойларидан туришга қўймай ўзим назорат қилиб қараб турдим. Операциядан кейинги кунда кўзларига қўйилган дока четидан кўзлари яхши кўраётганини, аввалгидек рангларни ажратаётганларини айтдилар.
– Ҳамма нарсани аниқ кўряпман, ҳатто кўйлагингни гулигача, – дедилар онам. – Ҳаммаси тиниқ. Жуда хурсандман. Худога шукур. Аввал ҳамма нарсани туманнинг ичидаги каби кўрардим...
Кўзларидаги докани олдиргандан кейин қувончларини кўрсангиз... Дунёларга сиғмай кетдилар. Шифокорлар ҳам натижадан хурсанд бўлишди.
Кеча онамни шифокорлар кўригига олиб борсам, энди ўнг кўзларини ҳам операция қилиб, аввалгидек кўз нурлари қайтишини хоҳлаётганларини айтдилар. Маслаҳатлашиб, сал кейинроқ қилинадиган бўлдик.
Қисқаси, ҳаммаси хайрли бўлганидан, онамнинг чап кўзлари аввалгидек кўра бошлаганидан хурсандман. Ҳожи онажонимнинг умрлари илоҳим узоқ бўлсин.
Яна қўшимча қилиб шуни айтмоқчиман: интернет фирибгарларидан эҳтиёт бўлишингизни истайман, дўстларим. Уларнинг содда одамларнинг ишончига кириб, кишиларни алдашини, фирибгарлар сабаб соғлигига зарар етишини истамайман. Бу ёзганларимдан асосий мақсадим ҳам аслида шу! Эътиборингиз учун раҳмат.
Моҳигул НАЗАРОВА